ХАЛҚАРО АМИР ТЕМУР ЖАМОАТ ФОНДИ НАМАНГАН ВИЛОЯТИ МУАССАСАСИНИНГ ЭСДАЛИК НИШОНЛАРИ ТАНТАНАЛИ ТОПШИРИЛДИ

Халқаро Амир Темур жамоат фонди Наманган вилояти муассасаси нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан эзгу мақсадли хайрия тадбирлари изчил ўтказиб келинмоқда. Шунингдек, тадбиркорлар, шифокорлар, педагоглар, журналистлар ва бошқа маънавий-маърифий ишларнинг жонкуярлари қутлуғ саналар олдидан муносиб рағбатлантирилмоқдалар. Жамоат фондининг навбатдаги эсдалик нишонларини эгаларига топшириш тадбири бу гал Наманган давлат университетининг кичик йиғинлар залида ташкилланди.

Даставвал фонд раиси, таниқли журналист, зукко таржимон, фаол ташкилотчи Соҳиба Аъзамова анжуманга тўпланганларни истиқлол байрами билан қизғин қутлади. Сўнгра бир гуруҳ фидойи инсонларнинг Ватан тараққиёти йўлидаги хизматлари ҳақида тўлқинланиб гапирди. Жамоат фонди уларни муттасил маънавий қўллаб-қувватлаб боришини алоҳида таъкидлади.

Тошкентдан ташриф буюрган шоира Замира Раззоқова, наманганлик ёзувчи Исоқжон Нишоновларга "Усмон Носир", "Амир Темур" эсдалик нишонлари тантанали топширилди.

Шундай рағбатга сазовор бўлганлар орасида вилоят соғлиқни сақлаш тизими вакилларининг ҳам борлиги алоҳида эътиборга лойиқ. Жумладан, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев "Усмон Носир", муҳаррир ўринбосари Содиқ Сайҳун, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори ўринбосари Оқилхон Ўринбоев ва бош­қалар "Амир Темур" эсдалик нишонларига муносиб кўрилдилар.

Мустақиллигимизнинг 32 йиллигига бағишлаб "Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун" шиори остида ўтказилган "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" мавзусидаги тантанали тадбирда мукофотланганлар сўзга чиқишиб, жамоат фонди томонидан олиб борилаётган ибратли ишларни зўр мамнуният билан эътироф этдилар ҳамда унинг келгуси фаолиятига янгидан янги муваффақиятлар тиладилар.