Яхшилик! Шу бир сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Яхшилик бор жойда, кўнгиллар яйраб-яшнайди. Орзу-умидлар осмон қадар юксалади. Ҳаётга муҳаббат жўш уради. Одам ва оламга меҳримиз зиёдалаб бораверади. Натижада эл-юртимизни омад ва тараққиёт ҳеч қачон тарк этмайди.
Бобур Мирзо айтганларидай:
Бори элға яхшилиғ қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким, дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ.
Шоир умр бўйи шу байтига амал қилиб яшади, чинакам улуғлик мартабасига муносиблик касб этди. Шунинг учун ҳамиша ўзи ҳам, сўзи ҳам қадрли. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 25 январда қабул қилган "Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори халқимиз учун айни муддао бўлди. Вилоятимизда қутлуғ айём олди тадбирлари бошлаб юборилди. Жумладан, газетамизнинг бугунги қўш саҳифасини бобурхонликка бағишлаганимиз қутлуғ тўйга ўзига хос тўёна бўлса ҳам ажаб эмас.