Таниқли романнавис Исҳоқжон Нишоновнинг адабий армуғонлари

Қозоғистонда дунё ноширларининг эътибору эътирофига тушди

Дўстлик туйғуси одамлар ва миллатлар орасидаги кўзга кўринмас шундай риштаки, гўёки қалбларни бирлаштиради, мақсадларни муштарак қилади, эзгу ният манзилларига етиш учун қўлни қўлга беришга чоғлантиради. Натижада кўзга кўринадиган борди-келдилар, ҳамкорлигу ҳамнафасликлар турмуш тарзимизга маъно-мазмун бахш этади. Алал-оқибат кучимизга куч, қудратимизга қудрат қўшади. Инсониятни тарбияловчи адабиёт ҳам шу қимматли туйғуларнинг барқарору бардавом яшашига таянч ролини ўйнайди. Тарбия воситаси сифатида ижобий таъсирини ўтказади. Ёзувчи ва шоирларнинг бу борадаги хизматлари беқиёс. Халқлар дўстлиги – адабиётлар дўстлиги, адабиётлар дўстлиги – халқлар дўстлиги сифатида улар тарозининг икки палласи, аҳил-иноқ, файзли-фаровон ҳаётимизни мувозанатини таъминлайди. Тинчлик бор жойдан қут-барака, тараққиёт аримайди. Ўз навбатида ҳаёт ҳар биримиздан бу борада катта масъулият талаб этади. Айнан мана шу шарафли вазифа юкини ҳамиша елкасида кўтаришдан ҳормай-толмай келаётган ижодкор Исҳоқжон Нишоновнинг 2023 йилда эришган ютуқлари барча қалам аҳлига ҳавасли, мухлисларига эса фахрли.

Менимча, XXI аср ахборот-технологиялари асри бўлиши билан бирга китоблар асри ҳамдир. Дунё бозорининг моддий неъматларига эҳтиёж қанчалик кучли бўлса, маънавий яратиқларга ҳам ундан кам эмаслиги ойнадай аён. Ахир китобсиз дунё – хитобсиз дунё, китобсиз ҳаёт – офтобсиз ҳаёт кабидир. Мустақилликка эришилгач, эркин ижодкорларнинг йўли йилдан-йилга кенгаймоқда. Исҳоқжон, энг аввало, мамлакатимиз китоб бозорининг, дўконларининг пештахталарига таъбир жоиз бўлса, "дурдоналикка даъвогар" асарларини қўяверди. Ўзбек детективи жанрида битилган қизиқарли қиссаю романлари сарғаймасдан сотилиб, дарров қўлма-қўл бўлиб кетаверди. Сўнгра бир номда бир неча жилдли эпопея ёзишга ўзида журъат топди, кеча-кундуз тунларни тонгга улаб, гоҳ қоғозга, гоҳ компьютерга юзма-юзликдан безимади. Аксинча, ёзишнинг завқу шавқи билан кўнгли лиммолим тўлди. Мухлисларнинг "Давомини қачон ўқиймиз? Тезроқ чоп эттиринг!" қабилидаги сўрову чорловларидан мотивация олиб, "Афғон шамоли" роман-эпопеясини дастлаб 8 жилдга етказди, сўнгра яна 6 жилд қўшди. Бу ўзбек адабиётида ҳозирги рекорд даража эмасми?! Майли, камчиликлардан, яъни ифодалар маромига етказилмаган саҳифалардан холи бўлмаса ҳам.

Мураккаб ва долғали даврнинг ғоявий кураш майдонидаги экстремистлару террорчи шахсларнинг хатти-ҳаракатлари даҳшатли оқибатларга олиб боришини фош этувчи мазкур роман-эпопея кўп ўтмай хорижликларниям назарига тушди. Инчунин, дўсту душманлик мавзуси-жаҳоний мавзу, маърифат ва жаҳолат кураши – оламий кураш. Бундай ҳамиша дўстлик ва маърифатнинг ғолибона руҳи устувор асарлар инсониятни кулфатлардан огоҳлайди, ҳушёр торттиради. Ер юзининг шарқу ғарбида, шимолу жанубида ҳам одамзоднинг ўзини ўзи англашига, қиёмат қойимни узоқлаштиришига кўмаклашади.

Афғонистон – дунёнинг хавфли нуқтаси сифатида неча-неча ўн йиллаб тинчликсевар халқларни ҳадикка солиб келаётган бир шароитда, XXI аср биринчи ўн йиллигида Исҳоқжон Нишонов юрак ютиб, чиндан қалтис мавзуга қўл урдики, бу тасодифий ҳол эмасди. Мустақилликнинг илк йилларида афғоннинг "заҳарли чанг тўзони" бизнинг юртимиздаям сезилиб қолаётганди. Нафақат ёшлар, баъзи катталарниям онгига "хавф­ли заҳар" таъсир ўтказиб қўйса борми, тўғри йўлдан адашишимиз миллат учун, халқ учун жуда-жуда қимматга тушарди. Келажак ташвиши, одамларнинг алданиб қолишига йўл қўймаслик қайғуси Исҳоқжоннинг қаламини автоматдек "сайратди" ўша янги тузумимизга дарз етказишга интилаётган буз­ғунчи, урушқоқ кимсалар томон. Уларнинг ғараз ниятини, бадномлигини фош этувчи роман йилма-йил қаторлашди. Ўзбекистоннинг бозору дўконларида. Халқимиз қизиқиб ўқиди ва асосий гап – кураш нимада эканлигини чуқур англаш зарурлигини янада аниқроқ уқиб борди.

Юқорида айтганимиздай, Ўзбекистондаги воқеа-ҳодисалардан бохабарликка эҳтиёж дунё китобхонларида ҳам пайдо бўлгани табиий ҳол эди. Шу боис, Наманган давлат университетининг хорижий тиллар факультети олим-таржимони Зоҳиджон Содиқов "Афғон шамоли"нинг биринчи китобини немис тилига ўгириш ташаббускорига айланди. Олмониялик таржимон-ношир Якуб Тоубе билан ҳамкорликда қисқа фурсатда бунинг уддасидан чиқди. 2013 йили китоб "Шлоссер" нашриётида немис тилида кўп нусхада чоп қилинди. Бошқача айтганда, Наманганнинг Шаҳанд қишлоғида қалам тебратувчи Исҳоқжон Нишоновга ўз ижодий маҳсулотини хорижга экспорт қилишга мушаррафлик насиб этди...

Исҳоқжон Нишонов учун 2023 йил унутилмас ҳодисалар билан бошланди. "Афғон шамоли"нинг 1-, 2– ва 3-китоблари рус тилида "Ёш куч" нашриётида кўп нусхада босилди. Наманган давлат университети профессори Қодиржон Носиров ўзбек тилидан рус тилига маҳорат билан таржима қилганлиги ҳозирдаёқ ўзга тилли мухлислар сафини кенгайтирмоқда.

Шу йил апрель ойи ўрталарида Қозоғис­тон пойтахти Остона шаҳрида Европа ва Осиё қитъасидаги давлатларнинг Халқаро VI китоб фестивали ташкилланаётгани ҳақида хушхабар тарқалди. Анжуманга ёзувчи Исҳоқжон Нишонов ҳам таклиф этилди. Албатта, таниқли адиб сафари ҳамюртларини ҳимматсиз қолдирмади. У Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов ҳамдаТўра­қўрғон тумани ҳокими Аҳрор Мансуровларнинг ҳомийлик кўмагида хорижга жўнаб кетди. Қарийб бир ҳафта, яъни 18 апрелдан 23 апрелгача давом этган фестиваль ғолиблари сафидан Исҳоқжон Нишоновнинг ҳам ўрин олиши ғоят фахрли натижа бўлди. Унинг бир неча китоби дунё ноширларининг алоҳида эътирофларга сазоворланди.

– Фестиваль доирасидаги халқаро кўргазмада икки қитъанинг 51 мамлакатидан 150 нафардан зиёд ноширлар, адиблар иштирок этишди, – дейди сермаҳсул ижодкор, – Ўзбекистондаги "Янги Ўзбекистон", "Ёш куч" нашриётлари томонидан тақдим қилинган китоблар юқори баҳоларга муносиб кўрилди. Мен ҳам ўзимнинг 20 дан ортиқ асарларим билан қатнашдим. Фестивалга ташриф буюрган китобхонларнинг мамлакатимизда чоп этилаётган бадиий адабиётларга бўлган қизиқишларини кўриб, беҳад қувондим. Улар Нурали Қобул, Улуғбек Ҳамдам, Хуршид Дўстмуҳаммад, Шойим Бўтаев каби қаламкашларимизнинг асарлари билан яхши таниш эканликларини айтишди. "Янги Ўзбекистон" нашриётида тайёрланган "Янги Ўзбекистон" китоби кўпчиликда қизиқиш уй­ғотиб, бой таассуротлар туйдирди. Шоир ва таржимон Муҳиддин Омон ярмаркага келганларга китобларни шарҳлаб, таништириб турди. Каминанинг "Афганский ветер", "Тайна бриллантового перстня, "Жасорат", "Миллат виждони", "Самода чақнаган юлдуз" ва "Довон" сингари китобларимни кўплаб ўқувчилар сотиб олишаётганининг шоҳиди бўлиб, кўнг­лим тоғдек кўтарилди.

Тадбир ташкилотчиси – "Фои­лант" наш­риёти директори Нурлан Исабеков "Аф­ғон шамоли"нинг 14 та жилдини, Туркиянинг китоб савдоси билан шуғулланувчи "Introtema" компанияси вакили Муҳаммад Афанди "Иймон ва муҳаббат", Москва давлат кутубхонаси "Афганский ветер", Қозоғистоннинг Пушкин номидаги кутубхонаси "Миллат виждони" ҳамда "Самода чақнаган юлдуз" асарларимни ўз она тилларида нашрдан чиқариш истагини билдирдилар. Таржимон Айгул хоним "Абайнинг муҳаббати" қиссамни қозоқчага ўгириш ниятини айтди.

Шаҳандлик шижоати баланд адибимиз нуфузли фестивалнинг Фахрий ёрлиқлари, кўкрак нишонлар ҳамда қимматбаҳо совғалар билан қайтди.

Тиниб-тинчимас қаламкаш, миллатлар­аро дўстликни ўз асарлари билан янада мус­таҳкамлашнинг фидоий курашчиси яна мухлислар ҳузурига ошиққани ошиққан. Яқинда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг "Қозоқ филологияси" факультети талабалари билан учрашди. Абай Қўнонбой ўғли ҳақидаги қисса ва романлари юзасидан қизғин савол-жавобларда ёшларга дўстона муносабатларнинг беқиёс шарофатларига эришиш учун эзгу ният йўлида дадил бориш зарурлигини қайта-қайта уқтирди. Тадбир сўнггида факультет ўқитувчи-профессорлари ҳамроҳлигида олийгоҳдаги маънавий маскан – "Абай музейи"ни ҳам зиёрат қилди.

Дўстлик – қудратли туйғу. Ватансиз яшаш қанчалик мушкул бўлса, дўстларсиз ҳаёт ҳам инсонга сира-сира татимайди. Ватанимизнинг тинчлигию, дўстларимизнинг соғу омонлиги ҳар биримизнинг чинакам бахтимиздир. Исҳоқжон Нишоновнинг асарлари мана шу икки энг муҳим туйғунинг таъсирчан тарбиячилари қаторида алоҳида қимматга эгадир.

Содиқ САЙҲУН.