ЁХУД ЎЗИГА ХОС РУСТАМОНА МАЪНАВИЯТ БЎСТОНИ
Ватанда яшаш бошқаю, ватанни таниш бошқа. Ватанда яшаш – ёруғ оламда кўз очгач, ўзини мезбондек тутишу, кўз юмар чоғи меҳмон эканлигини идроклашдир. Ўтган ҳар куни, ҳар соати, ҳар дақиқаси, ҳар они ғаниматдан ғаниматлигига иқрорланишдир. Ватанни таниш эса икки эшик орасида кечар умримиз поёнигача ери, суви, ҳавоси, қўйингки, бору бисоти билан беминнат сийлайдиган қадру қиммати беқиёс гўшамизга меҳр-муҳаббатдан бошланади. Уни жон қадар суямиз. Кўҳна оламда қачондан мавжуду, кимларга бешик, кимларга ғурур, кимларга шаъну шавкат бўлганини билишга қизиқамиз. Албатта, буларни китоб аталмиш маънавий мўъжизалар муждасидан излаб топамиз.
Мана, қўлимизда улардан энг оҳорлиси – "Ғазнаи Намангон" энциклопедияси. "Одатда бундай тўпламларнинг муаллифлари бир нечагина ҳам эмас, балки катта ижодий жамоа бўлардию?!" – деган таажжуб, иштибоҳ кўнглимиздан беихтиёр кечганини яшириб нима қиламиз. Ахир қомусий китоб яратишнинг ўзи бўладими. Қамрови кенгдан кенг, маълумотлари кўпдан кўп, ифодаси мухтасардан мухтасар энциклопедия ижодкорларидан озмунча билим, озмунча иқтидор, озмунча меҳнат талаб қиладими? Йўқ, албатта. Бироқ Рутамжон акамизнинг журъату жасорати исми жисмига мосликни даъво қилиш билангина чекланиб қолмай, амалда исботлаганига қойил қолмасдан ўзга чорамиз борми?! Энциклопедияга тартиб беришда ноанъанавий йўлни танлаган, бир ўзи бир гуруҳ қалам аҳли бош қотирадиган ишнинг уддасидан чиққан ёзармон дўстимизга фақат ва фақат қуллуқ қилишимиз муносиблиги боисини изоҳлаш учун китоб мутолаасига киришишни, ўқиганларимиздан уққанларимизни қисқача бўлса ҳам газетхонлар билан баҳам кўришликни ижодкорлик бурчимиз деб ҳисобладик.
Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шавкатжон Абдураззоқовнинг сўзбоши ўрнида берилган "Кўҳна ва янги Наманган қомуси" мақоласида таъкидланганидек: " Энциклопедия "Ғазнаи Намангон" деб аталади. Бу атаманинг беш юз йиллик тарихи бор ва "Бобурнома"да илк бор қўлланганки, бизга Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан меросдир. Қомус уч китобдан иборат, мақолалар анънавий тарзда алифбо тартибида жойлаштирилди ва мавзулар хусусида бўлакчароқ йўл тутилган. Биринчи жилднинг бош мавзуси – инсон омили ва у "Олтин одамлар" деб аталди". Демак, ўқиётган китобимиздаги ҳалол ва фаол хизмати билан элда юқори мартаба ва юксак қадр-қиммат топган кишилар ана шундай сифат таърифига муносиб кўрилгандир. Гарчи Наманган беш юз йилдан буён ғазна (ҳазина) сўзи билан эгизланиб келса-да, аслида бу ўлканинг 2500 йиллик, ҳатто бундан-да ортиқ кечмиш тарихи мавжуд. Ана ўша ўтмишнинг энг муҳим лаҳзаларига назар ташланади мазкур қомусда ҳам.
Зотан, тарих йиллар қатига яширинган ҳақиқат. Тарих – умрбоқий воқеалар. Тарих – халқнинг кечаги куни. Уни ўрганиш – Ватанни таниш. Уни ўрганиш – халқим деб ёниш. Уни ўрганиш – чиндан уйғониш. Биз мароқ билан танишаётган энциклопедия маънавий бўстондаги атласдек ранго-ранг гулшану гулдастага ўхшайди. Сара сўзлардан таркиб топган энг қисқаси 3-4 қаторли, энг узуни 150-250 сатрли маълумотларни ўқиб, қандай юрт фарзандлари, қандай аждодларнинг авлодлари эканлигимизни англаб етамиз, Наманганимиздан, наманганликларимиздан беҳад фахрланиб кетамиз.
Китобдан қайси даврдаги қандай маълумотни қидирсак, хоҳ у қадимга тааллуқли бўлсин, хоҳ у яқин ўтмишу бугунги кунга дахлдор бўлсин, деярли осонгина топа оламиз. Бу, муаллифнинг қомусга монанд имкон қадар мукаммалликка эришганига иқрорлантиради. Қулайлиги тизимли ўрганилган, асосли сараланган, алифбо тартибида жойланган, аниқ рақамлар, беинкор далиллар келтирилган. Масалан, фақат А ҳарфи остида берилган маълумотларнинг ўзидаёқ бир олам воқеалар моҳиятию, одамларнинг фаолияти мужассамланган. Уларда Ватан, давлат ва халқ теварагида фикр юритилган. Ватан бор экан – давлат даркор, гуллаб-яшнаган давлатнинг халқи фидокор, деган ғоя устуворлигини кўрамиз. Ахсикентга "Наманган Афросиёби" тавсифи бежиз берилмаганидан шоҳидланамиз. Эрамиздан аввалги IV асрлардан бошлаб милоднинг XII асригача ҳокимлик қилганлар қаторида Мугуа, Ашина Чечак, Хўрмуз, Шоҳ Жарир, Шоҳ Фазл, Самонийлар, Амир Мансур, Амир Аҳмад, Қилич Ҳожиб Аҳмад, Садриддин Музаффар Оталиқ каби ҳукмдорлар ҳақида қисқа, лекин ғоят қимматли қайдларни ўқиймиз. Уларнинг ҳар биридан тарихда ўчмас из қолганидан ҳам воқиф бўламиз. Биргина Мугуанинг жасорати ахсикентликларнинг ҳатто хитойликлардан устун турганини аёнлайди:
"МУГУА ( эр. ав. I – II асрлар) – Ахсикент ҳокими... Чин императори У Ди Давань – Фарғонага қўшин тортади. Н.Я.Бичуриннинг таърифича, Мугуа жасур ва қатъиятли ҳукмдор бўлиб, эр. ав. 104 йили босқинчиларни тор-мор қилади...".
Энциклопедиядаги Фарғона давлатчилигининг иккинчи босқичи даври пойтахти Ахси (Ахсикент эмас, ундан 4 – 5 километр нарида XIV асрда пайдо бўлган) ва унинг аллома фарзандлари ҳақидаги кўпдан кўп янгиликлар дарров диққатимизни тортади. Умаршайх Мирзо (Амир Темурнинг ўғли), Мирзо Искандар, Амирак Аҳмад (Умаршайх Мирзонинг ўғли), Поянда Бакавул, Дўст Муҳаммад, Умаршайх Мирзо (Бобурнинг отаси), Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Жонибек Султон, Абдулфатҳ Муҳаммад Дарвиш Баҳодир, Абдулфатҳ Султон Дўст Муҳаммад, Боҳодирхон, Музаффариддин Султон Абдулхайр Баҳодир, Абдулфатҳ Иноқ Муҳаммад Баҳодир Султон, Ҳошим Султон, Ўзбекхон, Султон Севинчхон, Абдулфатҳ Султон, Мирзо Муҳаммад Баҳодирхон ва бошқа ҳукмдорларнинг номлари, ҳокимлик даврлари саналари қайд қилинган. Буларга аниқлик киритиш, тўплаш ва тартиблаш учун қанчадан-қанча манбаларни излаб, топиб, қиёслаб, энг тўғриларини ажратиб олиш муаллифдан ўта зукколик ва машаққат талаб қилган, албатта. Бир неча аср ортда қолган тарихнинг ўқилмаган қоронғи саҳифаларига бу билан гўё нур югуртирилди. Билмаганларимизни билиб олишимизга имконият туғдирилди.
Маълумки, 1620 йилдаги даҳшатли Ахси зилзиласи пойтахт ҳаётини ер билан яксон қилди. Энди вилоят маркази бир муддат Тўрақўрғонга, сўнгра Ғазнаи Намангонга кўчди. Худди шу ҳолат энциклопедиядаги кейинги маълумотларга сингдириб юборилган. Айниқса, Қўқон хонлигининг таянчи сифатида Наманган атамаси билан ривожга юзланганини шоҳидловчи қайдлар етарлича мавжуд. Чунончи, ҳокимлар, олимлар, авлиёлар, шоирлар тавсифида буларни уққандай бўламиз. Янаям эътиборли жиҳати мавжуд манбалардан фойдаланганида муаллиф уларни асос ўрнида қайд этса-да, бошқа энциклопедист ижодкорлардан фарқли равишда ўз муносабатини билдирмасдан ўтмайди. Натижада матнларни мушоҳадалашда ўқувчига кўмаклашади, тўғри хулоса ясашга йўллайди. Чунки, тарихий шахслар, тарихий ҳодисаларга муносабатда 20-асрдаги советлар даврининг нохолис талаблари билан бугунги қарашлар ўта фарқли эканини назардан қочирмайди. Барибир тарихга муносабат ўзгарса-да, унинг ўзи ўзгармасдир. Шундай экан, Рустамжон Умматов хонликларнинг тугатилиши, рус давлати истилоси ва "Октябрь инқилоби" атамаси билан тарихга кирган "Қизил империя" тасарруфида ҳам Наманган ва наманганликлар ҳаётида қайд этса арзигудек аччиқ қисмат билан эзгу умидлар сари интилишлар бўй кўрсатганидан ҳам кўз юммаган. Энциклопедиядаги икки аср одамлари тўғрисидаги маълумотлар ҳам ўкинчли, ҳам қувончли таассуротлар уйғотиши табиий. Инчунин, оқ подшо – Николай сиёсати ўзбек халқининг оз сонли бой табақаси билан ҳамтовоқланиб, кўп сонли қамбағалу фақирларга зулму зўравонлик қилиб яшашга асосланган эди. Ленин раҳбарлигидаги "қизиллар" эса бунинг тескарисини тутишди. Бойларни ўгайлатишди, қамбағалларни гўёки қанотлари остига чорлашди. Аслан иккисиниям мақсад-муддаоси бир – халқимизни тобеликда тутиш, ўзлигини унуттириш эди.
Содиқ САЙҲУН.
(Давоми бор).