Инсон ҳаётда яшар экан, соғлом камолга етиши учун табиат неъматларидан ва озиқ-овқат маҳсулотларидан истеъмол қилади. Организмга сингиган моддалар оксидланиб, инсон яшаши, ҳаракат қилиши учун энергия – қувватга айланади. Истеъмол қилинадиган, хоҳ ҳўл мева бўлсин, хоҳ ризаворлар, сабзавотлар, кўкатлар ҳар хил мавжудлик киши организмини меъёрда ривожланишини таъминлабгина қолмай, балки бир қатор хавф­ли хасталикларнинг ҳам олдини олади ва шифо топишга ёрдам беради.

Шуни қайд этиш керакки, биз истеъмол қиладиган табиат неъматлари қайси кўринишда фойдаланишдан қатъий назар, бу маҳсулотлар сифатли, бенуқсон ва беғубор бўлиши зарур. Инсон ҳаётини наботат оламисиз тасаввур қила олмайди. Ўсимликлар инсон ҳаёти учун озуқа моддалари билан таъминлабгина қолмай, биз нафас олиб турган ҳавони ҳам тозалайди, кўнглимизга, кўзимизга ҳузур-ҳаловат бағишлайди.

Қуйида мева-сабзавотлар, кўкатлар, полиз маҳсулотларининг шифобахш хусусиятлари ҳақида сўз юрит­япмиз.

 

Кўкатлар

Кўкатлардан сўзласам

Жамбил, райҳону ялпиз,

Кашнич, укроп, исмалоқ,

Витаминларга бойсиз.

 

Сизни тановул қилиб,

Куч йиғади бу таним.

Дастурхонда этгайман

Бўлишингизни таъмин.

 

Ёқимли ифори билан тилга олинувчи ялпиз таркибида эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, глюкоза, С витамини, минерал тузлар мавжуд. Халқ табобатида ялпизнинг қўлланишига доир бир қанча тавсияларни кўриш мумкин:

Ялпиздан тайёрланган қайнатма тиш оғриғи, милк яллиғланишларини бартараф этувчи хусусиятга эга.

Меъда-ичак фаолияти, қабзият кузатилганида, аёлларда хайз циклининг ўзгариши, ўт тоши касалликларида ҳам ялпизли қайнатма фойдали. Яъни 1 ош қошиқ қуритилган ялпизни 1 стакан қайнаган сувда дамлаб, 15 дақиқа тиндирасиз. Сўнг докадан ўтказиб, сузиб оласиз. Дамлама кун давомида 3 маҳал ичилса, ангина, бронхитга шифо бўлади.

Халқ табобатида жағ-жағ қон тўхтатиш хусусияти билан яхши маълум. Меъда, ўпка ёхуд бурун қонаши каби ҳолатларда ушбу гиёҳдан тайёрланган дамлама асқотади. Жағ-жағ дамламаси қон босимини тушириш, сийдик йўли касалликлари ва ич кетишида ҳам фойда беради. Жигарни тозалашда ҳам ушбу гиёҳ қўшилган сомса ва чучвара танавул қилиш лозим.

Исмалоқ баргида оқсил, ёғ, темир, магний, калий ҳамда витаминлар бор. Дие­тологлар ҳисоб-китобига кўра 500 грамм исмалоқда уч дона тухум кучига эга калория бор. Шуниси билан ҳам исмалоқдан тайёрланган нонушта тўйимли ва фойдали саналади.

Исмалоқ қўшилган таом ва егуликлар болалар ҳамда катталардаги камқонлик, авитаминоз ва рахитга даво ҳисобланади. Ични юмшатувчи, сафрони ҳайдовчи, юз териси катакталарини тозаловчи хусусиятга эга.

Мавлудахон ЖЎРАЕВА,

доришунос-шоира.