ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТАВАЛЛУДИНИНГ 540 ЙИЛЛИГИГА

Babur: The founder of the empire which ruled India for over 300 years

Заҳириддин Муҳаммад Бобур "Вақоеъ" ("Бобурнома") асари билан мозийшунос олимларга маҳорат мактаби сабоқларини бериб кетган, десак асло муболағаси йўқ. Чунки унда ҳаётий ҳодисалар йилма-йил баён этилган. Ҳаққонийлик илмий нуқта назар билан жуда уй­ғунлашган. Қўқондаги Муҳаммад Сиддиқ Тунқатор мадрасасида саккиз йил давомида таълим олган Исҳоқхон Ибрат, албатта, Бобур меросидан бохабар эди. Балки, ўзининг "Тарихи Фар­ғона"сини яратиш ниятига ҳам шу ҳолат турт­ки, бугунги ибора билан айтганда мотивация бергандир. Мазкур асарини 1916 йилда ёзганини, унгача ҳам, аниқроғи 1913 йилнинг июнь-июль ойларида Ахсикент ва Ахси шаҳарларига бағишланган туркум мақолаларини "Туркистон вилоятининг газети"да ёритилганини яхши биламиз.

Биргина "История древного города Ахсы в Ферганской области" мақоласига назар солсак, бошидан охиригача "Бобурнома" асосида битилганини кўрамиз. "... қадим замонларда пойтахт бўлуб турган Ахси ёки Ахсикент деган катта шаҳар бўлган экан, – деб мақоласини бошлаган Исҳоқхон Ибрат. – Бу кунларда шаҳарнинг ўрни ва асорати яхши маълумдир... Бул хусусда таворих китоблардин мазкур Ахсикент хусусида хабар олиб, таворих учун бирор рисола тасниф қилмоқ лозимдур", дея алоҳида таъкидлаб ёзган унинг ўзи. Кейироқ Бобурнинг "Вақоеъ"сидан фойдаланган.

Ибрат бошқалардан фарқли Бобур Мирзони Бобурхон дея чуқур ҳурмат билан тилга олади. Бу ҳам улуғ аждодига гўё эҳтиромдек туюлади бизга. Мақолада: "Умар Шайх Мирзо жардин кабутар мисллик учуб вафот қилди. Ўттиз тўққиз яшар эрди, валодати 860 да Самарқандда эди. Султон Абу Саид Мирзонинг 4-ўғли эди. Султон Абу Саид Султон Маҳмуд Мирзо ўғли, ул Мирзо Мироншоҳ ўғли, Мирзо Мироншоҳ Амир Темур ўғли. Умар Шайхни қабри алҳол Ахсидадур. Умар Шайх­дан уч ўғил, беш қиз қолиб эди. Ўғлонларининг улуғи мен Заҳириддин Бобур эдим. Менинг онам Қутлуғ Нигорхоним Юнусхон қизи эди"... Бу иборалар "Бобурнома"да худ Бобурхон сўзларидур" кабиларни ўқиймиз.

Исҳоқхон Ибрат Бобурнинг энг яқин қариндошларигача ўрганган. Масалан, Бобурдан ўрнак олиб, мозийшуносликни касб айлаган Мирзо Муҳаммад Ҳайдар Дуғлатнинг (1499-1551) асарини ҳам ўқиб чиққан. "Тарихи Рашидий"да ёзилганига қараганда, Ахси шаҳрининг аввал биноси мўғул хонлари тарафидин бўлуб, 890-900-хижрий таърихида Амир Темур авлодларидин Умар Шайх Мирзо ва Шайбонийхон авлодларидан Жонибекхонга Ахси шаҳри бир неча вақт пойтахт бўлуб, бу шаҳарда ҳукмронлик қилган эканлар. Ўшал асарда Ахси шаҳри ғоятда ободонликда экан" дея шарҳ беради Исҳоқхон Ибрат.

Ана энди "Тарихи Фарғона"га ўтсак. "Хўжанд хонларининг ибтидоси Олтин бешик деб "Таърихи Шоҳрухий"да баён қиладур... Ўшал вақти Андижон хонларидан Бобурхон ибн Умар Шайхнинг Андижондан қочиб кетиб турган вақти экан... Олтин бешикнинг бийлиғи шуҳратлироқ бўлиб, шундан олти авлод бу суратда ўтуб, еттинчи авлодига келганда бу киши бонийи Хўжанд бўлуб Шоҳмастбий исмини хон лақабига чиқаруб, ниҳоятда сўзи нуфузли бўлуб, хон исмини ривожлатиб, Шоҳруххон деб шуҳрат тофган экан". Кўринадики, Қўқон хонлиги тахтини эгаллаган илк ҳукмдор ҳам Бобур Мирзога дахлдор бўлган. Олтин бешик ривояти халқ орасида ҳозиргача гоҳ-гоҳ эслаб турилади. Ёзма манбаларда ҳам батафсил берилган. Шу боис, биз қисқача тўхталдик, холос.

Исҳоқхон Ибрат ўз асарининг "Тарихи Андижон" бўлимида эса Бобур Мирзонинг таваллудига тааллуқли муҳим маълумотларни келтиради: "... Умар Шайх ўғли Бобурхон Андижонга саккиз юз тўқсон тўққузунчи ҳижрийда ўн икки ёшида подшоҳ бўлди. Тарихи валодатига шул тариқа назм қилибдур. Назм:

Андар шаши муҳаррам, зод он шаҳи мукаррам,

Тарихи мавлидаш ҳам омад "шаши муҳаррам".

Яъни муҳаррамнинг олтисида ўшал шоҳ мукаррам бўлди, туғилиш йили ҳам "шаши муҳаррам" (муҳаррамнинг олтиси) бўлди. "Шаши муҳаррам"дан абжад бўйича Бобурнинг туғилган вақти чиқади.

Улуғларга эргашган улуғлик касб этаверади. Инчунин, Исҳоқхон Ибрат ҳам Бобур Мирзонинг изидан борди. Сўзидан куч-қувват олди, дейишга тўла ҳақлимиз.

Роҳила ВОҲИДОВА,

олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси,

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси.