Умр – инсон учун бериладиган бетакрор неъмат. Билганга унинг ҳар куни, ҳар лаҳзаси ғаниматдан ғанимат. Ахир, ҳаётимиз ҳамиша вақт аталмиш учқур тулпор эгарида кечади. Бизлар гўё кўпкарига кирган чавандоздек яшаймиз. Ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлому бардамлик, тинмай интилиш, меҳнат майдонида мардона юриш халқ учун, Ватан учун фидоий бўлиш билангина омаду бахтни вақт отига ўнгариб, толе табассумидан кўнгилларимизниям мунавварлик чулғайверади, худди Икромхон ака Нажмиддинов сингари.

Ўзбекистонимизга таниқли ва табаррук бу инсон ҳеч муболағасиз раҳбару раҳнамоликда вилоятимиз фахрига айланиб кетган. Эл назарида, давлат ардоғида барқарору бардавом юришдек камдан камларга насиб этадиган мансабу мартабага муяссарланган. Қанча-қанча ёшларга ота, қанча-қанча катталарга ака ўрнида туришга қодирликдан шарафларга муносиблик мақомига эришган.

Етмиш йилда етуклик остонасига мамнун ва масрур кайфиятда етиб келган, саксон ёшни қоралаб, соғу бардам, элга ҳамдам яшаётган инсоннинг ҳаёти "Эзгуликка бахшида умр" китобида имкон қадар ўз аксини топгани ҳамюртларимиз учун айни муддао бўлибди. Иқтисодчи олим, садоқатли шогирд Раҳмонжон Эгамбердиевнинг нав­батдаги ижодий армуғони кўплар қатори биз каби китобсеварларни ҳам бефарқ қолдирмади. Тўпламни қизиқиш билан ўқиб, шундай ажойиб инсон Наманганимизнинг фахру ғурури тимсолида кўз ўнгимизда яққол намоёнланганидан ғоят мароқландик. Боиси, ҳар бир саҳифаси қимматли қайдлар, ўчмас ёдномалар ва ноёб суратлардан безанган. Бехтиёр таассуротларимизни сиз билан баҳам кўрмоқ учун қўлимизга қалам тутдик.

"Халқимизда "Меҳнатнинг таги – роҳат" деган ҳикматли гап бор. Икромхон аканинг ҳалол хизмати Республика раҳбарияти томонидан ҳам муносиб тақдирланган. Бугун устоз кўксини Ўзбекистон Республикаси Мус­тақиллигининг 1, 10, 15, 20, 25 ва 30 йиллиги эсдалик нишонлари ҳамда I-даражали "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишони, "Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун" медали, "Эл-юрт ҳурмати" ва "Меҳнат шуҳрати" орденлари безаб турибди, – дея таъкидлайди вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқов тўпламга сўзбоши ўрнида берилган "Ардоқ топиш ҳар кимга ҳам насиб этсин" мақоласида.

Ҳавас ва тилак уйғунлашган бу фикрлар бесабаб алоҳида урғуланмаган. Зеро, ҳар бир мукофот ва тақдирлов ортида сермашаққат раҳбарлик матонати, халққа ҳадсиз меҳр-муҳаббат, ислоҳотлар ижросига муттасил масъуллик, нуронийларнинг раҳнамоси сифатидаги юксак ташкилотчилик ва ташаббускорлик ётади. Энг муҳими, мақсад манзиллари сари қоқилмай, заҳматлардан завқ, ташвишлардан қувонч излашдан ҳормай-толмай олға интилиш эндиликда чинакам бахти баркамоллик толеига етказган. Тўпламдан ўрин берилган ўтмиш ҳамда кечмиш хотиралари билан танишганимиз сари буни янада ёрқинроқ ангалаб етамиз.

Ўтмиш бу – тарих, кечмиш бу – ҳодисадир. Кимнингки, ўтмиши сабоқлардан сай­қалланган бўлса, кечмиши ибратона лавҳалар каби ўчмас хотираларга муҳрланиб қолаверади. Икромхон ака, аввало, қутлуғ қадамли асл деҳқон, ақли зукко, кўнгли кенг, элга довруқли Ҳошимхон отанинг издоши. Бир вақтлар Ҳабиб Саъдулладек эл назаридаги шоирларнинг назмида наволанган, не-не журналистларнинг очерклари қаҳрамонига айланган, кўксини қатор-қатор ордену медаллар тўлдирган падари бузрукворининг дуолари фарзанди камолотига қанот боғлагани беинкор ҳаётий ҳақиқат.

"Ўз даврининг юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган уста пахтакор, миришкор боғбон, асл меҳнат кишиси бўлган дадамни тушимда кўрдим. Ўзлари яратган боғда сайр қилиб юрганларини ўнгимдагидек учратдим. Не ажабки, дадам боғ оралаб куйманган ҳолда тез-тез тушимга кирадилар...". Хотираларга назмий битикларнинг уланиб кетганлиги эса тўпламнинг мазмун-моҳиятини оширган, таъсирчанлигини таъминланган. Шоир айтганидек,

Дуолар қиларди пешонам силаб,

– Юзимни ерга ҳеч қаратма! – дерди.

– Гуноҳга ботмагин ноҳақни қўллаб,

Ўзингдан ҳам аввал ўйлагин элни!

Йиллар югурик, ўтдию-кетди. Энди эса ота мангу оромда, издош фарзанд дуолари ижобатига эришгани учун ота юзини ҳам, ўзиникини ҳам доимо ёруғлаб, кўнглидан армонларни кетказиб яшаётганидан шукроналик туйгани туйган. Чунки, тенгқурларидан тортиб, шогирду ўринбосарларигача атрофидан йироқлашни исташмайди. Меҳр ришталари мустаҳкам, оқибатлари беадоғ. Қаерда ва қайси вазифада фаолият юритмасин, атрофдагиларнинг эътирофу эътиборидан куч-қувват олди, уларнинг кўнгилларига эзгулик ҳисларини солди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги "Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар" маркази мутахассиси, профессор Одил Олимжонов ҳавас билан олган сабоқларидан еттитасини эсласа-да, улардан иккитасиёқ Икромхон Нажмиддиновнинг бетакрор салоҳият соҳиблигини яққол тасдиқлайди:

"– Барча лавозимларга Яратганнинг инояти, қолаверса фақат ва фақат ўз билимлари, ўз меҳнатлари билан етишган".

"... қайси туман, вилоят, соҳа ва тармоқ раҳбарлигига қўйилишидан қатъий назар, у киши бу вазифаларни аъло даражада уддалай олди".

Вилоятимизнинг собиқ раҳбари Ботирали Ҳакимов "Отасига муносиб фарзанд" мақоласида унинг янада қимматли икки фазилатини қайд қилиб ўтган: "Биринчиси – ҳар қандай вазиятда ҳам хотиржамликни йўқотмай, мулоҳазакорлик билан йўл тутишидир. Шу пайтгача бирор масалада шошилинч қарор қабул қилганини кўрмаганман ва эшитмаганман ҳам. Иккинчиси – бошлаган ишини охирига етказмагунча тиниб-тинчимаслиги, олдига қўйган мақсадидан ҳеч қачон чекинмаслигидир".

Китобдан республикадаги сафдошларининг, шогирдларининг, турли касб эгаларининг, эҳтиромли эътирофларигача алоҳида ўрин ажратилган. Уларга кўз югуртириб, Икромхон аканинг серқирра фаолияти давомида қанчадан-қанча эзгу ишларнинг бошида турганидан, кўпдан-кўп муаммоларга ўз вақтида жўяли ечим топишда ғоят талабчанлиги, беҳад меҳрибонлиги жуда-жуда қўл келганидан воқиф бўламиз. Нафақат вилоятимизда, балки мамлакатимиз миқёсида катта обрў-нуфуз касб этганликларини кўрамиз. Бу, оддий ҳисобчиликдан туман ва вилоят ҳокими даражасига етиб, ундан сўнг Республика "Ўздонмаҳсулот" давлат акционерлик корпорацияси бошқаруви раиси, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раиси ўринбосари каби масъулиятли ва юксак лавозимларда туғма ташкилотчи ва ташаббускор раҳбарлар тоифасига мансублигини амалда тўла исботлагани шарофати эмасми?!

Ҳалоллик ва фаоллик раҳбарнинг қадр-қимматини юқори кўтарувчи эгиз хислат ҳисобланади. Истиқлолимиз меъмори, биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг, беқиёс ислоҳотчи, Янги Ўзбекистон бунёдкори, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг назарларига тушиш ва ишончларига киришнинг ўзи осонми?! Уларнинг меҳрини қозониш учун кеча-кундуз эл-юрт ғамини чекиш, наинки бугуни, эртаси учун фидойиларча қайғуриб яшаш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермаслигини яхши биламиз. Китобда ҳар икки Юртбошимизнинг садоқатли сафдоши, халқимизнинг чинакам дастёри сиймоси ҳаётий ҳақиқатларга йўғрилган хотира-ҳикояларда, ноёб суратларда абадиятга муҳр­ланган.

Одамларга тегаётган нафидан кўнгли чароғон тортадиган Икромхон ака пенсияга чиққач, оёғини узатиб, фақат ўзининг, оиласининг ҳузур-ҳаловатини ўйлаб юришни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганини китобнинг сўнгги саҳифаларида ўқиймиз ва кўрамиз. Бу инсон учун бўш вақтнинг ўзи йўқ. Ҳар куни вилоятдаги 300 мингга яқин нуроний отахон ва онахонларнинг ташвиши билан банд. Қолаверса, депутат ва сенатор сифатида зиммасига юкланган вазифаларни бажариш билан муттасил машғулликка одатланган. Истиқлолли юртнинг тақдирига дахл­дорлик ҳисси уни ҳамиша янгидан-янги режалар тузишга, ана шу режаларни тезроқ натижага айлантиришга чоғлагани чоғлаган.

Тўпламнинг ўзига хос жиҳати бошидан охиригача зериктирмайди. Яъни, Наманганнинг таниқли ва атоқли фарзандининг шарафли ҳаёт йўлини ёритишдан кўзланган асосий ният қутлуғ ёшида уни фақат мақтовлар билан сийлаш эмас. Аксинча, бир нуроний инсоннинг умри минг-минглаб катта-кичикка ўрнагу ибрат, ёш раҳбарларга бошқарувда "маҳорат мактаби" эканини унутмаслигимиз керак. Китобнинг аҳамияти – ҳаётий ифодасида, давр руҳига ҳамоҳанглигида ҳамда бебаҳо тажрибалар мужассамлигида.

Хотиралар, ҳикоялар, ҳикматлар бир-биридан мазмунли ва қизиқарли. Вилоят ҳокими тўплам сўзбошисини бежиз: "Мен "Эзгуликка бағишланган умр" китобини тарбия­вий қўлланма сифатида эътироф этаман", дея якунламаган, десак асло янглишмаймиз. Демак, маънавий-маърифий соатларда фойдаланишимиз учун яна бир қўлланма китобхонларга мунтазир. Унинг бисотидаги битикларни йиллар давомида тўплаб, нашрга тайёрлаган устозининг ҳақиқий шогирдларидан бири, иқтисод фанлари доктори (PhD), Турон фанлар академияси академиги Раҳмонжон Эгамбердиев, муҳаррир ҳамда нашриёт ноширларининг бундай ижодий яратиқлари "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!" жуда муносиб туҳфадир.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси