Наврўзнинг ҳар йили такрорланиши унинг умрбоқийлиги тасдиғидир. Бу қадимий байрам халқимиз учун ҳамиша қадрли ва суюкли эканини ўзимиз ҳам кўрамиз, ҳам қалбдан ҳис қиламиз. Юртимизнинг аллома олимлари қолдирган маълумотларга кўра, Наврўз неча-неча асрларни ҳатлаб, ер юзидаги одамларга шоду хуррамлик улашиб келмоқда. Абу Райҳон Беруний бундан минг йиллар муқаддам ўзининг "Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар" асарида Наврўз таърифини келтириб ўтган эди. Умар Хайём эса "Наврўзнома"ни ёзиб кетган.
Яна бир асар – Хожа Ҳаким Али Термизийнинг "Наврўзнома"сида Наврўз ҳафтанинг қайси куни кирса, табиатда ва одамларнинг ҳаётида содир бўлиши мумкин ҳолатлар қаламга олинган. Яхшиси шунга эътиборингизни қаратайлик:
Агар Наврўзи олам якшанбада кирса, Шамс, яъни Қуёшга таалуқли. Бу йили юртда неъматлар мўл, элда тўқлик бўлади. Ёмонликлар камаяди.
Агар Наврўзи олам сешанбада кирса, Миррихга, яъни Марсга тааллуқлидир. Бу йилда шодлик кўпаяди. Таомларга барака киради. Маъмурчилик ҳукм суради. Айниқса, узумлар серҳосил бўлади. 2023 йилги Наврўз шундай кунга тўғри келаётгани эса кўнглимизни янада мунаввар этмоқда.
Агар Наврўзи олам чоршанбада кирса, Аторуд, яъни Меркурийга тааллуқли ҳисобланади. Бу йилда полиз маҳсулотлари яхши етилади. Савдогарчилик ривожланади. Салбий ҳолати шуки, халойиқ орасида кўз оғриғи кўпайиши хавфи юз бериши мумкин.
Агар Наврўзи олам пайшанбада кирса, Муштарий, яъни Юпитерга тааллуқдир. Бу йилда баъзи жойда неъматлар кўп, баъзи жойда оз бўлиши эҳтимоли бор. Ёмғирлар ўз вақтида ёғади.
Агар Наврўзи олам жумада кирса, Зуҳрага тааллуқлидир. Бу йилда шодлик ва фаравонлик ҳукм суради. Ҳосил мўлу нархлар арзон бўлади.
Агар Наврўзи олам шанбада кирса, Зуҳал, яъни Сатурнга тааллуқлидир. Ёмғир кўп ёғиб, кузги экинлардан яхши ҳосил унади. Лекин йил охирида совуқ кучаяди, қиш чўзилади.
Шундай қутлуғ айём арафасида Наврўз ҳақидаги ҳадисларниям эсга олсак фойдадан холи эмас. Уларни мутолаа қилар эканмиз, Наврўз билан бевосита дахлдор фикрлар йўқлигидан таажжубланишимиз ножоиз. Олимларимизнинг изоҳ беришича, бундай ҳадислар Наврўз муносабати билан ёзилган, баҳорги тенг кунлик пайтларида одамлар умрини беҳуда ўтказмай, бу ҳадисларни ўқиб, ибратли мазмунини ёдлаб олсин ва уларга амал қилсин, деган маъно ётади.
Бешинчи ҳадисданоқ буни англаб етамиз "Расулуллоҳ дедилар: Кимда ким истиғфорни (кечиришни тилашни) кўп айтса, Аллоҳ таъоло унинг хурсандчилигини ғамларидан зиёда қилади. Ҳар бир танг ҳолатдан чиқиш йўлини кўрсатади. Унинг ризқу рўзини беҳисоб қилади".
Наврўз қанча қадимий бўлмасин, янги кун сифатида янгиланиб, ёшариб тураверади. Ҳаётимизга нур киритади. Юртимизни яшнатади, кўнглимизни яйратади. Беихтиёр ҳар кунимиз Наврўз бўлишини, Наврўз каби гўзал ўтишини ниятлайверамиз.
Нозимжон ТУРСУНБОЕВ,
1-тоифали тарих фани ўқитувчиси.