Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йилнинг 14 февралида Ахси ҳокими Умаршайх Мирзо оиласида дунёга келган. 1530 йилнинг 26 декабрида Ҳиндистоннинг Агра шаҳрида 47 ёшида вафот этган. Нега у ўз юрти туриб, ўзгалар диёрида яшади? Бу саволга жавобни ўша даврнинг ўта мураккаб, ўта бетинч ҳаётидан изласак, албатта, топамиз.

Унинг ўзи "Вақоеъ" ("Бобурнома") асарида: "Умаршайх Мирзога бу воқеа даст берганда мен Андижонда чоҳарбоғда эдим" дея қайд этган. Биламизки, 1494 йилда отаси Ахсида каптархонаси билан бирга дарёга қулаб, фожеали ҳалок бўлган. 12 ёшли шаҳзода тахт вориси сифатида жуда эрта курашга чоғланади. Ота ҳалокати ортидан юз берган тахт талашишлар ёш Бобурни анча оғирчиликларга дучор қилган. Лекин жасур ва журъатли ўспириннинг кўнглидаги орзулари баланддан-баланд эди. Бир вақт Амир Темур давлатининг пойтахти сифатида дунёга дон­ғи, довруғи кетган Самарқанд тахтига ўтириш учун усти-устига жангу жадалларнинг сардорига айланади. Охири мақсадига ҳам эришади. Мингдан-минг афсуски, ўз яқинларининг меҳр-оқибатсизлигию, душманларининг шав­қатсизлиги туфайли яна мағлубиятга учрайди. Самарқанд тахтидан ҳам, Андижон тахтидан ҳам ва ниҳоят Ахси тахтидан ҳам айрилади.

Толеъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,

Ҳар ишники, айладим – хатолиғ бўлди.

Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,

Ё раб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди,-

деб ўкиниб-ўкиниб ёзади кейинчалик у.

Аслида, бу аҳдию, бу шаҳди музаффарликка олиб боради. Бугун Бобурнинг авлодлар олдида юзи ёруғ, бизнингча. Чунки у буюк давлат қурди, буюк империяга асос солди. 1526 йилнинг апрелида 43 ёшида Панипатда катта рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик қўшинини 12 минг кишилик аскари билан тор-мор қилди. Деҳлини эгаллади. Яна курашни давом эттириб, иккинчи йирик ҳинд саркардаси Рано Санго устидан ҳам ғолиб чиқди.

Ҳиндистоннинг давлат ва сиёсий арбоби Жавоҳарлаъл Неру "Ҳиндистоннинг кашф этилиши" асарида: "Бобур дилбар шахс. Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган, у санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши  кўрарди" деб алоҳида таъкидлаганида минг бора ҳақ эди.

Бобур Мирзо салтанати кенг миқёсли. Давлат бош­қарувини ундан сўнг фарзандлари давом эттирди. Ҳиндис­тонда ўғли Ҳумоюн ва набираси Акбар даврида ҳам катта ислоҳотлар олиб борилди. Бобурийлар сулоласи ҳукм­дорлиги 1858 йилгача етиб келади. 300 йилдан ортиқ вақт­ни ўз ичига олади. Энг сўнгги вакили Баҳодир шоҳ ҳисобланади.

Буюк салтанат сулоласи сарвари таваллудининг 540 йиллиги айёмида буларни ёдга олиш кўнглимизда Бобур Мирзодан беҳад фахрланиш туйғуларини жўш урдиради.

Садоқат РАҲИМОВА,

биринчи тоифали тарих ўқитувчиси