Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этиш юзасидан вазифалар белгиланиб, 25 октябрдан 1 декабргача кузги дарахт экиш акцияси эълон қилинди.
Дарахт, у хоҳ мевали, хоҳ манзарали бўлсин, улуғ неъмат, буюк мўъжиза, беназир экотизимдир. Қайсинисидир ширин-шакар ҳосили, бошқаси эса соя-салқини ва гўзаллиги билан баҳраманд этади. Аммо ҳаммаси учун бир илоҳий хислат хос. У ҳам бўлса, жамики жонзотларнинг тириклик манбаи – кислород ишлаб чиқаришдир. Ҳа, дарахтларсиз сайёра чўлга айланади, ҳаёт қурийди.
Тадқиқотлар натижасига кўра, одам 24 соат ичида 5-6 кило кислород ютади. Бир кунлик эҳтиёжимизни қондириш учун зарур бўлган ана шу соф ҳавони 22 туп балоғатга етган дарахт етказиб беради. Уларнинг ҳар бири ҳаёти давомида ўртача бир тонна атрофида карбонат ангидрид газини ютиб, йилига 120 килограмм кислород ажратади. Қурилишбоплари уй, ўтинбоплари ёқилғи бўлиб хизмат қилади.
Ер атмосферасида миллионлаб тонна зарарли газлар тобора кўпайиб бораётган экан, юзага келаётган даҳшатли экологик хавфдан инсониятни дарахтлар, яшил маконларгина қутқариши мумкин. Нафақат одам, балки тупроқ намлигини сақлаб, эрозиянинг олдини олувчи ҳам ана шу бебаҳо яшилликлардир. Транспортлар, катта-кичик корхоналардан чиқувчи шовқинларни ютувчи ҳам шулар. Жазирама кунларда жон сақлайдиганимиз, парранда ва майда жонзотларнинг "уйи" ҳам шулар.
Дарахт ва наботот оламининг ҳаётбахш неъматлари ҳақида ўйлар экансиз, уларни асраш, кўпайтириш ва меҳр билан парваришлаш мақсадида мамлакатимизда жорий этилган "Яшил макон" лойиҳаси замирида беқиёс табиатпарварлик, инсонпарварлик, келгуси авлодлар фаровонлигини таъминлашдек ғоялар мужассамлигини англайсиз, ҳис этасиз. Умумиллий лойиҳа бўйича икки йил ичида 1 минг 200 гектардан ортиқ яшил боғ ва жамоат парклари, 1 миллион гектардан зиёд яшил ҳудуд ва қопламалар барпо этилди. Кузги мавсумда эса 85 миллион туп кўчат экилиши мўлжалланган.
Бу хайрли ишга, вилоятимиз аҳли қатори, соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари жамоалари ҳам уюшқоқлик билан киришмоқдалар. Кўчатчилик мутахассислари, омилкор боғбонлар тавсияларини инобатга олган ҳолда, энг мақбул ерларга 2760 туп мевали, 5760 туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилади. 18 минг донадан ортиқ декоратив буталар ўстирилади. 54 минг 600 га яқин бир неча навли дарахтларнинг қаламчалари ерга қадалади. Айни пайтда уларни агротехника қоидалари асосида парваришлашга масъуллар биркитилган.
Муҳаммаджон ОБИЛОВ,
"Шифокор ва ҳаёт" газетаси мухбири.