(Давоми. Бошланиши 14-, 16-, 18– ва 19-сонларда).

Абу Рашод 1073 йилда Ахсикентда таваллуд топди, шу жойда мадраса сабоғини олди. Биринчи устози мударрис Абул Қосим Маҳмуд Муҳаммад ас-Сўфий Ахсикатийдир. У XI асрнинг кўзга кўринган олиму уламоси, адабиёт ва тарих илмининг зуккоси эди. Шогирди замонасининг илғор ёшлари тоифаси танлайдиган йўлдан борди. Яъни Марвга талпинди. Улуғ устозларнинг қўлидан тутди. У шоир, котиб, тилшунос ва мозийшунос бўлиб етишди. Ўрта аср ёднома қомусларида Абу Рашод Ахсикатий сер­қирра ижодкор, ёрқин истеъдод соҳиби сифатида қайд этилиши шундан.

Султон девонида муншийлик вазифасида ишлаб, оиласи тирикчилигини изга солган бўлса-да, у илмий ва бадиий ижод билан мунтазам шуғулланади. "Китоб фи қавлиҳин" – "Сўзлар ҳақида китоб", "Китоб фит-тарих" – "Тарих китоби" ва Абдулло ал-Мааррий (979-1058)нинг "Сақт уз-занда" – "Чақмоқ тош учқунлари" асарига ёзган шарҳи "Китоб ўз -завоид" – "Қўшимчалар китоби" маълум ва машҳур.

Абу Рашод Ахсикатий форсий тилда девон тартибга келтирган. Шоир сифатидаги обрў-эътибори ҳам олим сифатидаги даражасидан асло кам эмасди. Бежизга "Зулфазоил", яъни "Фазилатлар соҳиби" дея аташмаган. Замондошлари унинг ижод қобилиятига, билим салоҳиятига тан беришган. "Ал-Ахсикатий (Абу Рашод – С.С.) адиб ва фозил, луғат ва наҳв илмида жуда моҳир, назм ва насрда пешқадам эди. У қадимги ўтган фозиллар билан мушоира қилишган улуғ шоирлар қаторига киради, – деб эътироф этади ўз устози ҳақида араб шоири Ас-Самоний... – Хуросоннинг кўпчилик фозиллари адабиётни ал-Ахсикатийдан ўрганганлар, унга шогирд тушганлар".

Юксак салоҳиятли тилшунос олим лексика ва синтаксис илмини пухта эгаллаганди. Фозил шоирлик мартабасига эришиб, ўз қўли билан шеърларидан "Девон" тартиблаган эди. У ҳеч бир ижодкорнинг ёзганларига бефарқ қарамагани янада диққатга сазовор. Таҳлил ва талқин бобида пешқадамлик даражасига етган. Чунончи, замондоши шоир Абу Алонинг битикларига ҳам бефарқ бўлмаган.

"Мўъжам ал-удабо"да Ёқут Ҳамавий икки шоирнинг иккитадан байти (Абу Алонинг айтгани ва унга Абу Рашоднинг жавоб тариқасидаги битиги) ни шарҳлаган.

Абу Рашод Ахсикатда ас-Сўфийдан сабоқ олган бўлса, Марвда Абу Музаффар ас-Самоний таълимидан баҳраманд бўлади. Ўз навбатида устозининг набираси, шоир ас-Самонийни шогирдлари қаторига қўшиб, унга катта меҳр кўрсатади, адабий билимларини такомиллаштиришга кўмаклашади. Шу боис, шогирдининг китобларида кейинчалик мануният билан ёдланади. "Мен ал-Ахсикатийдан Абу Саъд ал-Сажазийнинг "Китоб ал-одоб ва-л-мавоиз" ("Адабиёт ва тарбия китоби" – С.С.) номли асарини ўргандим. Бундан хулоса ясаш мумкинки, Ахсикатийнинг Мовароуннаҳрдан Хуросонга бориши ўлкада адабиёт илмини кенг тарқалишига, ривожига туртки берган. Кўринадики,Ахсикатийнинг ўзига хос мактабидан неча-неча қаламкашлар таълим олганликлари учун унинг устозлик мартабасиям бағоят юқорилаган экан.

Абу Рашоднинг оиласи, яъни ота-оналари ўз даврининг илм-маърифатли кишилари бўлганлигига шубҳа қолдирмайдиган яна бир ҳол унинг укаси Абу Вафо Муҳаммад ибн ал-Қосим Ахсикатий акасидек адибу олим камолатига эришган эди. Ҳар икки фарзанднинг камоли даставвал оиласида таълим-тарбиясига пухта пойдевор қўйилганидан эмасми!..

Тарихий китобларда қайд қилинишича, Абу Рашод ал-Ахсикатий 1134 йилнинг 10 апрелида – пайшанба куни Марвда тўсатдан ёруғ дунёдан кўз юмган.

Абу Вафо эса акаси Абу Рашод билан Марвга бориб яшаган. У 50 ёш атрофида (1126 йили) вафот этган. Бу ҳақда Ёқут Ҳамавийнинг "Мўъжам ул-булдон" ва "Иршод ул-арибил маърифат ил адиб" асарларида маълумотлар бор.

Мўғул босқинчилиги қирғинларида кўҳна маданият ва илму маърифат ўчоғи, улуғ ижодкорлар гўшаси бўлган Ахсикент харобага айлантирилгач (1219-1220), камдан кам одамларгина жон сақлаб қолиша олган, холос. Ана ўшалардан бири машҳур шоир Сайфиддин Муҳаммад Фарғонийнинг оиласи эди. Давр талотўплари уни таваллуд топган юртини ташлаб, олис юртларда яшаш қисматига дучор этган. Дастлаб Табризда (1262-1284 йиллар) умргузаронлик қилади. Сўнгра Оқарсойга кўчиб ўтади. Туркия тупроғида мангуликка кўз юмади. У соҳиби девон тоифасидаги аллома ижодкорлар сафида довруқ қозонганди. Назмда фаол бўлганлигини 5 минг 250 байтли девони тасдиқлайди. Бу, 10 минг 500 мисра шеърий асарлар, дегани. Ҳозирда Туркия кутубхоналарида замонасининг моҳир хаттотлари томонидан қоғозларга муҳрланган девоннинг уч нусхаси сақланади.

Профессор Ҳамиджон Ҳомидий ёзганларидек: "Ана шу қўлёзмаларни чоп этган турк олими" Аҳмад Оташ, Эрон адабиётшуноси Забеҳулло Сафо ва шу нашрлар асосида тадқиқот олиб борган тожик олими Ансор Афсаҳовларнинг аниқлашларича, Сайфиддин XIII асрнинг 20-йилларида, мўғуллар ватанини талаётган бир пайт­да дунёга келган. Бу ҳақда шоирнинг ғазал ва қасидаларида ҳам ишора бор. Сайфиддин Самарқанд ва Бухоро мадрасаларида таълим олган, деб тахмин қилиш мумкин. У баъзи шеърларида "мадрасага бориб, илм ўрганишга ружу қилгани, ғоятда муҳтожликда кун кечиргани тўғрисида шикоят қилади".

Мўғуллар истибдоди авжига чиққач, ўз ватанини тарк этишдан бошқа иложи қолмайди. Табриз ҳокими саройидан бошпана топади. Шу шаҳарда шоир ижоди барқ уради. Тузилажак девонининг катта қисмини ташкил қилган асарларини битади.

Девонига 573 та ғазал, 160 та қасида, 4 та қитъа, 23 та рубоий жамланган. Улар билан танишган тадқиқотчиларнинг айтишларича: шоир ўз ғазалларида дўсти ва замондоши бўлмиш Шайх Саъдийга ҳамфикру ҳаммаслак эди. Табризда яшаганида Саъдий ҳақида хабар эшитиб, унга бир неча шеърий мактублар юборади, алоқа боғлайди. Ана шу мактублардан тўрттаси бизгача етиб келган. Шунингдек, Саноий ва Атторга ҳамоҳанг асарлар ёзган. "Шоир ғазалларида инсоний ишқ-муҳаббат тараннум этилади, -дейди шеърлари билан танишган наманганлик шоир ва драматург Абдулла Жаббор, -улар кишини ҳаяжонга солади, қалбини жунбушга келтиради. Ошиқона тарзда ижод этилган ғазалларда илоҳий ишқ ҳам асосий ўринда туради...".

Албатта, шоир ўз даврининг фарзанди. Шундай экан, атрофидаги ҳаётга, халқ турмушига бефарқ қараб тура олмайди. Сайфиддин Муҳаммад гарчи мусофир бўлса-да, журъатсизлик қилмади. Асарларида мўғул босқинчиларини қоралади. Ўша давр ҳукмдорларидан бўлмиш Ғазонхонга атаб учта қасида битади. Уларда носоз замонадан зорланиш мотивлари ифодаланган. Мўғул истибдодининг халқ бошига солган кулфату фожиалари тасвири аниқ ва лўнда берилган. Қасида Ғазонхонга бағишланса-да, Чингизхон босқини чоғидаги Марказий Осиё тупроғида яшовчи халқларнинг аянчли ҳаёти кўз ўнгингизга келаверади. Шоир истилочилар давлат бошқарувини маҳаллий сотқин амалдор кимсалар қўлига топширсаларда, улар ўз халқига асло дўст эмаслигини, адолатсизлик, зулм ва зўрлик кучайгандан-кучаяётганини афсус-надоматлар билан тилга олади:

Мардуми беақлу дин гирифта вилоят,

Ҳоли бара чун бувад, чу гург шубон буд.

Бингару имрўз бин, ки аз они киёнаст,

Мулк, ки дию парер аз они Каён буд.

Мулки шаётин шуда аз зулми таадди,

Он чи ба мерос аз они одамиён буд.

Адабиётшунос олим Ҳамиджон Ҳомидий ўзбекча мазмунини қуйидагича шарҳлаганлар: Вилоятни ақлу динсиз кишилар эгаллади, бўри чўпон бўлгач, қўйнинг аҳволи нима кечади. Ўтган кунлар Каёнийлар мулки бўлган юрт бугун кимларнинг қўлида қолганини кўр. Инсонлардан қолган барча мерос зулм-зўрликдан шайтонлар мулкига айланди.

Сайфиддин Фарғоний етук шоир бўлганини унинг юксак бадиий ифодаларга бой шеърияти ёрқин исботлаб турибди. Ўхшатишлар шундай топилганки, ҳукмдор кимсаларнинг феъл-атвори, кирдикори йиртқич ҳайвонларга нисбат бериш орқали фош этиляпти. Бу биргина мисол эмас. Яна бир байтида ўша замондаги юртнинг аҳволи фожиа тарзида яққол кўрсатилади:

Чу баста зери пои пил мулке,

Ба дасти ин овонон уфтода.

(Лаънатилар қўлига тушган юрт – филнинг оёғи остига тушган мулкка ўхшайди)".Сиёсий тузумдан норозилик кайфиятини кўпроқ қасидаларига синг­дириб юборди. Замонасидаги ижтимоий тузум нуқсонларини, амир, вазир, ҳоким ва бошқа сарой аъёнларининг адолатсизлигини фош этди.

У ҳеч қачон тушкунликка тушмади. Ғазал ва қасидаларида ватан ва унинг фарзандларини, яъни инсонларни улуғлади. Яхши фазилатлар соҳибларини мадҳ этди. Ўзгаларга меҳр-мурувватли бўлиш, саховат кўрсатиш савобмандликка етказишини таъсирчан сатрларида ифодалаб берди. Ҳукмдорларни эса юрт ободлиги, халқ фаровонлигини кўзлаб, тадбиркорлик билан адолатли иш юритишга чақирди. Шоир қаламини муқаддас билди. Амалдор табақалар шаънига хушомадгўйлик билан мақтовлар битишни асло истамади. Шунга қарамай, Сайфиддин Муҳаммад Фарғонийнинг шайхлар шайхи унвонига сазоворлигиниям эътиборга олсак, ижодда ҳам, ҳаётда ҳам юқори мартабага эришганлигини янада чуқурроқ ҳис этамиз. Сайфиддин Муҳаммад тахминан 1308-1310 йилларда вафот этган.

"Афсуски, бу ватандошимизнинг шеърлари ҳанузгача ўзбек тилига таржима қилинмаган, -дея таъкидлайди Ҳ. Ҳомидий. – Ваҳоланки, Сайфи Фарғоний асарлари XIII асрнинг охири ва XIV аср бошлари Ўрта Осиё халқлари адабиётидаги ижтимоий-сиёсий руҳнинг тараққиётида муҳим ўрин тутади. У халқнинг куч-қудратига ишонган, уни эъзозлаган санъаткордир".

Албатта, ҳамюртимиз ҳаёти ва ижодини ўрганиш борасида тарихчи ва адабиётшунос олимлардан Б. Аҳмедов, Ҳ. Ҳомидий, У. Каримов ва А. Афсаҳовларнинг хизматлари диққатга сазовор. Чунончи, Ҳамиджон Ҳомидийнинг "Кўҳна шарқ дарғалари" (2004) китобларига киритилган шоирнинг ўз битиклари маъносидан келиб чиқиб "Мазлумлар кўз ёши – оташ..." дея қўйилган сарлавҳа остидаги бадиий-илмий лавҳаси бугунги авлод учун анчагина маълумотлар беради. Биз ҳам ундан керакли ўринларда фойдаландик. Кўнглимизда домлага беихтиёр миннатдорчилик ҳислари уйғонди.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).