Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб саодат эрур яхшилик била қолса от.

                                                  Алишер НАВОИЙ

Хотира – зоти шариф инсон учун ато этилган бебаҳо неъмат. Унинг борлигидан олам ва одам умрбоқийлик то­леига мушарраф. Унинг борлигидан тарих қайта тирилади – тиллардан тилларга кўчади, китоблардан китобларга ўтади, аждодлар билан авлодлар ҳал­қаси бир-бирига боғланиб боради. Унинг борлигидан хаёлларимиз безанади, кўнгилларимизга таскин инади. Аввало, кимлигимизни, кимларнинг фарзанд­лари эканимизни унутиб қўймаймиз. Кўрганларимизни, эшитганларимизни ва ниҳоят ўқиганларимизни эсдан чиқармаймиз. Хотира аталмиш миямиздаги "олтин сандиғимиз" ҳамиша бизни қўллаб ва йўллаб туради. Дилимизга ғурур бағишлайди, ота-боболарга муносиб яшашга, замонга ҳамнафасу ҳамкорликка чоғлантираверади.

Агар ёдга олай десак, ҳар биримизнинг умримиз не-не воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлмаган. Уларни хаёлимизда жонлантирайлик десак, балки соатлар эмас, кунлар ҳам камлик қилади, албатта. Даставвал, эл-юртга ҳалол ва фаол хизматини бахшида айлаган миллатимиз марду майдонларининг номларини қайд этишга қутлуғ айёмда жуда-жуда бурчлимиз. Хусусан, тиббиёт соҳасининг Намангандаги қанчадан-қанча фидоийлари яшаб ўтишгану, афсуски, барчаларини эслашга наинки газета саҳифаси, балки қат-қат китоб­лар ҳам торлик қилади. Шунга қарамай, тармоқ ичидаги тармоқларда ишлаган, энг эътиборлиси, Иккинчи жаҳон урушида жанг қилган, ярадорларни даволаган ва фронт ортида халқ саломатлигини сақлаш учун кеча-кундуз тиниб-тинчимаган врачлар, ҳамширалар, фельдшерлар ҳам оз эмас эди: Ҳ. Қориев, А. Пўлатов, А. Азимов, Б. Ботиров, Б. Дадамирзаев, А. Нурматов, В. Умрзақов, Т. Азизов, А. Семёнова, А. Аисова, Ж. Саидаҳмедов, М. Шокиров, О. Султонов, М. Мўминовлар ва бошқаларнинг азиз номлари ёдимиздан чиқадими?! Йўқ, асло! Чунки, уларнинг ҳар бири юзлаб, минглаб инсонларга халоскор ва нажоткор бўлишган. Элимизнинг хотиралари жонланиши уларнинг ҳамиша барҳаётлиги далолатидир. Гарчи ёнимизда бўлишмаса-да, ёдимизда бирга яшашаверади.

Инсон қанча узоқ умр кўрмасин,унга ҳаёт фақат бир маротаба берилади. Бетакрор неъматнинг ҳар лаҳзасини бенаф ўтказмаганлар омаду бахтнинг баридан тутиб олишга қодирликка эришадилар. Бу борада шифокорларнинг ошиқлари олчи. Негаки, врачу ҳамшираларнинг ҳар куни эзгу ният билан ўтади, уларнинг ҳар куни кимнингдир дардини енгиллатиш, кимнинг­дир соғлигини сақлаш, кимнингдир сўнаётган умр шамини яна ёғдуланишига имкон туғдириш билан кечади. Ортларига боқсалар – доимо хизматларидан мамнун собиқ беморларини кўрадилар, олдиларига қарасалар – яна нажот истаб турувчилар қатор-қатор. Оппоқ халатларидек оқ кўнгилларига гард юқтирмайдиган беминнат шифокорларга ҳар қанча олқишу ҳар қанча ардоқлар ярашади.

Ана энди савол туғилади: Тиббиёт ходимларининг ўзлари қандай қадрланмоқдалар? Ҳеч муболағанинг кераги йўқ, улар давлатимизнинг доимий эътиборидаги касб эгаларидир. Кейинги олти йилда тиббиёт муассасаларининг бинолари жаҳон андозаларига монанд янгича қиёфа касб этди. Ички шароитлари тубдан яхшиланди. Энг сўнгги русумдаги тиббий жиҳозу аппаратлар билан таъминланди. Кадрларнинг малакасини ошириш, қайта тайёрлаш ишлари доираси кенгайди. Яъни фақат мамлакатимиздагина эмас, хориждаги клиникаларда тажриба ўрганиш анъана тусига кирди. Бу ғамхўрликларга маблағ аямай сарфланаётганининг бош сабаби мамлакатимизда "Инсон қадри учун" тамойили тармоқда чуқур томир отмоқда.

Маънавий рағбатнинг изчиллигидан ҳам тиббиёт ходимлари хурсандлигини сира инкор этолмаймиз. Ҳар йили икки бор – Мустақиллик байрами арафасида, тиббиёт ходимлари кунида илғорлар давлатимизнинг юксак унвонларига, ордену медалларига сазоворланишади. Соғ­лиқни сақлаш вазирлигининг "Ўзбекис­тон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси" кўкрак нишонларию, Фахрий ёрлиқлари билан сийланишади.

Яна бир ҳолатни четда қолдиролмаймиз. Олти-етти йил муқаддам "Тез ёрдам" тармоғидаги янги "Дамас"лар кўзимизни қувонтирган бўлса, энди улар қаторига Японияда, Хитойда, Кореяда ишлаб чиқарилган "Реономобиль" ва "HUNDAY"лар тобора кўпроқ қўшилмоқда. Яқин ўтмишда дори-дармон қутиси бўш тез ёрдамчи врачу ҳамширалар чақирувларга борганида бемор ва унинг оиладошларига мўлтираб қараб, минг хижолатда танг ҳолатда изтироб чеккан бўлишса, эндиликда улар ўз вақтида ва дадил хонадонларга кириб, беморларга юзланишяпти. Бу, ҳам янги машиналарда юраётганларидан, ҳам қутиларида 60 хилдан зиёд дори-дармон муҳайёлигидан, албатта. Мен ҳам шу манзарадан мамнунлик туйган ҳолда "Мана шифокорлар қадри, мана бемор қадри! " дея эътироф этсам, ўйлайманки, барча-барчанинг тиббиёт хизматидан розилигини ифодалаган бўлсам ажаб эмас!

Янгиланаётган Конституциямиз ло­йиҳаси учун референдумга атиги саноқли кунлар қолмоқда. Менимча, бу овозимизни юксак қадримиз учун, муносиб ҳаётимиз учун беряпмиз, десак заррача янглишмаймиз.

Ҳозирда қайси матбуот саҳифасига назар ташламайлик, қайси ижтимоий тармоқни кузатмайлик фахрийлар улуғланаётганини, уларнинг хонадонларига совға-саломлар билан кириб, йўқланаётганини, бундан кўнгиллари қувончга тўлаётганлар беихтиёр қўлларини дуога очиб, эзгу тилаклар изҳорлашаётганини кўряпмиз. Бу ҳолат шунчаки бир марталик эмас, одатий турмуш тарзимизга айланди. Наврўздаям, Ийд Рамазондаям, 9 май куниям такрору бардавом. Қисқа қилиб айтганда, ҳеч бир байрам шундай ҳол сўрашсиз, кўнгил кўтаришсиз, совға билан сийлашсиз ўтмайди. Юртимизда эса байрам устига байрамлар бисёрлигини катта-кичик жуда яхши билади.

Хотира – муқаддас, Қадр – ғанимат! Худди эгиздай бу икки сўз замирида чуқур маъно, юксак инсонийлик, чексиз меҳр-мурувват мужассам, азиз замондош! Шундай экан, ўтганларни эслашдан, ёнимиздагиларнинг қадрига етишдан аъло фахру ғурур қаерда бор сиз билан биз учун?!

Содиқ САЙҲУН.