Ҳосилдор боғ яратиш ниятидаги боғбон боғидаги ҳеч бир ниҳолга бефарқ қарамайди. Ҳар бирига меҳр беради, кеча-кундуз яхши ўсиши учун қайғуради, ташвиш чекади. Ахир уларни фақат озиқлантириш ва чиройли шаклга солиб туришнинг ўзи кифоя қилмайди. Атрофидаги бегона ўтлардан, айниқса, чирмовиқлару, бошқа зараркунандалардан ҳимоялаб бориши шарт. Акс ҳолда боғи гуллаб-яшнамайди. Ниҳоллари гуркираб ўсолмайди, қуриб-қовжирайди, меваси билан қувонтириш ўрнига "алам", "изтироб"га дучор қилади. Нега гапни боғ ва боғбондан бошлаганимизнинг сабаби оила ва жамият ҳам худди боғ сингаридир. Унинг боғбони катталар, ёши улуғлар саналади.

Ҳозирги мураккаб шароитда олам ва одам ўртасидаги муносабатларда оқ ва қора ранглар бир-бирига зидланганидек ҳаёт майдонида иккиси бетўхтов курашади. Янаям очиқроқ айтганда, маърифат ва жаҳолат "жангги" бир зум ҳам тинчимайди. Шундай экан, дунёга ҳушёр кўз билан боқмасак, бир қарашда ёқимли кўринган ҳолатлар аслида юқумли ва хавф­ли бўлиб чиқишини кейин англаб етамиз. Республика Маънавият ва маърифат маркази фаоллари ва бир гуруҳ маърифат тарғиботчиларининг Ўзбекистон халқига Мурожаатини ўқиб, беихтиёр юқоридаги фикрлар кўнглимдан ўтди, жуда-жуда таъсирландим.

Айниқса, биз каби зиёли ва устозларга қарата: "Сизлар Ватан ва халқ олдидаги фуқаролик бурчингиз ва вазифангизни бошқалардан кўра чуқурроқ англаб, ўз илм ва тафаккурингиз, маданиятингиз, маънавий-руҳий савиянгиз билан миллионлаб юрдошларимизга ўрнак бўласиз.

Шу боис, сизларнинг сўзингиз одамлар қалбига тезроқ етиб боради, ибратли ишларингиз эл-юрт ўртасида намуна бўлади.

Янги Ўзбекистонда янги маданий ва маънавий макон яратиш, халқимиз, айниқса, ёш авлодимиз онгини, дунёқарашини ислоҳотларимиз жараёнида илгари сурилаётган замонавий ғоялар асосида шакллантиришда сизларнинг ўрнингиз ва таъсирингиз беқиёсдир" деб айтилган эътирофу чорловлар жамият олдидаги, Ватан олдидаги масъулиятимизни янада ошириб юборди.

Мени ҳам бир ижодкор сифатида ташвишга солаётган масала – ота ва оналарнинг, ҳатто бобо ва момоларнинг телефонга "ажралмас дўст"га айланиб боришаётганидир. Ахборот хуружининг барча турлари ижтимоий тармоқлардаги каналларга, сайтларга, гуруҳларга кириб олаётган экан, катталар, улуғ ёшдагилар ўзларини бундай фойдаси ортида зарари турадиган, зиёкорлиги ошкору, зиёнкорлиги пинҳон телефон ҳамда интернет тармоғидаги ғоявий за­ҳарлардан имкони борича ўзларини нари торт­салар бўлмайдими?! "Қуш уясида кўрганини қилади" нақлини наҳот унутиб қўяётибмиз. Фарзанду набираларга камроқ телевизор томошалаш, телефонни қамроқ кавлаб-ўйнаш, кўпроқ билим олишга кўмаклашувчи китоблар, газета-журналлар ўқишни тавсия қилсак, уларнинг келажагига нафи катта эмасми. Ахир кенгдан-кенг, чексиз ахборот маконида чал­ғиб қолиши мумкин бўлган болаларнинг, ёшларнинг ақлу заковатига қаттиқ путр етишидан нега ташвишга тушмаслигимиз керак?! Қачонки, ёмон таъсирлар доирасида ўралашиб, нурли эртасини, порлоқ тақдирини аччиқ қисматга бой бериб қўйганида бирга пушаймон чекиб ўтиришдан фойда чиқадими?!

Мурожаатга фаол қўшилган ҳолда қуйидагиларни таъкидлашим жоиз деб ўйладим:

Ота-она бўлсангиз, аввало, тўйдириб-кийинтириб қўйгач, ишим битди деб ҳисобламанг, фарзандингизни ўз ҳолига сира-сира ташлаб қўйманг!

Агар ўқитувчи бўлсангиз, ўз фанингиздан, фақат билим бериш билан кифояланманг, таълимни тарбия билан қўшиб олиб боринг!

Шифокор бўлсангиз, ҳузурингизга келган беморга асабини толиқтирувчи "ахборотлар денгизи" гирдобига тушиб қолмасликни уқтиринг! Уяли телефоннинг зараридан уларни бохабар этишдан асло эринманг!

Қаламкаш бўлсангиз, ёзганларингиз ёшларни ғоявий соғлом камол топишига ижобий таъсирини ўтказа олсин!

Ана ўшанда барча оила раҳнамолари, биз зиёкорлар жамият олдидаги муқаддас бурчимизни ҳалол ва фаол адо этиб бориш билан ҳаётдаги ўрнимизга муносиблик мақомига эришамиз.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

"Шуҳрат" медали нишондори.