ЁХУД ЎЗИГА ХОС РУСТАМОНА МАЪНАВИЯТ БЎСТОНИ
(Давоми. Бошланиши ўтган сонда).
Кўрдикки, ҳақиқат эгиладию, асло синмайди. Наманганликлар қанчадан қанча олтин одамлари борлигини алал оқибат бутун мамлакатга, жаҳонга намойиш этишди. Улар жанггоҳларда жон беришди, "халқ душмани" деган лаънат тамғасига қасддан дучор этилишди. Қатоғон қурбонларига айланишди. Меҳнат жабҳаси машаққатига сабр-бардоши етганлар, ноиложликдан ўз Ватанида яшаб, ўзгалар ватани учун қайғуриб, елкаси офтоб кўрмаса-да, қисматига розидай умргузаронлик қилган минг-минглаб сонли наманган аҳли қарийб 130 йил давомида, токи мустақилликкача ҳам ким эканлигини яққол намоён этолганини энциклопедиядаги улуғ инсонлар тақдирида чуқур ҳис қилишимиз мумкин: ўзбек маърифатпарвар жадидларининг Намангандаги байроқдори – Исҳоқхон тўра Ибрат (1862-1937), 1929 йилдан бошлаб тўққиз йил Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби бўлиб ишлаган Акмал Икромов (1898-1938), оташин шоир Усмон Носир (1912-1944), Ўзбекистон Олий Совети Президумининг Раиси вазифасида 1943-1947 йиллар фаолият юритган Абдували Мўминов, Ўзбекистон Энергетика вазири Азиз Ҳамидов (1962-1986), академиклар Абдумавлон Абдуллаев, Рауф Абдуллаев, Аҳмадали Асқаров, Юрий Арзуманов, Эргаш Отахонов, Мелихон Охунова, Салим Пўлатов, Маҳмуд Салоҳиддинов, Ёлқин Тўрақуловларни жаҳон таниди.
Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонлари – Олтин Юлдуз соҳиблари сафида Солижон Адашев, Михаил Акимов, Михаил Аҳмедов, Файзулла Йўлдошев, Набижон Мингбоев, Абдусаттор Раҳимов, Мамашариф Фаёзов, Александр Гладков, Юрий Должанский, Владимир Кулешов, Лутфулла Сабагатуллин, Борис Ивановский, Григорий Ефименко каби Наманган ўғлонларининг борлигидан ифтихор туйишга ҳақлимиз. Ҳозиргача бизлар уларнинг 5 нафари тўғрисида билардик, холос. Энди энциклопедия орқали 13 нафаридан воқиф бўлаётганимиз муаллифнинг изланишлари бесамар кетмаганидан дарак беради.
Ҳар бир даврнинг кўзга кўринган давлат арбоблари бўлади. Истаймизми-истамаймизми тан олишга ўрганишимиз шарт. Зеро, уларнинг ҳар бирлари ортида минглаб, миллионлаб халқ туради. Гўё улар катта карвоннинг катта иқтидорли сарбонлари сингари элнинг қорнини тўйдириш, усти бутлигини таъминлаш, ҳаёти фаравонлигига эришиш учун кеча-кундуз ташвиш чекканлар. Ҳар доим эл манфаатини шахсий манфаатидан устун қўйганлар. Бундай ташкилотчи ва ташаббускор инсонлар ҳамиша эслашга муносиблар. Қомусдаги Наманган вилоятига раҳбарлик қилган Турсун Қамбаров (1945-1946), Ориф Алимов (1946-1948), Нуриддин Муҳиддинов (1948-1950), Асадулла Хўжаев (1967-1973), Мирзаолим Иброҳимов (1973-1976), Маҳкам Камолов (1976-1984), Назир Ражабов (1984-1987), Бўри Алламуродов (1987-1990) ва бошқаларнинг суратларига боқиб, таржимаи ҳоллари билан танишиб, инсоннинг абадийлигига элга бахшида умри кафолат бўлишлигини яна бир марта теран ҳис қилдик. Уларнинг кўплари Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларидан етишиб чиқишгани билан Наманганга эллашиб кетишган фидойи раҳбарлар тоифасидан эканликлари шундай эътирофу эътиборга сазоворлагани ҳаётий ҳақиқатдир.
Умуман айтганда, вилоятимиз аҳлига хос меҳмоннавозлик, каттаю-кичик раҳбару раҳнамо атрофига жипслашиш, бири бирининг ютуғидан қувониш, бири бирига меҳру мурувватини аямаслик хислатлари ҳар соҳада довруқдор инсонлар камолотига ҳамиша бардавомлик бағишлаб турган. Энциклопедияга киритилган қўқонлик ижодкорлар Муҳаммад Шариф Гулханий, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, каттақўрғонлик шоир Мамарасул Бобоев, андижонлик академик Абдулла Аъзамов, ғазалнавис Ҳайитбой Азимов, бухоролик Ўзбекистон халқ артисти Ширин Азизова, марғилонлик журналист Ўлмас Алиевларку Ўзбекистонга таниқли инсонлардир. Ҳатто хориждан келиб, Наманганнинг нон-тузини бир неча йил тотган, ўзининг билими ва иқтидорини ҳамюртларимиз билан сидқидилдан баҳам кўрган машҳур мутахассисларгача четда қолдирилмагани янада маъқулу манзур. Улар россиялик файласуф-профессор Алексей Цой, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Валентин Фадеев, афғонистонлик бўлиб кетган муҳожир ижодкор Саид Акмал Парвона, украиналик Ўзбекистон халқ артисти Лаут Розалинда, қозоғистонлик Исмоил Атойи, белоруссиялик Тамара Голевей, венгериялик Уйфальви де Мезо Ковешд, татаристонлик халқ рассоми Зуфай Гиймаев ва рўйхатни яна давом эттираверишимиз мумкин. Бу каби донги дунёга кетган кишилар ҳам "Ғазнаи Намангон"нинг "олтин бисот"ларини тўлдиргани фақат олқишларга арзирли ҳодисадир. Яқин ўтмиш тарихимизни безаганлар ҳам энди ҳеч вақт ёдимиздан чиқишмайди уларни абадиятга муҳрлаган энциклопедиямиз туфайли.
Истиқлол – чин иқбол деганларидай эмин-эркин ҳаёт маънавий оламимиздаям катта эврилишлар эшигини очиб юборгани шак-шубҳасиз чала, сохта ҳақиқатларга ойдинлик киритиш мавридига етказди. Мустақилликача "босмачи" тамғаси билан қораланган шахслар бугун ўз ватани фидойилари эканини билиш билан миллий ғуруримиз янада ўсади. Қомусда битилишича: "Омон полвон... – Фарғона водийсидаги тўққиз йирик қўрбошиларининг бири. Омон Полвон Қизил равотда (Уйчи тумани) туғилган, мироб эди, 1918 йилгача ўз қишлоғида ариқ оқсоқоли бўлган. Қизил ҳокимиятга қарши қуролли ҳаракат бошлангач, Омон Полвон қўлидаги 2,5 – 3 минг йигити билан Мадаминбек ва Шермуҳаммадбек топшириқларини бажарган. Уйчилик Мақсуд қўрбоши билан яқин эди. Омон Полвон қўлга олиниб, 1923 йил 13 июнь куни Наманганда отиб ташланган".
Энциклопедияга хос хусусият унда деярли барча маълумотларнинг мужассамланиши эканини назарда тутсак, қомусчи ижодкор Рустамжон Умматовнинг ўқувчилар олдида юзи ёруғ, десак асло янглишмаймиз. Китобга саралаб-саралаб, муносиб сайланганларга заррача эътироз туғилмайди. Элга таниқли кишиларнинг ҳеч бирини эсдан чиқармасликка ҳаракат қилинган. Бунга қарийб эришилган кўринади. Менинг ўзим беихтиёр қидирган икки шахс ҳақида ҳам осонгина маълумот топа олдим. Чунончи, ёшлигимизда Наманган шаҳрида Муҳиддин Шоҳимардонов кўчасидаги бобомиз уйида яшагандик. Ўшанда "Кўчамиз нега шундай номланган?" деган савол хаёлимдан ўтарди. Ниҳоят 50 йилдан сўнг мазкур энциклопедиядан жавоб топдим: "Муҳиддин Шоҳимардонов (1895-1942) – қатағон қурбони. Наманган аҳлини янги ҳаётга, маърифатга бошлаган етакчилардан бири... Наманган шаҳрида бир неча йил маориф бўлимига мудир бўлди, уездда ишлади ва Чортоқда "Қўшчи" уюшмасига раислик қилди. 1936 йили Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигида иш бошлади. Тошкентда ҳибсга олинганда (1937 йил 25 август) вазирликда... бошқарма бошлиғи эди. Дарҳақиқат, у Акмал Икромов билан Наманган маорифида ишлаган чоғларида танишган ва ўша-ўша икков яқин муносабатда эдилар. Мана шу яқинлик туфайли ва энг муҳими Арабистонда туғилгани учун "халқ душмани", "ажнабий капиталистлар жосуси" бўлди-қолди". Қаранг-а, буваси оғир оёқ онаси билан бирга ҳажга борганида ўша жойда туғилган боладан улғайгач "жосус" ясашган экан-да, манфур тузум маъмурлари.
Тўрақўрғон туманида халқ оғзида "Есин" номи билан (асли Хўжанд) аталувчи қишлоқ бор. Илгаридан биламиз шу ерда Қўқон – Наманган темир йўлининг Иессен станцияси мавжуд. Бу инсоннинг кимлигию, нима учун номи эъзозланганидан кўпчилик ҳали ҳануз бехабар эдик. Фақат Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Вагон келди" мусаддасида темир йўл қурилиши масъулларидан бири экани тилга олиб ўтилганди. Энди энциклопедияда мухтасару мукаммал маълумот келтирилгани айни муддаодир. Энг муҳими, халқимиз бежиз бу инсоннинг номини унутмаётгани ойдинлашди: "Иессен Людвиг Людвигович – Наманган шаҳридаги илк жамоат кутубхонасининг асосчиси. 1901-1905 йилларда Наманган уезди бошлиғи бўлиб, капитан унвони билан иш бошлаган ва подполковник унвони билан истеъфога чиққан. У 1903 йили Фарғона вилоят бошқармасига кутубхона очиш масаласида расмий хат билан мурожаат қилади...". Натижада бошқарма бошлиғидан рухсат келади. 1904 йилдан эътиборан кутубхонага шаҳар бюджетидан 500 рубль ажратилишига розилик билдирилади. Минг-минглаб китоб фондига эга кутубхона аҳолига пуллик хизмат кўрсата бошлайди. Ана энди орадан бир асрдан зиёд вақт ўтиб, Иессен халқ меҳрини қандай қозонганлигининг сиридан янги қомусий китоб орқали воқиф бўлдик.
Юқоридаги каби тарихий жиҳатдан қимматли ва тарбиявий томондан аҳамиятли катта-кичик қайдномалар энциклопедиянинг анча мукаммал тузилганини далолатлайди. Китоб устида қунт билан астойдил бош қотирилгани, ҳатто тили содда ва тушунумли, ифодаси халқона битилгани мутолаамизга уқумлилик бағишлайди.
Мақоламиз хотимасини муаллифга қарата қуйидаги фикрларни айтиш билан якунлаймиз: Сиз ижод оламида ўзига хос Рустамона маънавият бўстони яратибсиз. Инчунин, олам ва одамни ҳамиша теран кузатасиз, энциклопедияни ўқиб, шуни англадимки, сиз аслида ҳаёт денгизидан бир дарёсини, ирмоғини қайириб олиб, унга ўша денгиз жилосини, ўша денгиз тўлқинини, ўша денгиз овозини мужассамлаб юборишга қодир қалам соҳиби эканлигингизни яна бир бор намоён қилибсиз. "Ғазнаи Намангон"ингиз худди қуёш қучган шабнамдек кўнгилларимизда ҳайрату ҳаваслар уйғотди ва уйғотаверади.
Содиқ САЙҲУН.