Наманган давлат педагогика институти мажлислар залида Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан "Марифий тарғибот ишлари самараси ва таъсирчанлигини янада ошириш бўйича устувор вазифалар" мавзусида ўқув анжумани ташкилланди. Унга вилоятдаги барча ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда ўқув юртларининг маънавий-маърифий соҳа бўйича масъуллари таклиф этилди.
Тадбирни Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов олиб борди.
Дастлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига Мурожаати мазмун-моҳияти ва унда олға сурилган вазифаларга эътибор қаратилди.
Амалий машғулотлар чоғида эса "Маърифатли шахс тарбиясида дунёвий ва диний илмларнинг уйғунлиги масаласи", "Ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда замонавий тарғибот технологиялари", "Аҳоли, айниқса, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш ва уларни бундай ҳолатлардан қутқариш технологиялари" мавзуида маърузалар тингланди.
Савол-жавоблар чоғида аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш билан боғлиқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Келгусида бундай анжуманлар ҳудудлар, ташкилот ҳамда муассасаларда тизимли ўтказилиши маълум қилинди.