(Давоми. Бошланиши 14-, 16– ва 18-сонларда).

Агар биз Биринчи Ренессанс даври хусусида фикр юритсак, Ахсикентнинг энг гуллаб-яшнаган пайти ҳам худди шу ўрта асрларга тўғри келганини инкор этолмаймиз. Чунки, ҳали кам ўрганилган давлатчилигимиз тарихининг ғурурланиб тилга олсак арзийдиган жиҳатлари бир талай бўлиб, бунинг Ахсикентгаям бевосита тааллуқли томонлариям бор. Зукко мозийшуносларимиз шу ҳақда нималар дейишади? Саволга Махпират номидаги Ўрта Осиё халқлари тарихи институти, Турон фанлар академияси, "Умрбоқий мерос" Ўзбекистон Маданияти ва санъати тарғибот марказининг 2023 йил 29 майдаги "Турон ахборот-кутубхона маркази"да ўтказган халқаро илмий-амалий конференцияси материалларидан бир мунча жавоб топганимизни мамнуният билан таъкидлаб ўтишга бурчлимиз. Анжуман мавзуси "Абдулкарим Сотуқ Буғрохоннинг туркий халқлар ўртасида давлатчиликни ташкил этишдаги ўрни ва тарихий аҳамияти"га бағишланди. Онлайн тарзда ташкилланган халқаро анжуманда тарих фанлари доктори, профессор Ҳайдарбек Бобобеков даставвал қу­йидагиларни бежиз таъкидламади: "Маълумки Туркий дунё ўз тарихи давомида ўнлаб салтанатлар қуриб, инсоният тамаддуни ривожига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшганлигини башарият олимлари эътироф этганлар. Она заминимиз Туркистон ўз бағридан минглаб олимлар, фозил уламолар, лашкарбошию, даҳо сиёсатдонларни етиштириб чиқарган".

Албатта, ҳозиргача уларни етарли даражада ўрганиш имкониятига эга бўлмаганимиз учун шунчаки ҳукмронлик даври саналарини тилга олиб ўтиш билангина кифояланганмиз. Масалан, Самонийлар ва Қорахонийлар замони бўйича ҳар қанча ўрганишга арзирли манбаларни излаб, қўлга киритиш мумкин. Инчунин, улар салтанати тасарруфидаги қатор кентларда, айниқса, аввал пойтахт мақомида бўлган Ахси­кент­да ҳам маънавий-маърифий юксалишлар бардавом бўлганини тасдиқловчи буюк сиймолар тарихда ўчмас из ва ном қолдиришди. Мозийшунос профессор Раҳмонали Ҳасанов ёзганидек: "X аср охирида Қорахонийлар ҳукмдори Абдулкарим Сотуқ Буғрохон ва унинг набираси Ҳорун ибн Мусо ибн Сотуқ бошчилигида Мовароуннаҳрга юриш қилиб, 922 йилда Шош, Фарғона ва бошқа туркий қабилалар яшаган вилоятлар қўшинлари билан бирга Бухорони эгаллаган, 996-999 йиллардаги иккинчи юришда Самонийлар давлатига барҳам берилиб, Қорахоний Наср I Мовароуннаҳрни эгаллаган... Бу давлат то 1212 йилгача бошқа бир туркий давлат ҳукм­дори Муҳаммад Хоразмшоҳ томонидан бутунлай тугатилмагунча Мовароуннаҳрни бошқариб турди".

Бизга аёнки, қайси хукмдор элнинг донишманд қавмига эътибор билан қараса, улар илгари сурган инсонпарварлик ғояларини давлат бошқаруви тутумларига сингдирса, ўша юрт халқида ҳам иқтисодий, ҳам маънавий кўтарилиш юз беради. Минг шукурки, Қорахоний ҳукмдорларга ҳам хос бу ҳолатни тасдиқловчи бир неча ёзма манба-ёдгорликларга эгамиз. Булар Маҳмуд Қошғарийнинг "Девони луғатит турк", Юсуф Хос Хожибнинг "Қутадғу билиг", Аҳмад Югнакийнинг "Ҳиббат ул-ҳақойиқ", Кайковуснинг "Қобуснома" асарларидир.

Юқоридагилар ичида Юсуф Хос Хожибнинг асари алоҳида диққатга сазовор. "Қу­тадғу билиг" – яъни, "Саодатга бошловчи илм" асари 6500 байт – 13.000 мисрадан иборат бўлиб, қорахонийлар хукмдори Тавғачхонга туҳфа этилган. Асар хоннинг кўнглига ўтиргач, маъқулу манзур битиглар муаллифи Юсуфга Хос Хожиблик лавозими лойиқ топилади. Кошғарда 1065 йилда битилган китоб, давлат пойтахти Ўзгандда ўтирган хон саройидагина қолиб кетмади. Юқори Чиндан тортиб Каспийгача бўлган кенг майдонни ўз тасарруфига олган буюк давлат сарҳадларидан ташқарига ҳам ёйилгани унинг байтларида ҳукмдорлар одоби, амирлар зийнати, илмлилар саодати жамулжамлигида эди, десак асло хато қилмаймиз.

Ҳозирда қадимий саодатноманинг учта қўлёзмасининг уйғур ёзувидагиси Венадаги, араб ёзувидагисидан бири Қоҳирадаги, иккинчиси Тошкентдаги кутубхона ҳамда шарқ­шунослик институтида сақланади. Тош­кент­дагиси Намангандан Муҳаммад Ҳожи Эшон Лоларешнинг шахсий қўлёзма китоб­лар бисотидан топилган. Демак, Намангандаги ватандошлар қўлида атиги битта нусхасининг учраши, орадан қарийб саккиз асрдан сўнг нодир ёдгорлик сифатида маънавий меросимиз қаторидан жой олиши ҳеч шубҳасиз Ахсикентга ҳам дахлдорлигидан нишонадир. Бу, наинки ҳукмдорлар саро­йида, айни маҳалда илму-фан ва адабиётга муҳиб инсонларнинг хонадонларида ҳам қўлма-қўл ўқилганидан қувончли мужда эмасми?! Ахсикатий нисбаси билан Шарқ оламига донгу довруғи кетган улуғ алломаларгача мазкур ноёб пандномадан бохабар бўлишгани ҳақиқатга яқинроқдир.

Ахсикент ва Ўзгант доимо бир-бири билан ҳам иқтисодий, ҳам маънавий-маърифий алоқада бўлган водийдаги пойтахт шаҳарлар эди-ку, бири собиқ, бир янгиси. Шунинг ўзиёқ уйғониш давр уйғоқ инсонларининг устозу шогирдлик мақомида яшашганидан далолат бермайдими?!

Шоирнинг ўзи шарҳлаганидай, бу ки­тобга:

Бошдан – охиригача донолар сўзи,

Гўёки тизилган маржондек ўзи.

– дея мурожаат қилишимиз фойдадан холи эмас. Шунингдек, баъзи муаллифи номаълум асарлар ҳам бор. Жумладан, форс-тожик тилида битилган "Ҳудуд ул оламин машриқ илал мағриб" – "Шарқдан Ғарбгача олам чегаралари" асаридан қимматли маълумотлар топишимиз мумкин.

Энди улардан Ёқуб Ҳамавийнинг "Мўъжам ал-удабо" – "Адиблар луғати" асарига назар ташлайлик: "Ахсикатда тил ва тарихда пешқадам ҳисобланган ва 1226 йили Марв­да вафот этган Абу Вафо Муҳаммад ибн ал-Ахсикатий, унинг укаси шоир ва адиб Абу Рашод Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Қосим Ахсикатий етишиб чиққан". (1 жилд, 150-бет).

Юқоридаги икки аллома аждодимиз номлари нима хизматлари учун тарихий китобларда муҳрланиб қолишган? – деган қизиқиш ортидаги саволга ойдинлик киритишга ҳаракат қиламиз: Абул Вафо Ахсикатий XI асрда туғилган . Таваллуд гўшанинг маънавий-маърифий муҳити унинг баркамол инсон бўлиб етишишида муҳим роль ўйнаган. Зукко мозийшунос, адиб, тилшунос, ранг-баранг мавзудаги ғазаллару рубоийлар битган шоир сифатида элда довруғ қозонган. У кўплаб китобларни тасниф қилган. Устози Абул Қосим Маҳмуд ибн Муҳаммад ас-Сўфийдан сабоқ олган. Мадрасанинг энг билимдон талабалари қаторида юрган. Устозига муносиб шогирдлик мақомига кўтарилган. "Китоб ут-тарих" асари беҳад машҳурлик касб этган. "Зул Маноқиб" – " Мақтовга сазовор хислатлар эгаси" лақабини олган.

Абу Вафонинг отаси ўз даврининг пеш­қадам уламою фозил инсонларидан бўлгани учун икки ўғил фарзандини илм-маърифат йўлидан боришига керагича рағбат берган. Шунинг учун укаси Абу Рашод баркамолликда ҳатто акасидан ўзиб кетганини кўрамиз.

Турон заминида илк уйғониш даври – бадиий адабиёт оламидаям жонланиш ва юксалиш палласи сифатида тарихга айланди.

 

Гул атридан барно маст бўлиб қолди,

Субҳи сабо янглиғ жойдан қўзғолди.

 

Тунги зиёфатдан қолган шаробни

Қадаҳга тўлдира илкига олди.

 

Ҳазин куй тиратиб Эрам чангида

Майин-у дилрабо оҳангга солди.

 

Соғару зуннолар шарафи билан

Кўзим у санамга боғланди-қолди.

 

Гарчи форсчадан таржимасини мисол келтирсак-да, аслиятида бундан-да ёқимли кайфият туғдирадиган манзаралар тасвиридан беихтиёр таъсирланамиз. Гўзал байтлар ўз замонининг машҳур шоир ва адиби Абу Рашод Ахсикатий қаламига мансубдир. Беихтиёр аслини ҳам мутолаа қилиб кўриш истаги уйғонади кўнглимизда.

 

Субҳидамон аз ман гулбўй маст,

Хамчу насими саҳар аз чо бичаст.

 

Сокин озода ситода ба пой

Боқин дўшин – ман нўшин бадаст.

 

Роҳи ҳазин мезаду овон нарм,

Чанги Ирам дилбару оҳонги паст.

 

Дар шарафи соғару зунновор,

Чашми ман аз сурати бўтпараст.

 

Ёқут Ҳамавийнинг "Мўъжам ал-удабо" – "Адиблар луғати" асаридан Абу Рашод тўғрисида ҳам қимматли маълумотлар топишимиз мумкин. Унинг отаси Қосим томонидан қўйилган исми Аҳмад ҳамдир. Юқоридаги саккиз сатрнинг ўзиёқ нозик таъб эгаси, иқтидорли қаламкаш эканини англатади. Тасвир чиройли, ифода гўзал, бадиий пухта. Гўё кўз ўнгингизда кечаётгандек ҳолатга туширади. Сизнинг ҳам кўнглингиз гул атридан мастона қизга нисбатан тўлқинланади. Инсон кайфияти ва кечинмасини табиатга боғлаб, бетакрор манзаларни акс эттириш Абу Рашод шеърларининг жозибасини оширувчи хусусиятлар ҳисобланади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).