"Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили"да ўқувчилар камолоти учун нимаики муҳим ва зарур бўлса, шуни муҳайё этиш чора-тадбирлари белгиланиб, изчил амалга ошириб келинмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан аниқ вазифалар зиммамизга юклатилган. Президентимиз Олий Мажлис ва халққа қилган Мурожаатномада мактаб ўқувчиларини камида иккида хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатишни алоҳида таъкидлаб ўтгани ҳам бежиз эмас.
Жорий йилнинг 20 январь куни ўтказилган йиғилишда эса мазкур масала кўриб чиқилди. Бундан буён туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўғил-қизларга мактабнинг ўзида ишчи касбларининг ё униси, ё бунисини ўргатиш мақсадга мувофиқлиги алоҳида уқтирилди.
Биз яхши биламизки, каштачилик халқ ҳунармандчилигининг энг қадимий турларидан биридир. Унинг ватани Осиёдир. Тарихий маълумотларга назар ташласак, Искандар Зулқарнайн айнан шу ерда биринчи марта тилла иплар билан тикилган чодирларни кўриб, ўзига худди шундай чодир ясашни буюрган. Демак, бойу бадавлат инсонларда каштали, гулдор нақшли чодирларда ясаш иштиёқ кучли бўлган. Ҳунармандчилар ва каштачилар қадрланган.
Ўтмишимиздан яхши биламизки, ўзбек миллий каштачилиги жуда-жуда ривож топган. Кашта асли форсча-чизилган, тортилган маъноларини ифодалайди. Кашта тикиш турли чокларда матога аввалдан андоза ёрдамида туширилган гул, тасвир, нақш асосида, баъзи матодан иплари суғурилиб тайёрланган асосда санама усулида бажарилади. Бунда жун, ип, ипак (рангли, зигир толали табиий ва сунъий (синтетик) толалардан, металл (тилла ва кумуш) дан тайёрланган иплардан фойдаланилади. Шунингдек, дур, нозик, пистон, баъзан қимматбаҳо тош ва тангалар ишлатилади. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ёзилганидай: "Кашта буюмлар палос, сўзана, чойшоб, гулкўрпа, кирпеч, дорпеч, зардевор ва б.) кийимлар (кўйлак, дўппи, нимча, пешонабанд, камар ва б.), мустақил безак намоёндаларда кенг ишлатилади".
Яхши биламиз, каштадўзлик ҳозир ҳам ривожланаётган ҳунарлардан бири ҳисобланади. Аниқроғи, никоҳ тўйлари олдидан кўриладиган буюм, кийим-кечак тайёрлаш жараёнида бундай ҳунар маҳсулотларига эҳтиёж туғилади. Айниқса, қизлар учун каштачилик ва зардўзлик яна керакли касбга айланмоқда. Тадбиркорлик ҳаракати кенгайган сари улар қаторида хотин-қизларнинг қўллари билан тайёрланадиган маҳсулотларни тайёрлаш даромад топишнинг, оила бюджетини мустаҳкамлашнинг муҳим омилига айланиб қоляпти.
Мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий-амалий санъатини ривожлантириш, шу асосда халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳолини ҳунармандчиликка кенг жалб этиш орқали уларни иш билан таъминлашга қулай шароитлар туғдириб қўйилмоқда. Шу боис, мактабимизда "Моҳир қўллар" тўгараги ташкил этилган. Аслини олганда биз таълим-тарбия бериб келаётган ёш авлод чекка бир худудни, яъни Юқори Қодиробод фарзандларидир. Улар адирлар бағридаги янги қишлоқнинг келажаги ҳисобланишади. Қизларимиз қўлларида мато ва иплар мўъжизали манзара кашф этяптики, улар келгусида миллий каштачиликни янги босқичга кўтарувчи истеъдодли ҳунармандларнинг пешқадамлари бўлиши шубҳасиздир.
Наврўз арафасида ташкилланган кўргазмалари ота-оналарини ҳам ҳайрату ҳавасларини кучайтирди, десам асло муболаға қилмайман.
Муяссар МИРЗАЕВА,
технология фани ўқитувчиси,
"Моҳир қўллар" тўгараги раҳбари.