Мен Иброҳим Маҳкамовнинг "Нодир инсон" китобини ўқиб чиқдим. Тўғрисини айтсам, сўзбоши, кириш қисмини мутолаа қилибоқ, қўлимдан китобни қўя олмаслигимни тушундим...
... Ўнғор тоғининг шундоққина этагида жойлашган гўзал ва сўлим маскан... Содда ва самимий қишлоқ одамлари... Қишлоқнинг шижоатли ёшлари, уларнинг кейинги пайтдаги илмга интилишлари... Китобдан кўз узмаганим ҳолда, Паромон қишлоғи, ундаги оддий инсонлар, уларнинг эзгу ҳаракатлари, шифохона қурилиши, унга ҳисса қўшганлар, қишлоқда фаолият кўрсатган ва кўрсатаётган шифокорлар ҳамда бошқа касб эгалари кўз олдимга келди. Нодирбекнинг болалиги, касбга қизиқтирган устозлари, ўзининг қизиқишлари, ҳаракатчанлиги, тиришқоқлиги, ўз муаммосини ўзи ҳал этиши, яқинларини безовта қилишни хоҳламаслиги таҳсинга лойиқдир.
Нодирбекнинг: "... оқ халатни кийишим биланоқ чарчоқлар чиқиб кетади. Унинг сеҳри бордай туюлади менга..." деган сўзларига қойил қолдим. Бу, албатта, ўз касбини жон-дилидан яхши кўришидан бўлса керак деб ўйлайман. Китоб қаҳрамонининг болаликдаёқ дўстлари, синфдошлари, опаларига берган биринчи тиббий ёрдами ҳақида ўқир эканман: Ҳа-а, "Бўладиган бола бошидан билинади", деган гап бекорга айтилмаган экан", деб ўйладим... Нодирбекнинг Андижонга ўқишга бориши, кириш имтиҳонларида, айни пайтда, фақат ўзини ўйлаши керак бўлганда ҳам кўнгли юмшоқлик қилиб, қўшни қишлоқлик қизга берган ёрдами... Армияга чақирилиши... Дадасининг берган ўн сўм пулни асраб, икки йилдан кейин уйга қайтишда йўлкирага ишлатгани, автобусда қайтгани, уйидагиларни ҳаражатга қўйишни хоҳламаганлиги – буларнинг бари бугунги муваффақиятларининг асоси деб ўйлайман.
Китоб қаҳрамонининг уйланиши, фарзанд кўрмаган йиллари, шунда ҳам аёлига нисбатан муомаласи ўзгармагани, оиласига содиқлиги, аёлига вафодорлиги, ориятли, вазмин, дунёқараши кенг йигит эканлиги... Барчасини ўқир эканман, кечагина қабулига шифо учун борганим, Нодирбек исмли шифокор йигитимиз ҳақиқатан ҳам исми-жисмига монанд эканига шубҳа қилмай қўйдим.
Нодирбек ва аёли ҳақида битилган "Севги сеҳри" номли воқеий ҳикояни вужудимда титроқ, энтикиш, кўзларимда ёш ила ўқидим... ва якунида қувондим... Чексиз қувондим... Аллоҳим Ўзи билгувчи, Ўзи кўргувчи, сабр ва шукр қилганга бергувчидир... Аллоҳим саккиз йилда бўлса ҳам бераридан қўймабди... Эндиликда Нодирбек шифокоримиз икки ўғлини уйлантириб, ёшгина, 1-курс талабаси бўлган қизини турмушга ҳам узатиб бўлибдилар. Нодиржон кечроқ фарзандли бўлгани билан, ўғиллик бурчини оқилона, одилона бажариб, ота-онаси дуолари билан эл таниётган, қўли гул бу шифокоримиз оталик вазифасини ҳам жойига қўйяптилар экан. Икки ўғлини шифокор касбига йўллаб, илм олдириб, қизларини ҳам энг улуғ касблардан бири бўлмиш муаллималикка ўқитаётган эканлар...
...Ҳа-а, давлат билан фарзанднинг эрта-кечи йўқ... Мен бу борада Нодирбекни олдинда деб ўйлайман...
Шифокор ҳақида дўстлари, синфдошлари, ҳамкасблари, опалари, ҳамқишлоқлари фикрларини ўқир эканман, Нодирбек ҳақиқатан нодир инсон эканлар, деган узил-кесил фикрга келдим...
Мен Нодирбекнинг бундан кейинги фаолиятида ҳам улкан ютуқлар тилаб қолиш баробарида, оиласига тинчлик-хотиржамлик, осойишталик, бахт-иқбол, фарзандлар, набиралар бахти-камолини кўриб юришликларини ҳам истаб қоламан.
Ҳалима АҲРОРОВА,
Учқўрғон тумани 6-сонли ДИМИ
маънавият тарғиботчиси