(Давоми. Бошланиши 14– ва 16-сонларда).

Улардан айримларини тағин таништириб ўтамиз: "Имодий фусули" номли фиқҳ илмига бағишланган асари билан бениҳоя танилган Абдулфатҳ ал-Марғиноний (XIII аср), муҳаддис Ал-имом Абдулазиз ал-Марғиноний (XI аср), муҳаддис Қайс ал-Марғиноний (XII аср) фақиҳ, муҳаддис, ҳофиз ва муфассир "Ал-Ҳидоя" асари билан шуҳрат қозонган Бурҳониддин Марғиноний (XII аср), "Фиқҳ жавоҳирлари" китобини тасниф этган Умар ал-Марғиноний (XII аср), фақиҳ, қатор китоблар таснифчиси Маҳмуд ал-Марғиноний каби аждодларимизни истиқлол шарофати билан тилга олиб турибмиз. Ҳатто Бурҳониддин Марғинонийнинг хотирасини абадийлаштирганимизга, катта хотира тўйини нишонлаганимизга ҳам унча кўп вақт бўлмади.

Косонийлар ҳам марғинонийлардан асло орта қолишмаган. Чунки, улар ягона исломий илм уммонидан сув ичишган, уммон остидаги дуру жавоҳирларни олам аҳлига кўз-кўзлашган, мус­таҳкам эътиқодли эл-улусни тарбиялашга ақлу заковатларини сарфлашган. Алоуддин Косоний (XII аср) "Малик ал-уламо" лақаби билан танилган. Ҳанафий фақиҳидир. Олимлар подшоҳининг қаламига мансуб "Бадонъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ" ўша замон уламоларининг беҳад ҳайрату эътиборига сазоворланган ноёб китоблар қаторига киритилган. Аҳмад ал-Косоний (XII аср) қозию-л-қузот бўлган. Фақиҳ, услиётчилар орасида Бакр ал-Косоний, Абу Бакр ал-Косоний, (XI -XIII асрлар) сингари алломалар Самарқандда шуҳрат қозонишган.

Халифа Абу Бакр Сиддиқ (р.а) авлодларидан саналмиш аш-Шариф Ҳамза бин Али бин ал-Муҳсин бин Муҳаммад бин Жафар бин Мусса ал Хайломий (Хайлом ҳозирги Норин туманидаги кўҳна манзилгоҳ) юксак фазилатли олим ва муҳаддис сифатида кўплаб илму толибларга устозлик қилган. XI асрнинг иккинчи ярмида туғилиб, 1129 йилда вафот этган улуғ юртдошимиз эъзозу эҳтиромларга муносиб ижод қилган.

Биринчи уйғониш жараёнининг Ахсикат ва ахсикатийлар билан боғлиқлиги дунёвий аҳамиятга эга дейишга бугун тўла ҳақлимиз. Тўмарисга хос мардлигу матонат, қутлуғ ошиёнига сидқу содиқлик ўрта аср хотин-қизлари фаолиятида ҳам яққол акс этгани шунчаки ҳодиса эмас. Инчунин Ахсикат ҳокимининг қизи Қоракўз беканинг жасоратини беҳаяжон эслай олмаймиз. Ахир ҳаётий ҳикоят тилдан тилга ўтиб, ривоятга айланиб кетгани шундан. Маънан юксак инсонгина ватан туйғусини чуқур идрок этади. Юрт қайғусини астойдил чекади. Кўз очиб кўрган гўшасининг душманлар оёқ ости қилишига асло чидаб туролмайди. Йигитлар учун у бу одатий ҳол ор-номус масаласи саналади. Бироқ Биринчи Ренессанс даври авлодлари ичида мардона хотин-қизларнинг майдонга тушиши тасодифий туюлса-да, аслида бундай эмасди. Ҳатто маликаларнинг қўлида қилич тутиши балки бугун кўпчиликни таажжубга солар, лекин ўша буюк уйғониш муҳитида тарбия топган қизу жувонлар Ватани учун жонфидо йигитлардан ўзларини кам тутишмагани беинкор ҳаётий ҳақиқат эди.

Азим дарё ёқасидаги юксакликда бино бўлган Ахсикат қалъа шаҳри водийнинг, ҳатто ундан нари ёқдаги ўлкаларнинг ҳукмронлигини қўлда ушлаб турган илдизи жуда мустаҳкам давлат пойтахти мақомида не-не инсонларга бешик бўлмади дейсиз?! Тарихий ёдномалардан яхши маълумки, ахсикатликлар мўғулий босқинчиларнинг мўрималаҳдай ёпирилиб келишини олдиндан билишмаган. Аммо, ҳар қандай тараққиётнинг таназзулига, аввало, қўрқоқлик ва илм­сизлик сабаб бўлишини бирор лаҳза унутишмаган. Ҳамиша оламга ҳушёр боқишган. Урушнинг совуқ хабарини эшитгандаёқ босқинчилар ҳали яқинлашмасидан қўшинларининг жанговарлигини кучайтиришган. Қалъадан анча нарида душман йўлини тўсиш тадоригига тушишган. Бунга Қоракўз беканинг жаҳду жасорати шоҳидлик беради.

У Чингизхон қўшинининг Хўжандга кириб келишидан бохабар бўлгач, Ахсикатда асло тинч ўтиролмайди. Кўнглини юрт қайғуси қамрагач, ярим миллион нафарли суворий лашкарни ортидан эргаштириб, ёрдамга шошилган. Темур Маликдек ботир қўмондоннинг Хўжанд ҳимоясидаги қўшини қаторига бориб қўшилган. Мислсиз жангу жадалнинг олдинги сафида турган.

Учқур тулпор устидаги паҳлавон келбат саркарда қиёфасидаги Қоракўз бека моҳир камончи ҳам эди. Унинг отган ёйлари ёвуз ниятли душманларнинг кўксига қадалди. Отдан қулатиб, ер тишлатди. Камонини найзига алмаштиргач, атрофида уймалашган ёғийлар яна юзма-юз туришга дош беролмай, тум-тарақай қочиш билан жон сақлашга ўтишни афзал кўрдилар. Улар бу қадар нишонга аниқ санчийдиган зарби зўр найзадорга дуч келаман деб ўйлашмаганди. Афсуски, душманнинг сони ҳаддан зиёд кўплиги Қоракўзни шошириб қўйди. Бири қочса, бири яқинлашавериб тинка-мадорини қуритаверди. У жанг бехатар, уруш қурбонсиз бўлмаслигини яхши билардию, қўрқув ва ожизликни сира билмасди. Эл-юрти ҳимоя­си чоғида ана шу ҳис ҳар он хаёлидан ўлим ваҳимасини қуварди. Ахсикатнинг омонлигини жонидан ортиқ кўрарди. Қоракўз бека шу боис қаттиқ яраланганидаям ўкиниш ўрнига мамнун қиёфада атрофидаги суворийларга жилмайди: "Минг­дан минг шукур, мўғулларнинг таъзирини бериб қўйдик. Энди мени Ахсикатимга тезроқ етказинглар! Ота маконимнинг хуш ҳавосидан яна бир бор тўйиб-тўйиб нафас олайин, юксакликдан пастда тўлиб-тошиб оқаётган дарёга, ям-яшил боғу роғларга назар солай, халқимнинг хурсанд қарши олишини ўз кўзим билан кўрай!"

Қоракўз беканинг яраларига малҳам қўйиб боғлашгач, қирғинбарот жойларда мардона курашган Ахсикат суворийлари ўз саркардаларини ўртага олиб, асраб-авайлаб ортга қайтишди. Улар Ахсикатга яқинлашганларида мард ва жасур Қоракўз бека ҳаёт билан видолашди. Ўйлаб қаралса, бу каби маликалар аҳли зукко отинойиларнинг маънавий раҳнамолигида камолот касб этишган. Фикримизнинг далили сифатида Қоракўз бека ўлимидан роса 100 йил аввал таваллуд топиб, умргузаронлик қилган, бутун атрофга шуҳрати таралган Момо Хотун ёхуд Лангар биби бежиз азиз-авлиё сифатида ёдланмайди. Аллома аёл доноликда водийда яккаю ягона экан. Унинг ҳар сўзи ҳикматга, ҳар нигоҳи кароматга, ҳар хаёли башоратга тўлиқлиги учун остонасидан меҳмонлар қадами сира-сира узилмаган. Хонадонида етимларга, бева-бечораларга овқат пишириб тарқатилган. Хайри саховатда беназирлиги йироқ-йироқларга овоза бўлган. Айни замонда кўплаб қизу жувонлар унинг эшигида хизматига бўйин эгиб, шогирдликка шайланишган. Илму кароматидан баҳрамандликка эришишган.

Шуни алоҳида эътироф этмоқ жоизки, азиз авлиёлар руҳи ўзидан кейинги авлодларниям тарбиятига олади. Бу афсона эмас, бор ҳақиқатдир. Нақш­бандия тариқатининг етук тарғиботчиси Мавлоно Лутфуллоҳ Чустий (1487-1571) ўзидан қарийб уч асрдан зиёдроқ вақт аввал яшаб ўтган Момо Хотундан тарбия топиб, ҳаётидаги кутилмаган кўнгилсизликни бартараф эта олган. Муҳаммад Муфти Оҳангаронийнинг "Мавлоно Лутфуллоҳ маноқиби"да қуйидагилар битилган:

"Мавлонимиз шундай дедилар: Ҳазрат Махдумимиз (Махдуми Аъзам Косоний – С.С.) менга лутф ва иноятлар қилиб, ўз қизларини никоҳимга киритмоқчи эдилар. Ўша пайтларда баъзи бетофиқлар мен ҳақимда номуносиб сўзларни етказиб, ул зотнинг менга нисбатан фикрларини ўзгартиришга эришдилар. Мен нима қиларимни билмай, Момо Хотуннинг (Аллоҳ қабрини нурли қилсин) қабри муборакларига бордим. У орифалар саййидаси Ҳазрат Султону-л-орифиннинг (Аҳмад Яссавийнинг) асрдоши эди. У кишининг жазбаси ниҳоятда қувватли эди. Ўз ҳолимни арз қилдим. Шу аснода Ҳазрат Момонинг руҳи ҳозир бўлди ва ушбу оятни ўқишни буюрди: "Қул раббано ла тузъиғ қулбано бада из ҳадай тано ва ҳаблано мил-л-андунка роҳма иннака анта-л-ваҳҳоб". Мен бу ояти калимани қалбимга жойладим. Ва шу тариқа пиримизнинг ғазабларидан сақланиб қолдим. Сўнгра бу тоифанинг китобларида кўрдимки, шундай ёзилган экан: " Аллоҳнинг ҳар бир мўмин бандаси ушбу оятни Каломи мажиддан вазифа қилиб юрса, ҳеч қайси машойих ва авлиё томонидан рад этилмагай.

Махфий қолмасинки, Момо Хотун зиёратгоҳи Ахсикатда воқедир".

Қарангга, Мавлоно Лутфуллоҳ ҳам Момо Хотун мозорига сиғинган эканлар. Нега? – деган саволга эса адабиётшунос ва тасаввуфшунос Султонмурод Олим ўзининг 1994 йили Наманганда чоп этилган "Хожа Баҳоуддин ҳақиқати" рисоласида жуда тўғри ва жўяли жавоб келтирган: "Авлиёлар атрофида фаришталар, барча руҳоний мавжудотлар, аршу курси, самовоту кавокиб айланиб юрса-ю, унинг хизматида бўлса, кишилар дардларини ана шу авлиёлар руҳига айтсалар, зора, бу руҳ фаришталарга буюрса-ю, ўша дардманнинг илтижосини Аллоҳга етиштирсаки ва шу тариқа ўша руҳга топинган одамнинг мушкули кушод бўлиб, у дардига шифо топса!".

Мустақиллик йилларида савоб истаган олийҳиммат инсонлар Лангар буви (ҳозир халқ тилида шундай аталади) мозор мақбарасини ободонлаштиришга баҳоли қудрат ҳиссаларини қўшиб келишяпти. Пишган ғишт­дан, қадимий шарқона меъморчилик анъаналари асосида тикланган ибодатгоҳ ва зиёратгоҳга кирганларнинг дилларига чинакам равшанлик югураверади.

Лангар бувининг муқаддас мозорларига сиғинишда Аллоҳга ширк келтириш кузатилмайди. Аксинча, намоз ва дуо ўқилганда Худога бевосита мурожаат этилса, орифлар саййидаси қабри олдида эса билвосита, яъни момонинг руҳлари кўмагида яратгандан нажот сўралади. Зеро, донишмандлик, авлиёлик мақомига, соҳиби каромат даражасига етишган кишиларни Аллоҳнинг ўзи мағфират қилаверади.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).