(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).

Самарқанд музейи ашёлари 1876 йилда Москвадаги кўргазмада, 1878 йилда Тошкентдаги кўргазмаларда намойиш этилди. 1882-1883 йилларда Самарқанд музе­йининг жамғармаси ҳам Тошкент музейига олиб кетилди.

Шундан кейин ҳам округ канцеляриясида қолган баъзи археологик ашёлар асосида музей коллекцияси бойишда давом этди. 1894 йилда Самарқандда ўтказилган кўргазмада Самарқанд музейи ашёлари қатнашганлиги бунинг далилидир.

1911 йилда музей учун алоҳида бино қурилди (ҳозирги Абу Райҳон Беруний номидаги ёшлар кутубхонаси биноси) ва музей шу бинога кўчиб ўтди.1933 йилда музей коллекциясининг бир қисми Регистон ансам­блидаги Улуғбек мадрасаси ичига кўчирилди.

1939 йилда савдогар Аврам Калонтаровнинг уйи (ҳозирги вилоят ўлкашунослик музейи биноси) музей учун фойдаланишга топширилди ва музей шу жойда фаолият бошлади.1979 йилда Регистон майдонининг шарқий томонида Самарқанд музейи учун янги бино қуриб битказилди ва ушбу бинода 2009 йилгача Самар­қанд музейи фаолият олиб борди.

1982 йилда унинг негизида Самарқанд давлат бирлашган тарихий-меъморчилик ва санъат музей-қўриқхонаси ташкил этилди ва вилоятдаги барча ёдгорликлар ҳамда музейлар ушбу тузилма таркибига киритилди.

2009 йилдан Самар­қанд музейи Самарқанд шаҳридаги Мирзо Улуғбек кўчаси 148-уйда фаолиятини олиб боришни бошлади.

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси (Бухоро музейи (1922-1947); Бухоро ўлкани ўрганиш музейи (1947-1983); Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси (1983-2017) – Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятидаги кўплаб музейларни ва бир неча тарихий ёдгорликларни бирлаштириб турувчи давлат илмий, маърифий-маданий муассасаси. Асосий фаолияти тарихий ашёларни сақлаш, реставрация ва консервация қилиш, ўрганиш, тарғиб қилиш ҳамда келгуси авлодга етказишдан иборат.

Бухорода дастлабки музей 1922 йилда ташкил топган. Бухорода музей очиш ва музей учун мос бино танлаш масаласи 1920 йилдан бошлаб олимлар ўртасида муҳокамада бўлади. Музей биноси учун Бухоро амирларинининг ёзги саройи, Арк қалъаси, Рус-Осиё банки биноси, Театр биноси кабилар танланади. Қори Йўлдош Пўлатов ва бошқа зиёлиларнинг фаол ҳаракатлари натижасида 1922 йил 8 ноябр­да олдинги Рус-Хитой (Рус-Осиё) банки биносида ташкил қилинади. Аммо молиявий муаммолар сабаб музей ўз фаолиятини кейинги йилларда тўхтатишига тўғри келади. Мусо Саиджонов раҳбарлигида 1927 йилда Кўкалдош мадрасасининг ички ҳовлисида музей учун европача услубда янги бино қурилади. Шу даврдан бошлаб музей ўз фаолиятини тўхтатмади.

Бухоро давлат музей-қўриқхонаси бош биноси Бухоро ҳукмдорларининг қароргоҳи Арк қалъасида жойлашган.

Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси – Хива шаҳридаги музей-қўриқхона; Хоразмнинг қадимий моддий ва маданий ёдгорликларини, авлоддан авлодга ўтиб келаётган ўзига хос анъаналарини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланадиган маданий-маърифий муассаса. 1920 йил Кўҳна Арк (Арзхона)да кўргазма музей тарзида очилган; 1924 йил Тошҳовлига кўчирилган. 1969 йилдан Хоразм тарихий инқилобий музейи "Ичан қалъа" музей-қўриқхонаси билан бирлаштирилиб, ҳозирги номи билан аталади. 1990 йилда Ичан қалъа ўзининг тарихий аҳамиятга эга майдонлари (Дишан қалъа девори харобаларига қадар бўлган ҳудуди) билан Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарори ижроси юзасидан, шунингдек, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларидаги моддий маданий мерос обектларини муҳофаза қилиш, уларнинг атрофидаги тарихий муҳит билан бирга асраш ва улардан оқилона фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида тегишлича "Сармишсой", "Шаҳрисабз", "Термиз" ва "Қўқон" давлат музей-қўриқхоналари ташкил этилди. Хусусан:

Ўзбекистон ҳудудида ташкил этилган ушбу еттита музей-қўриқхона фаолияти ва уларнинг таркибидаги ҳар бир музей, ундаги экспонатлар тарихи ҳақида жуда ҳам кўп сўз юритиш мумкин. Чунки уларнинг тарихи бир неча юз йилларга бориб тақалади. Тарихни ўрганишда музейлар бизга энг катта ёрдамчи воситалар десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Негаки музей ашёларининг ҳар бирида маълум бир даврнинг урф-одатлари, анъаналари, турмуш тарзи, ўша давр одамларининг диний эътиқодлари, илмий ютуқлари намоён бўлади.Бундай буюмларнинг музей-қўриқхоналарда сақланиши эса айни муддаодир. Негаки у ерда ашёлар давлат муҳофазасига олинган ва ҳар қандай хавфдан холи ҳудудда ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, музей-қўриқхоналар тарихни, ўзлигимизни сақлашда улкан аҳамиятга эга бўлаётган махсус даргоҳлардир. Йилдан йилга музей-қўриқхоналар фаолиятини такомиллаштириб, уларни янада бойитиш чора-тадбирларини амалга ошириб бораётган юртимизда бундан кейин ҳам музейлар соҳасида улкан режалар амалга оширилишига ҳеч шубҳамиз йўқ. Музейшунослик ва туризм соҳалари юртимиз равнақида алоҳида ўринга эга ва Ўзбекистон иқтисодиётининг ажралмас қисми бўлиб бораверади.

Озода САЛОЕВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти

санъатшунослик ва музейшунослик факультети 4-курс талабаси.