Бугун дунё миқёсида юзага келган экологик муаммолар, иқлим ўзгаришлари жаҳон аҳлини ташвишга солаётган глобал масалага айланди. Ўзбекистонда экологик барқарорликни таъминлаш, табиий муҳитни сақлаб қолиш чоралари кўрилмоқда. Табиий ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш, атроф-муҳитни асраб-авайлашга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш, унга кўра йилига миллион-миллион туп дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган. Жорий йилнинг 11 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган туризм ва маданият масканлари имкониятини тўлиқ ишга солиш ва "Яшил макон" лойиҳасининг кузги мавсумини ташкил этишга бағишланган йиғилишда кузги кўчат экиш мавсуми эълон қилинди.

Бу хайрли ишда барча ташкилот, муассаса ва корхоналар жамоалари, ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши муқаддас бурчдир. Зеро, тириклик манбаи кислородни ишлаб чиқарувчи, табиат мусаффолиги ва гўзаллигининг бош омили бўлган дарахт ва буталар экишга муносиб ҳисса қўшиш билан бугунги ва эртанги ҳаётимиз фаровонлиги, келгуси авлодлар баркамоллигини таъминлаган бўламиз.

Ана шу мақсад юзасидан ўз таклифларимни ҳам билдирмоқчиман. Соҳага оид янги қонун лойиҳалари яратиш, мавжудларини такомиллаштириш, назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш зарур деб биламан.

Шунингдек, узлуксиз экологик таълим концепциясини ишлаб чиқиш, жамоатчи эконазоратчилар тизимини ривожлантириш, аҳоли экологик маданиятини шакллантириш шарт. Атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатувчи объектларни ва сув тозалаш иншоотларини инвентаризациядан ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилиши даркор.

Умид ХЎЖАМБЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Экология партияси Мингбулоқ

тумани ташкилоти раиси.