Янги Ўзбекистонимиз қиёфаси кундан-кунга чирой очмоқда. Бу меҳнаткаш ва бунёдкор хислатли халқимизнинг юксак ғайрат-шижоати шарофатидан, албатта. Лекин шундай эътирофларни маънавий ҳаётимиз даражасига дахлдор она тилимизга муносабатимиз манзарасига нисбатан айта оламизми? Тўғри, бироз ўйланиб қоламиз. Давлатимиз қонунлари, Президентимиз қарор ва фармонлари ижросидан қониқиш ҳосил қилишимизга ҳали эртадек кўринади. Сабаби, тилнинг ривожи барчанинг бирдай эътиборли ва уқувли бўлишига боғлиқ. Оғзаки муносабату мулоқотда ҳам, ёзма иш юритишда ҳам тил қонуниятларига қатъий амал қилмай туриб, бу борада ижобий ютуқларга эришолмаймиз.
Агар эсингизда бўлса, ўзбек тилимиз мавқеини тиклашга ҳали истиқлолга эришиш арафасидаёқ жиддий қаралган. Расмий равишда 1989 йилнинг 21 октябрида "Давлат тили ҳақида"ги қонун қабул қилинган. Мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз ҳаётидаги бошқа кўп муаммолар қатори тилга эътибор ҳам долзарб масалага айланди. Чунки ўзбек тилининг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалштириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, ёшларга чет тилларини, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллашга қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни тақозо этарди. Натижада давлатимиз томонидан тил сиёсатига истиқлол сиёсатининг узвий бир қисми сифатида қаралди. 1995 йил 21 декбрда Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. Ўзаро изчилликка, боғлиқликка асосланган 24 моддадан иборат мазкур Қонун ўзбек халқининг миллий ва она тилиси бўлган ўзбек адабий тилининг ҳуқуқий асоси ҳисобланади. Бу ҳолат 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституцияси"да яна бир бор мустаҳкамлаб қўйилди. Унинг 4-моддасида белгилаб берилганидек:
"Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.
Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади".
Бизнинг туманимизда ҳам Қонунда кўрсатилган талаблар асосида фаол ишлар олиб борилмоқда. 67 маҳалла, 100 дан зиёд корхона, муассасалар, 62 та умумий ўрта таълим мактаби ҳамда 44 та мактабгача таълим ташкилотида тарғибот тадбирлари доимий ташкиллаб келинмоқда. Айни маҳалда барча жойларда ўзбек тилида, лотин алифбосида ёзув-чизув ишлари олиб борилмоқда. Бу борада алоҳида йўл харитаси бўйича ҳаракат қилинмоқда. 2023 йил давомида ташкилот раҳбарлари ҳамда соҳага мутасадди кадрлар махсус ўқув курсларига юборилди. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги "Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ходимларининг малакасини ошириш маркази"да лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси, имло қоидалари ва иш юритишни ўргатиш курслари билан доимий ҳамкорлик алоқалари ўрнатганмиз. Курсларнинг барча тингловчилари махсус сертификатларга эга бўлишмоқда.
Маълумки, 2023 йил 15 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Географик объектларга ном бериш тартибини такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида" қарор қабул қилди. Қарорга мувофиқ мамлакатимизда географик объектларга ном бериш ва уларни қайта номлаш, географик объектлар номларининг давлат реестрини юритиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу бизлар учун айни муддао бўлди. Энди жойларни номлаш чоғида маҳаллий аҳолининг фикрини ҳисобга олиш тартиби белгилаб берилди. Шунингдек, Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг тоифаларини аниқлаш, улар номини абадийлаштириш масаласи ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинмоқда.
Жорий йилда тумандаги мавжуд 346 та кўчадан 8 тасини қайта номлаш, эски Ёртепа кўча маҳалласини Ширинбулоқ деб ўзгартириш учун фуқаролардан таклиф ва тавсиялар тушган эди. Лойиҳа номлар туман комиссиясида кўриб чиқилди, белгиланган тартибда экспертизадан ўтказиш учун юқори идораларга юборилди. Ижобий хулоса олингач, маҳалла ва кўчаларнинг янги номлари акс эттирилган пешлавҳалар давлат тилида ҳамда лотин алифбосида имло қоидаларига мувофиқ ёзиб ўрнатилди.
Туман комиссияси назорат борасида муайян натижаларга эришиб келмоқдамиз. Чунончи, хоҳ давлат, хоҳ хусусий ташкилот ёки корхона бўлмасин, пешлавҳалари-ю, ташқи рекламалари лотин алифбосида бехато ёзилиши таъминланмоқда. Уларда ўзбек миллий маданиятига ёт расм-тасвир ва сўзлардан фойдаланмаслик чоралари кўрилмоқда. Мабодо, камчиликлар учраса, тушунтириш, огоҳлантириш, ниҳоят ўз вақтида бартараф этишга эътибор кучайтирилган. Аниғини айтсам, йил давомида хатоси бўлган 29 та, хорижий тилда ёзилган 23 та рекламалар янгиланди, яъни тўғрисига алмаштирилди.
Ҳозирда туман ҳокимлигида "YURIDA – ORFO" компьютер дастури фаолият кўрсатмоқда. Мазкур дастур кундалик иш ёзишмаларини ўзбек тилида амалга оширадиган фойдаланувчиларга мўлжалланган. Дастур юбориладиган хатлар, қабул қилинадиган қарорлар, фармойишлар ва бошқа ҳужжатларнинг имловий жиҳатдан тўғри ёзилишига кўмаклашади. Крилл алифбосидаги матнни лотин алифбосига ва аксига ўгиради.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидай: "Она тилимиз – миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир". Бугун зўр мамнуният билан айта оламизки, бу борада Юртбошимизнинг ўзлари халқимизга шахсий намуна кўрсатмоқдалар. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 78-ассамблеясида ўзбек тилида нутқ сўзлаб, ҳаммамизнинг кўнглимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотдилар. Жаҳоннинг юксак минбаридан янграган нутқда оламшумул таклифларнинг ўртага ташлангани янада муҳим аҳамият касб этди.
Тилимиз нуфузи – элимиз нуфузи. Сўзи гўзалнинг – ўзи гўзал. Алишер Навоий бобомизнинг "Хамса"си орқали туркий оламда баралла наволанган, ўзбек миллатининг илдизлари бутунлигидан далолат берувчи, ёрқин истиқбол сари қадамлар ташлатувчи, буюклик мақомига етказувчи она тилимиз ҳар биримиз учун нақадар қадрли эканини бирор лаҳза унутмайлик!
Ҳаётхон МАҲМУДОВА,
Тўрақўрғон тумани ҳокимининг маслаҳатчиси.