Зиё масанимиз Қодиробод маҳалласида жойлашган. Тўғри, бундан 38 йил муқаддам қир-адирда ташкилланган массивда унча кўп аҳоли яшамайди. Лекин бир-бирига меҳр-оқибати баланд маҳалладошлар йилдан йилга кўпайишиб, ҳозирда уларга савдо шохобчаларию, тиббиёт пунктигача хизмат кўрсатмоқда.

Мактабимиз кичик бўлса ҳам, 130 нафар бола ўқиса ҳам ҳамиша катта мактаблардан қолишмайдиган мавқега эга қилиш учун биз – педагоглар астойдил изланяпмиз. Машғулотлардан ташқари тадбирларгача юқори савияда ўтишига эришяпмиз.

Куни-кеча Хотира ва қадрлаш айёмига бағишланган анжуман жуда таъсирчан кечди, десам асло янглишмайман. Чунки, ўқитувчилару ўқувчилар кўтаринки руҳда ўтган тадбирдан ғоят мароқ туюшди. Мўъжаз ҳовлимизни байрамона безатдик. Энг қизиқарлиси, ахсилик таниқли олим ва мусаввир, Турон фанлар академияси академиги Алижон Турдиалиевнинг расмлар кўргазмаси узукка кўз қўйгандек анжуманга ўзига хос мазмун бағишлади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва публицист Содиқ Сайҳун йиғилганларга кўргазмани таништириш асносида Республикамизнинг атоқли раҳбарлари бўлган Шароф Рашидов, Ислом Каримов, эл суйган шоир Муҳаммад Юсуф, шу маҳаллага пойдевор қўйган туманимизнинг собиқ саркори Қодиржон Мамарасулов, ҳамқишлоқларимиздан педагоглар Абдужалил Маннонов, Абдухалил Асқаров, Хурсанали Мавлонов ва бошқаларнинг суратларига барчанинг эътиборини қаратди. Уларни хотирлаб, ёшларга ибрат қилиб кўрсатди.

Тадбирга мактабимиз ва маҳалламиз фахрийларигача таклиф қилинган эдилар. Улар тўғрисида кўп яхши гаплар айтилди. Абдулҳай Ғаниев, Солижон Умаров, Одилжон Асқаровлар юксак эҳтиром учун миннатдорчилик билдиришди.

Анжуманга Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими раҳбари Маъсудахон Бегматова ҳам ташриф буюрди. Қутлуғ санага бағишланган деворий газеталар ва расм­лар танлови ғолибларига мукофотлар – Диплом, Фахрий ёрлиқ ва эсдалик савғаларни тантанали топширди. Улар ўндан зиёд ўқувчилар бўлиб, айниқса Гулойим Мансуралиева, Дилноза Баҳромжонова, Дилором Абдуллаева, Баҳодир Маҳаммаджонов каби аълочи ва ижодкор ўқувчиларимизнинг номларини фахр билан тилга оламиз.

Хотира ва қадрлаш тадбирини тайёрлашда жамоамиз етакчиси Илҳомжон Турдиалиев, ўқитувчиларимиздан Муҳаббат Абдуллаева, Матлуба Қодирова, Зуҳра Отабоева, Гўзалой Аҳмадалиева, Иномжон Зиёвиддинов, Муяссар Мирзаева, Дилбарой Қўзиева ва Асадбек Раҳматуллаевлар фаоллик кўрсатишди.

Ҳа, сийланган жойида азиз экан зоти шариф инсон. Буни биз яна бир бор қалбдан ҳис қилдик.

Нафиса ДЕҲҚОНОВА,

Тўрақўрғон туманидаги 24-мактабнинг

бошланғич синф муаллимаси.