(Давоми. Бошланиши 14-сонда).

Ахсикентлик алломанинг шуҳрати шунчалар баландки, ҳатто хорижда ҳам хотираси ва номи ҳанузгача эъзозда. 2007 йилда мисрликлар алоҳида эҳтиром кўрсатишди. Яъни 18 апрелда Қоҳира шаҳрида Аҳмад Фарғонийнинг маҳобатли ҳайкали бунёд этилди. Унинг очилиш маросимига Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг таклиф қилиниши икки халқ ўртасидаги буюк дўстликнинг умрибоқийлигидан далолат берди.

2023 йилнинг 20 февралида эса Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам расмий ташриф билан Миср Араб Республикасида бўлди. Давлатимиз раҳбари Аҳмад Фарғоний ҳайкали пойига гулчамбар қўйиб, мутафаккир бобомизнинг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Миқё­си Нил иншоотини кўздан кечирди. Миср олимлари билан қизғин мулоқотларда Аҳмад Фар­ғонийнинг илм-фанга қўшган ҳиссаси беқиёс ва оламшумул эканлиги тилга олинди.

Донишманд бобомизнинг асарлари жаҳон тилларига ўгирилган, китоб ҳолида қайта-қайта чоп қилинган. Улуғ италян шоири Данте Алигвери машҳур. "Илоҳий комедия" асарида ал-Фарғонийни "Альфраганус" дея атаган.

Буюк қомусий олим тахминан 865 йили мангу уйқуга кўз юмган. Қабри Қоҳира яқинида.

Ахсикент Шарқнинг қанчадан-қанча машҳур диний арбобларининг таваллуд тупроғи, бешиги шу Ватанда тебратилган закий ва зукко зотларга олам эшигини очган маърифат ўчоғи сифатида дунё тамаддунида бетакрор ўринга эгалиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради. Уларнинг тарихий асарларидаги нисбалари ёхуд тахаллусларига қараб ҳамюрт эканликларини осонгина аниқлаб олишимиз мумкин. Яна бир жиҳати фарғонийлар ҳамда ахсикатийларни икки манзилдан, деб тушуниш тўғри эмас. Инчунин, Ахсикент (аслида Ахсикат)нинг аввалги номи Фарғона бўлгани боис, кейинчалик ҳам Фарғоний атамаси ёнма-ён ёки алоҳида қўлланганини эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур.

Нега, илк уйғониш даври фарзандлари ақлу заковат бобида илдам илгарилаб кетдилар? – деган саволга, аввало, бу маънавий-маърифий юксалишга VII асрлардан Ислом динининг ёйилиши, масжиду мадрасаларнинг очилиши, улардаги Қуръон ва ҳадис илми сабоқлари сабаб бўлганини алоҳида таъкидлашимиз жоиз. Шундан мударрислар, муҳаддислар, фиқҳ бўйича заковати баланд уламолар етишиб чиқишган. Ажабланарлиси, бу тасодифий ҳолат эмаслигини мазкур тоифадаги зотларнинг кўплиги янада яққол тасдиқлайди. Уларни қисқача таништириб, ўтсак, фикримизга қўшиласиз, албатта.

Муҳаддислар ичида Нуҳ ал-Фарғоний ал-Ахсикатий ҳақида етарли манбалар бўлмаса-да, айрим маълумотлар мавжуд. У тез-тез Насаф ва Бухоро томонларга боришга одатланган экан. Мақсад-муддаоси халқ ичидаги ҳадисларни йиғиш бўлган. Шайх ҳамда уламолар ҳузурида қўним ва ҳаловат топган. Сабаби, илми комиллардан ҳадислар йиғишга эришган. Ҳатто кейинчалик Хуросон, Ироқ ва Шом ҳудудларигача етиб бориб, эзгу фао­лиятини давом эттирган.

Ҳожиб ал-Фарғонийнинг таввалуд вақти номаълум, вафоти санаси 918 йил деб кўрсатилган. Исломий илмларни чуқур ўзлаштиргани учун хотирасига минг-минглаб ҳадисларни муҳрлаб олган. Замонаси донишманди қаерга борса, қайси даврага кирса, ёдлаганларидан барчани баҳраманд этишга одатланган. Умрининг сўнгги йиллари Исфахон ва Дамашқда кечади. Шуҳрати Шарққа ёйилади.

Ал-Қосим ал-Фарғоний эса ўйлаб топилган ҳадисларга қизиққан. Уларни одамлар оғзидан эшитиб, ёзиб олиш билан машғул бўлган. Ҳаёти охиригача, яъни 874 йилгача ана шундай халқ ҳикматларидан минг-мингини жамулжам қилиб, элда эътибор қозонган.

Йирик муҳаддислардан бири Абу Абдуллоҳ Ахсикатий X асрнинг иккинчи ярмида вафот этган. Нажмиддин Насафийнинг "Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд" асарида ғоят улуғлаб ёзилган.

Абу Мансур Аҳмад би – Абдулла ал – Фарғоний (X аср) мозийшунос солномачиларнинг сардори эди. У "Кофур ал-Ахшизм ҳаёти" ҳамда "Мисрнинг муҳтарам султони" асарлари билан тарихда ўзига хос из қолдирган.

Абу Аббос ат-Туркий ал-Фар­ғоний (VIII-IX аср) муҳаддис олим бўлиб, Сурияга кўчиб бориб, фаолият юритган. Да­машққа дафн этилгани ҳақидаги маълумотлар мавжуд.

Маълумки, XII асрнинг иккинчи ярмида Ахсикент ҳар жиҳатдан ривожланган, водийда энг юқори мавқедаги шаҳар мақомини сақлаб қолганди. Гарчи мамлакат пойтахти Ўзганга кўчирилса ҳам. Бу ерда номи тилга тушган элга таниқли шоирлару олимларгача камол тапишларига барча шароиту имко­ниятлар муҳайё эди. Диққатга сазовор жиҳати улар хорижий юрт­лар сари талпинишарди. Фаннинг турли соҳаларида дунё муаллими мақомига эришиш учун узоқ-узоқларга йўл солишарди.

Чунончи, ўшалардан бири Тожуддин Абу Бакр ал-Ахсикатийдир. У руҳоний Мулло Аҳмад оиласида дунёга келади. Ахсикент мадрасасида таълим олади. Қуръони каримни ва ҳадислар илмини пухта ўзлаштиргач, бутун умрини фиқҳ соҳасига бағишлайди. Диний қонун ҳамда шариат йўл-йўриқларини ривожлантиришга фаол ҳисса қўшади. 1220 йили оиласи билан Хўжанд шаҳрига кўчиб боради. У ерда мусулмон аҳлини шаърий қонун-қоидаларга амал қилишга даъват этади. Фақат оғзаки тарғибот билангина қаноатланиб қолмай, ақл-идроки етган масалаларга доир қимматли рисолалар битади. Бундан англашимизча, Тожуддин Абу Бакрнинг обрў-нуфузи мадраса ва масжидларда ғоят баланд бўлган. Ўзининг бор салоҳиятини фиқҳий масалалар таҳлилига, шарҳига, энг муҳими қонун-қоидаларни тизимли мажмуасини яратишга сарфлайди. Унинг "Фатвойи Хўжандий" номли катта китоби бизга маълум. Демак, ахсикентлик аллома диний маҳкама раҳнамоси – муфтий мақомига эришган. Шаръият аҳкомларига тааллуқли 54 та рисола бир муқова ичига жамланган. Тўпламнинг XIV аср бошларида қайта кўчирилган қўлёзма нусхаси Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик илмий-текшириш институтининг қўлёзмалар хазинасида 4832 рақами остида сақланмоқда.

Фиқҳ илмининг зукко заҳматкаши Тожуддин Абу Бакр ал-Ахсикатий ал-Хўжандий 1247 йили вафот этган.

Ислом қонуншунослигида фиқҳ билан машғул ва машҳур олимлардан яна бири Ҳусомиддин Ахсикатийдир. У XII-XIII аср­да яшаган. Ҳуқуқшунос, наза­риётчи, усулшунос ҳисобланади. Фиқҳ илмининг долзарб мавзуларини қамраб олган "Ал-мунтаҳаб фи усул ул-мазҳаб" асари "Сайланма" номи билан эл ичида донг таратган. "Ал-Ҳусомий" – "Ҳусомиддин китоби", "Мифтоху-л-усул" – "Усулнинг калити", "Ғояту-т-таҳқиқ"– "Текширишнинг чегараси", "Дақоиқу-л– усул ва-т-табйин" – "Усул ва баён этишнинг нозик қирралари" каби рисолаларини битган.

Олимнинг китобларига кўплаб шарҳлар ёзилган. Улардаги эътирофлардан ойдинлашадики, Ҳусомиддин Ахсикатий ўз даврининг буюк имоми, шайхи фозили эканини англаб етамиз. Ул зот асослаб берган фиқҳий аҳкомлар жуда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Шу боис "Ҳусомийа" номи билан Ислом илмида беҳад қимматли саналган юқоридаги "Сайланма"си ҳозиргача исломий таълим дарслиги, қўлланмаси сифатида хизмат қилиб келмоқда.

Амир ал-Фарғоний (1092 йили таваллуд топган). Ахсикент мадрасасида сабоқ чиқаргач, имом ва муфти мақомига мушаррафланган. Бир неча йиллар Самарқандда фатво берувчи энг зукко фиқҳ олими сифатида эл оғзига тушган. Унинг ўзи уломалардан, уламолар ундан ҳадислар ривоят қилишгани бежиз эмас эди.

Ал-Муштаб ал-Фарғоний (XI аср) энг буюк музокарачи олим саналган. "Назар ва жадал илми донишманди", дея замондошлари ўртасида тан олинган.

Алоуддин Абу Бакр Ахсикатий XII аср исломшуносларининг пешқадамлари қаторида турган. Динорий лақаби билан танилган.

Али ал-Фарғоний (XII аср) олим ва нозим бобида юқори мартаба касб этган. "Машориқул – анвор фи шарҳи нисабу-л-аброр ли тазкирати-л -ахбор" – "Яхшиларнинг зикрида хабарлар манбаи китобининг шарҳида чарақлаган нурлар", "Мухталифу-р-ривоя" – "Ривоятлардаги фарқ­лар китоби", "Ал-Фатово ас-Сирожия"– "Сирожийнинг фатволари", "Назму қасидати-л-амолий фи-л-калом" – "Калом илми ҳақида имлолар қасидаси" ва бошқа асарларнинг муаллифидир.

Шунингдек, Шарқнинг илк уйғониш даврида Қубовий, Мар­ғиноний, Касоний ва Хайломий тахаллуслари билан илму ижод бобида донги давруғи оламга таралган улуғ инсонлар ҳам яшашган, уларнинг бевосита ва билвосита Ахсикатга дахлдорлиги шубҳасиз. Сабаби, Фарғона давлатининг пойтахти, маркази ҳисобланган кўҳна маводаги муҳитнинг доираси тор бўлмаган, яъни биргина шаҳар сарҳадларида тугамаган, аксинча водийни қамраб олганини асло инкор қилолмаймиз. Ҳатто Андиконий, Хўқандий, Намангонийларгача дастлаб Ахсикатнинг илму зиё чашмасидан баҳраманд бўлишмаган дея олмаймиз. Аксинча бўлганида мазкур маънавий-маърифий маконда кўз очиб, савод чиқариб, ҳам диний, ҳам дунёвий илмлар ўрганиш билан қифояланиб қолмасдан айни вақтда онгу шуурларини янада ривожлантириш учун муттасил изланиб, изчил қалам тебратган, илму урф тарғиботи фаолияти билан астойдил шуғулланган забардаст инсонлар Шарқ оламига бу қадар ёйилмасдилар, бу қадар танилмасдилар, бу қадар қадру қиммат соҳибларига айланмасдилар.

Содиқ САЙҲУН.

(Давоми бор).