ҚЎЛНИ ҚЎЛГА БЕРГАН ЎЗБЕГУ ҚОЗОҚ –

МАҚСАД МАНЗИЛЛАРИ БЎЛМАГАЙ УЗОҚ

Таниқли романнавис Исҳоқжон Нишоновнинг адабий армуғонлари

Қозоғистонда дунё ноширларининг эътибору эътирофига тушди

Марказий Осиё халқлари ягона минтақада яшаганликлари учун уларнинг ҳаётда ва турмуш тарзида фарқдан кўра ўхшашликлар кўп. Ҳатто тилларида ҳам шундай ҳолат зоҳир. ХIX – XX асрда келиб, бир-бирига уйғунлашиб бирлашиб кетдики, буни тарихга қизиққанлар, ҳужжатли ва бадиий асарларни қунт билан ўқиганлар аллақачон чуқур англаб етишган. Маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган адабиётимиз ҳам худди халқлар, миллатлар каби бир-бири билан алоқасиз, бир-бирига таъсир кўрсатмасдан ривожланолмайди. Хусусан, "Ён қўшни – жон қўшни" деганларидек, туркийлар ва форсийлар адабиётининг умуммуштарак жиҳатлари кўнглимизда қониқишгина эмас, фахрланиш ҳиссини қўзғатиши табиий ҳол. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркман ва тожик биродар халқлар узилмас занжирнинг беш халқаси ҳисобланишади. Унинг мустаҳкамлиги тарих синовларидан ўтиб, тобланиб келмоқда. Шу халқларни маҳкам тутиб турган ижодкор қавмлар орасида ёзувчи ва шоирларнинг бўй-басти қат-қат китобларда асрма-аср кўриниб келаётгани адабиётлар дўстлиги – халқлар дўстлиги дейишга ҳақлилигимизга асос бўлиб хизмат қилади. Адабиёт намояндаларининг улуғлиги ҳам ана шунда. Улар халқ руҳиятини, орзу-ўйларини, кечмишларию, курашларини таъсирчан шеърлар, достонлар, ҳикоялар, қиссалар, романлар ва драматик саҳна асарларигача сингдириб юборишга қодир инсонлардир. Худди бизнинг Исҳоқжон Нишоновдек.

Бу номни эшитганингизда ёки ўқиганингизда беихтиёр "Афғон шамоли" эпопеясини эсламаслигингиз асло мумкин эмас. Чунки, 14 жилддан тартибланган, эндиликда ҳар иккиси бир муқовага жойланиб, қалин китоблар шаклида "Ёш куч" нашриётида минг-минглаб нусхада яна қайта чоп этилаётганига қарамай, дўкон пештахтларида чанг босишга улгурмай сотиляпти. Ғоят қизиқарли, сир-сабоқ саргузаштлардан тартибланган яқин ўтмишдаги халқимиз қисматининг таҳликали лавҳаларидан чинакам романдаста ярата олган ҳамюртимиз бу ижод йўлида озмунча изландими, озмунча машаққат чекдими, озмунча изтиробда ёндими, аввало, ўзига аён. Бироқ ўқувчиларга маъқулу манзур асар туркумининг муаллифига айланиш толеидан бенасиб қолмади. Унга ўз истеъдодига етарли ишонч бағишлаётган қатор-қатор китоблари йилма-йил, пешма-пеш олам юзини кўриб бормоқда.

Энг эътиборлиси, Исҳоқжон Нишонов детектив романчиликдан тарихий романчиликка дадил ўтиб кета олди. Даставвал, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг Наманган воқеалари чоғидаги марду майдонлигини кўрсатувчи "Жасорат" романини 2017 йилда ёзди. Бу алоҳида мавзу бўлгани учун фикримизни ҳозирча бўлмаймиз. Яна миллатлар дўстлигини мустаҳкамлаш "юки" ёзувчи ва шоирлар зиммасидаям залворли эканига қайтсак, ана шу "юк"ни Исҳоқжон қарийб ўн йилдан буён ихтиёрий равишда кўтаришга ўзини ва сўзини чоғлантириб, бағишлаб яшаётган беминнату жонфидо инсон сифатида юртимиздаям, юртимиздан ташқаридаям таниқлилик мартабасига эришди.

Чунончи, қўшни Қозоғистон Республикаси ёзувчининг қадр­дон дўсту танишлари ватани тимсолида бутун ўй-фикрини банд этиб қўйди. Бунгаям "Афғон шамоли" сабабчи бўлди. 2014 йили уни Осиё ва Европа ёзувчиларининг Олмаота анжуманига таклиф қилишди. Исҳоқжон машҳур роман-эпопеясининг муаллифи сифатида қатнашди. Мамлакатнинг нуфузли санъат саройидаги адабий йиғинда унинг номи ўзбек ижодкорлари вакили сифатида жаранглаганида кўнглини бетакрор ҳаяжон қамради. Заҳматлари раҳматларга муносибланаётганини юрак-юракдан ҳис қила бошлади. Эртасига қозоқнинг оламга довруқли адиби Мухтор Авезовнинг уй музейига саёҳатидан янада мароқ туйди.

Улуғ қаламкашнинг оддий ёзув столига ўтириб, машинкасини ҳавас билан "чиқиллатиб" кўраётиб, ичида "Мен ҳам шундай буюк ижодкорга ўхшайин" деган туйғу кечган бўлса ажаб эмас. Бу гапларни қўлимдаги ўша музейда тасвирга муҳр­ланган суратларга боқиб айтяпман. У Мухтор оғанинг "Абай" ва "Абай йўли" деган 4 томлик китобларига кўзи тушганида кўнглида ижод чақмоғи чақиб кетди. Абайни ўқиш, Абайни ўрганиш ва у ҳақда бир нималарни битиш нияти туғилди.

Яқинда Абайнинг "Қора сўз" асари янгитдан ўзбекчага ағдарилди. У ҳақда ижтимоий тармоқда билдирилган Исҳоқжон Нишоновнинг қуйидаги муносабати бизнинг юқоридаги фикримизга гўё изоҳдек:

"Қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, бетакрор шоир, маърифат ва тараққиёт куйчиси, исломнинг асл моҳиятини англаган уламо Абай Қўнонбой ўғлининг "Қора сўз" асари аллақачонлар туркий халқларнинг севимли асарига айланиб бўлган. Дунёнинг бир қатор халқлари тилларига таржима қилинган. Уни дунёга маълум ва машҳур этган асари ҳам шу. Мен бу китобни ўқувчилик йилларимдаёқ ўқиганман. "Миллат виждони" романимни ёзишда бу асардан озиқ олганман... Адабиётшунос олим, педагогика фанлари доктори, профессор, устоз Қозоқбой Йўлдошев яқинда мазкур асарни ўзига хосу ўзига мос равишда ўзбекчалаштирибдилар. "Қора сўз" аслида ҳикматнома. Унинг ҳар бир сатрида, ҳар бир сўзида илоҳий сеҳрни сезгандекман.

Таржимон ўз руҳиятини Абай руҳияти билан уйғунлаштира олган. Унинг идрокида "Қора сўз" ўзининг янгича жилваларини жилолантирган...".

Исҳоқжон учун бу асосий манба ролини ўйнаган бўлса, Абайнинг 175 йиллиги нишонланган 2018 йилги сафари вақт­даги излагану топганлари эзгу ниятлари ижобати учун жуда-жуда асқотган. Инчунин, у энди Абай юрган йўлларда юрди, Абай яшаган ва ишлаган шаҳару овулларда қўноқланди. Абай авлодларидан бўлмиш Элнур Азимбоев унга ҳамроҳлик қилди. Семей вилоятида буюк оқиннинг янги ҳайкали очилиш маросимида қатнашди. Қозо­ғис­тон Ёзувчилар уюшмаси раиси Эсдевлет Улуғбек Оразбай ўғли билан танишди. Алмати қалъасию, янги пойтахт Астанадаги анжуманларда қозоқ адабиёти намояндалари билан даврадошлик насиб этди. Бир олам таассуротлар оғушида Наманганга қайтди.

Ҳа, дарвоқе ўзбекона одатларимизга мувофиқ Абайнинг набира жияна Элнурни Ўзбе­кис­тонга таклиф қилишниям эсдан чиқармади. Бу шунчаки манзират эмасди, дилда дўстлик кўприги қурилгандан кейин борди-келдига йўл очилгани шу-да. Исҳоқжон ўша 2018 йилнинг ўзидаёқ Элнурни Шаҳанд қишлоғида кутиб олди. Меҳмонни сийлашни беҳад жойига қўйди. Врач қизи фаолият юритаётган "Шаҳанд" сиҳатгоҳида дам олиб, даволанишига кўндирди. Қозоқ халқи ҳаётини, Абайнинг маълуму номаълум хислату фазилатларини, оғир ва ҳаяжонли кечмишларини Элнурдан янада кўпроқ билиб олишга тиришди.

Тонготар суҳбатларда, ўзбек-қозоқ муносабатларидаги аҳамиятли чизгиларга қораламалар туғилди. Ниҳоят "Самода чақнаган юлдуз" қиссаси дунёга келди. Китоб каминанинг "Сўнггисўз"и билан адабиёт мухлисларига туҳфаланди. Қувончлиси, Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси масъулларию, Тошкентда фаолият олиб бораётган "Қозоқ миллий маданият маркази" раҳбару ходимларигача ўзбек адабиёти фидойи ёзувчисининг янги асаридан ғоят мамнунлик кайфиятини туйишди. Исҳоқжон Нишонов мазкур қиссаси билан қозоқ халқининг назарига ҳам тушиш бахтига мушаррафланди.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.