Йиллар ва одамлар ҳақида фикр юритсак, аввало, бир ҳолатни тан олмай илож қанча. Вақт – макон ичра чексиз. Инсон – макон ичра муваққат, яъни ёруғ оламга вақтинча меҳмон. Халқона ибора билан айтганда, умри икки эшик орасида кечади – ибтидодан интиҳогача. Ана энди йиллар зинопоя мисоли юксалаверади-ю, одамлар қайсидир зинасига чиқади-да, қайсидир зинасида тушиб қолаверади, деган хулоса беинкор ҳақиқатлигини ачиниш билан таъкидлаймизу, лекин... мана шу лекинда катта илинж борлигининг ўзи зоти шариф инсоннинг кўнглига таскин беради. Ахир ҳар бир эркагу аёл қанча яшамасин, ягона имкониятга эга. У бу дунёдан изсиз ўтиб кетмасликни истаса, Ватани учун, хал­қи учун ҳалол ва фаол хизмат қилиши, меҳнат машаққатидан безмай, чарчашни сезмай, астойдил курашиши, бош­қача айтганда, фақат ўзи учунмас, ўзгалар учун ҳам яшамоғи шарт. Ана ўшанда умрибоқийлик насибасидан бебаҳра қолмайди.

Албатта, у дастлаб замондошлари хотирасига муҳрланади. Хизматлари эътироф этилади, мақтовлар, мукофотлар билан сийланади. Умри поёнидан ўтгач, хотираларда яшайди. "Замондошлари ҳам бирин-кетин кўз юмадилар-ку!" дерсиз таажжубланиб. Балли, саволингиз ўринли, ҳақсиз. Унда ўтганлар кимларнинг хотирасида жонланади? Энди кимларнинг эмас, нималарнинг дейишимиз жоиз. Китоб­лардан, расм­лардан, ёзувлардан, аудио ва видео тасмалардан қидириб, "топамиз". Ўқиймиз, кўрамиз, эшитамиз. Хуллас, эсга оламиз, сўзлаб берамиз, авлодларга мерос қилиб ўтказамиз. Мана шундай энг қимматли манбаларни ўзида жамулжам этиб, сақловчи маънавий – маърифий масканлар қаторида музейлар алоҳида ўрин тутади.

Вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармасининг олти қаватли муҳташам биносининг биринчи қавати фойеси ёнидаги катта хонага музей жойлаштирилгани фақат шу жамоанинг ўзигагинамас, келиб-кетувчиларга ҳам қизиқарли экани барчага аён. Икки табақали эшиги ҳар вақт очиқ. Сабаби, бу ер архив эмас, музей-томошагоҳ, ибратгоҳ, сабоқгоҳ. Ҳар доим бўлмаса-да, кунига ва кунаро музей остонасини ҳатлаб, қўйилган экпонатлар билан танишиб, ўтган воқеалару ўтган тиббиётчиларни хотирлаб, катта таассурот олувчиларнинг қадами узилмайди.

– Музейга бизнинг хизматларимиз қадрланиб, суратларимиз қўйи­либди, – деди куни-кеча "Ўзбекис­тон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими" фахрий унвони соҳиби Аҳмаджон ота Худойназаров телефон орқали. – Агар малол келмаса, тасвирга тушириб, телеграм орқали менга жўнатсангиз...

Отахоннинг илтимосини ерда қолдирмадим. Хурсанд бўлиб, музейни ташкиллаганларга кўпдан-кўп раҳматлар айтдилар. Биладиларки, яхши ишлаган киши қадрланади, улар унутилмайди. Инсон учун ортда қолган из нақадар бебаҳо. Авлодларга, ёшларга намуна, тарбиявий таъсири жуда кучли. Музейда шундай эзгу ишлар мужассам.

Ниҳоят маънавият масканига хаёлан сизни саёҳатга етаклай. Остона ҳатлаб киришингиз билан чап девордаги кўргазма нигоҳингизни тортади. "Республика раҳбарларининг вилоят тиббиёт муассасаларига ташрифлари" акс этган сурат-лавҳалар: юқорида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наманган шаҳридаги "Анамед" хусусий клиникаси билан 2019 йил 4 март кунидаги танишуви акс этган. Ўртада Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2007 йил 23 июнь кунида "Сайдана" хусусий тиббий-диагностика муассасасида "Ижтимоий ҳимоя йили" дастури доирасидаги ишларни кўздан кечираётганини кўрасиз.

Панно пастига 1983 йилдаги сурат қўйилган. Атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидовнинг вилоят кўп тармоқли шифохонасида бўлиши тасвирга муҳрланган. Демак, сурат-лавҳалар тиббиёт соҳаси ҳамиша давлатимиз раҳбарлари эътиборида бўлиб келмоқда, деган фикрни яна бир бор тасдиқлаб турибди. Эсдалик суратлар 40 йиллик тарихни эсга солмоқда.

Яна давом этсак, "Вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасининг турли йиллардаги бошлиқлари" сарлавҳасини ўқибоқ сурат ва улар остидаги мухтасар ёзувларга кўзимиз тушади. Йилма-йил, яъни тармоққа қачон кимлар етакчилик қилганини, уларнинг туғилган ва вафот этган бўлса, умри сўнггининг санасигача билиб оламиз:

Саид Хўжаевич Маҳмудов (1913 – 1987) вилоят ташкил топганида тиббиёт тармоғининг биринчи раҳбари бўлган. Иккинчи жаҳон уруши даври – 1941 йилдан 1943 йилгача (орада фронтга юборилган) ва яна 1944 – 1945 йилларда соғ­лиқни сақлаш соҳасини бош­қарган.

Григорий Саркисов Григорянц (1919 – 1981) ёш, лекин жуда уддабурон жарроҳ бўлишига қарамай, ташкилотчилик бобидаям уқуви баланд эди. 1943 – 1944 йиллар вилоят саломатлик посбонларига раҳнамолик қилган.

Юсуф Отабекович Отабеков (1912 – 1982) илм-фан фидойиси ҳам эди. У 1945 йилдан Наманган тиббиётини оёққа турғазиш ва ривожлантириш учун астойдил жон куйдирди. Кейинчалик "Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган фан арбоби" унвонига сазоворланди.

Мукаррам Ғуломовна Аҳмадбоева (1924 – 1985) 1951 йили бош­қарма раҳбарлигига тайинланди. Кейин эса 20 йил Наманган тиббиёт техникуми директорлиги вазифасини адо этди. "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган врач" унвони билан тақдирланган.

Ҳамид Абдуллаевич Қориев (1921 – 1990) 1952 – 1953 йиллари вилоят тиббиётчилари раҳбари сифатида фао­лият юритган.

Абдулла Каримович Каримов (1920 – 1984) 1953 – 1955 йиллари соҳага бошчилик қилган.

Одил Сагатович Мирсаидов (1912 – 1978) 1955 – 1959 йиллари вилоят соғлиқни сақлаш ходимларига бош-қош бўлган.

Турсун Содиқович Аҳмедов (1932 – 1999) 1968 – 1978 йиллари вилоят тиббиётини бошқаришга ўн йиллик умрини бағишлаган.

Ваҳоб Бозорович Умрзоқов (1913 – 1997) 1978 – 1994 йиллари вилоят тиббиёт бош­қармасига 16 йил раҳбарлик қилган.

Рақамлару саналар шоҳидлик берганидек, Турсун Аҳмедов билан Ваҳоб Умрзоқовлар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига энг кўп вақт бошлиқ бўлиб ишлашган экан.

Содиқ САЙҲУН.

 

(Давоми келгуси сонда).