Асли азалдан инсон гўзалликка ўч бўлади. Чиройли яратиқларни кўрса, беихтиёр баҳри дили яйрайди. "Эҳ, қандай гўзал-а!" деб юбриши шундан. Намангандаги халқаро гуллар фестивали одамларнинг нафосат соғинчини қувончга айлантириши шубҳасиз. Зеро, йилда бир ўтказиладиган гул сайри, гул байрами, гул тантанаси келиб-кетувчиларниям, кутиб олувчиларниям чеҳраларини гулдек очилтириб юбориши табиий ҳол. Шундан анъанавий нафосат кўриги айёми ҳар баҳорда ўзгача файзу шукуҳ билан такрорланишига ажабланмасак бўладию, йилдан-йилга байрам дастури муттасил кенгайиб бораётгани, кўриниши ва мазмуни билан мафтункорлиги беқиёс тусга кираётганидан ажабланмасликка ҳеч иложимиз йўқ!

Гул ҳамма юртда, ҳамма шаҳарда, ҳамма қишлоқда, ҳамма уйда ўстириладию, бироқ Намангандагисининг дилторлиги бошқача, Намангандагисининг ранго-ранглиги бошқача, Намангандагисининг ифорлари бошқача. Мана шу бошқача "тирик мўъжизалар"ни яратувчи наманганликларнинг гулкорлиги бошқача. Улар ўстиришнигина эмас, кўз-кўзлашни, мусаввир матога муҳрлангандек хаёлий манзараларни тупроқ устида ҳаётий гулрасмга айлантириб юборишга қодирликда беназир эканликларини 62-марта исботлашаётгани беинкор ҳа­қиқат!

Гул – нозик ўсимлик, нозик ниҳол, нозик бута, нозик манзара. Шунга яраша, унинг соҳиби нозик нафосат яратувчиси. Гулчи бўлиш учун фақат куч, билим, тажрибагина камлик қилади. Нозик дид, гўзалликка ошуфта кўнгил, рангларга беқиёс меҳру муҳаббат ҳам керак бўлади. Фантазияси юксак миришкорларда мусаввирона маҳорат бўлса борми, қўллари гулдастагинамас – гулмўъжиза ва гулҳайрат туҳфалайди сизу бизларга.

Қуёшли юртимиз баҳори боғ-роғу гулзорларимизга жон бағишлаганига яқин тўқсон кун бўляпти. Қанча дов-дарахтлар гуллади, мева тугди, ҳатто улар пишиб, дастурхонларимизни безаяпти. Гуллар-чи? Уларни нега мева бермасаям яхши кўрамиз, экамиз, парваришлаймиз? Ғунчалагандаёқ худди фарзанд кутаётгандек очилишини интиқ кутамиз? Сабаби, турличадиру, бироқ менимча:

Ғунчалар бисоти кўрпадир қат-қат,

Турфа тушлар кўриб гўзаллик ухлар.

Уйғотишга қодир қуёшдир фақат,

Уйғонган гўзаллик – очилган гуллар.

Бугун гўзаллик уйғонган, гўзаллик кеча-кундуз бедор боқаётган тафти баланд палла. Уйчидан – Намангангача, Нориндан – Намангангача, Чортоқдан – Намангангача, Янгиқўрғондан – Намангангача, Косонсойдан – Намангангача, Тўрақўрғондан – Намангангача, ниҳоят Намангандан (тумандан) – Наманган шаҳригача йўналган катта йўлларнинг икки қирғоқларигача гулу гулзор. Шаҳарга яқинлашилган сари улар қалинлашиб бораверади. Ва охири ирмоқлар дарёга туташгани мисол Наманганда бирлашади. Агар осмондан нигоҳ ташланса, вилоятимиз бошкенти ранглар (ҳатто тунлари минг-минг чироқларгача қўшилиб уйғунлашиб кетади) мавжланган нафосатга, файзу чиройга, ҳусну малоҳатга тўлиб-тошган денгиздек ҳаяжонга солади. Оламни маҳлиё айлаган диёрнинг гулгўшаси томон ошиқаётганлар сону саноқсиз.

Еру само уловларида Гулмаконни бир кўргани талпинаётганларнинг сўнгги кўринмайди. Ҳали бу ҳолат роса 30 кунгача давом этади. Эҳ – ҳа:

Гулларга тикилмоқ бир эрмак эмас,

Нигоҳлар соғинчин юпатмоқ холос.

Тил битмас гуллар ҳам ҳеч афсус емас.

Тилларсиз тиллашмоқ гул, юракка хос.

Менимча, гулларни соқов ҳисоблаганлар қаттиқ адашадилар. Улар ранг­лари билан чақиришади ўз ёнларига, ифорлари билан "Мен шу ердаман, кел-келақол яқинроқ!" дея чорлашади ҳамиша. Буни юраги измидагилар англаб етишади, буни гўзаллик шайдолари "эшита олишади", албатта.

Ўйларсиз: "Гулдан на фойда, гул ўзи бизга нима беради?" дея. Йўқ! Йўқ! ўйлашингизнинг ўзи юз фоиз янглишганингиз. Гулларнинг бергани кўзимизга кўринмайди, гулларнинг "узатгани"ни қўлга олиш мушкул. Аммо-лекин дунёда тенги, қиёси топилмас туҳфасига мушаррафлик насиб этади, этаверади. Во, ажаб! Нима экан ўша туҳфа?!

Суқланиб тураман,

Қошимда гулзор.

Кўзимда сузади қувонч кемаси.

Бир гул камаймайди,

Лек олганим бор:

Кўнглимга тўлган завқ – гуллар меваси!

 

Содиқ САЙҲУН,

шоир ва публицист,

"Шуҳрат" медали соҳиби.