Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги олдидан
Буюк аллома Абу Райҳон Берунийнинг 1050 йиллик тўйини нишонлаш биргина донишманд сиймосининг тантанаси бўлибгина қолмай, айни вақтда бутун фан ва маданиятимиз анжуманидир. Унинг ёзган қатор-қатор асарлари дунё илмий тафаккури ривожига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. Марказий Осиё фанини Шарқ фани ютуқлари билан бирга ҳар томонлама чуқур эгаллаб, ҳар томонлама юксакликка кўтаришга эришди. Бошқача айтганда, замонасида ва ундан аввал ҳам, кейин ҳам ҳеч ким Берунийчалик илм чўққилари сари юқорилай олмаган.
Ўша даврларда фанлар аниқ соҳаларга бўлинган эмасди. У барчасини ўрганиш билан бирга бир-биридан фарқлаш бобида дадил қадамлар қўйган десак балки янглишмаймиз. Шу боис, алоҳида-алоҳида асарлари борки, уларда фаннинг маълум соҳаларига дахлдор масалалар таҳлил ва талқин этилган. Асосли фикр-мулоҳазалар баён қилинган. Янгилик ва кашфиёт даражасида илмий хулосалар берилган.
Биз Беруний математик иборасини қўлласак, ижодкорнинг илмий тафаккурини чегаралаб қўйган бўламиз. Ундан кўра, Беруний ва математика атамаси мосроқдир. Инчунин, Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий ўзидан икки аср муқаддам мазкур фанга асос солганини яхши биламиз. Қомусий олим Беруний эса ҳаёт учун, жамият тараққиёти учун ўта зарур бўлган математикага ҳам алоҳида эътиборини қаратди. Аниғини айтганда, ҳозиргача рўйхати тузилган 113 та (асли 200 дан ортади) асарининг 20 таси математикага бағишлангандир.
Бу ҳақда фалсафа фанлари доктори, профессор Бахтиёр Тўраев маълумот келтирган. "Буюк юрт алломалари" китобида ёзишича: "Беруний математика фани ривожига ҳам жуда катта ҳисса қўшган олимлардан. У биринчи бўлиб тригонометрияни алоҳида мустақил фан сифатида таҳлил этди. "Маъсуд қонуни" асарида ясси ва сферик тригонометрияни баён қилиб, тригонометрик функцияларнинг чизиқли ва квадрат интерполитив қоидасини яратди". Мазкур китоб ҳукмдор Султон Маъсудга тақдим қилингани учун шундай номланган. Замондошларининг ҳикоя қилишларича, Султон Маъсуд бундан беҳад хурсанд бўлиб кетибди. Берунийга хизматларининг сийлови тариқасида битта филга юкланадиган даражада кумуш инъомини жўнатади. Беруний бўлса қабул қилмайди. Негаки, у ўзини бундай пул олиб яшашга ўрганмасликни ва султон олдида тили қисиқ бўлиб қолмасликни хоҳлайди.
Улуғ донишманднинг қай асарини назарда тутмайлик, аксариятида математик ҳисоб-китоблар қўлланганини, муаллиф математикани чуқур ўзлаштирганини ҳамда ривожлантирганини пайқамасдан иложимиз йўқ. Масалан "Ҳиндистон" асарида Ер юзининг тузилиши, денгиз ва қуруқликнинг нисбати тўғрисида қуйидагиларни битган: "Ернинг чораги маъмурадир. Маъмуранинг ғарб ва шарқ томонидан Муҳит океани (Атлантика ва Тинч океани) ўраб турибди. Бу Муҳит океани, ернинг обод қисмини денгизнинг нариги томонида бўлиши мумкин бўлган қуруқлик ёки одам яшайдиган ороллардан икки ёқдан (ғарб ва шарқдан) ажратиб туради..." Донишманд бобомиз бу билан математик ҳисоб-китобларга таяниб, Колумбдан деярли 450 йил бурун ҳозирги Америка қитъаси ҳақида башорат қилиб кетган эди. Шунинг учун атоқли шоиримиз Абдулла Орипов:
Колумбда аламим маним,
Ўзбекистон ватаним маним, -
дея тарихий ҳақиқатни очиқлай олган.
Биринчи Ренессанс намояндаларидан бири бўлмиш Абу Райҳон Беруний дунёга танилган, дунёда тан олинган Шарқ илмининг беқиёс арбоби. Унинг ақл закосидан олам аҳли ҳамиша куч-қувват олади, тараққиётнинг янгидан-янги уфқларини забт этишга мушаррафлик мартабаси сари интилаверади.
Ширмоной МАМАЖОНОВА,
математика фани муаллимаси.