Қиш бўлдию бўлди борча тому тош қор,

Жамъияти бор кишига бордур хуш қор.

Бу қишда ёмон йўлу паришон ҳолим,

Ё раб, мени яхшилик сори бошқор.

Ўқиган рубоийингиз гўё шу кунлардаги қиш лавҳаларини намоён этади. Совуқ  фаслнинг манзараси биринчи сатрда берилган. Кейинги уч сатр шоир руҳиятини акс эттирган. Албатта, ҳаммаёқ оппоқ қор билан қопланганда, шунга яраша совуқ, қийинчилик бўлиши табиий. Лекин қор ёлғизликда хуш кайфият туғдирмайди. Атрофида дўсту қадрдонлари, яқинлари бирга турган кишига эса қор ёқимли кўринади. Буни шоир яхши билади,  бироқ бу қиш унинг учун машаққат юборгандек, сабаби бошида ташвишлари  кўплигидан паришон ҳолатга тушган. Энг маъқул, нолимайди, тўғри йўл ахтаради. Эзгулик сари йўллашни Аллоҳдан сўрайди. Хулоса-ибратли. Машаққат олдида гангимаслик, аксинча атрофга ҳушёр боқиб, яхши ният билан ҳаракатдан тўхтамаслик. "Нега?"-десангиз, шоир қиш қишлигини қилаверишини, инсон инсонийлик мақомида барқарор қолмоғи учун ўткинчи дамларда бирлашиб, уюшиб, эзгу мақсад сари бормоғи кераклигини гўё уқтираётгандек.

Эътибор берилса шоир, рубоийларига хос жиҳатлардан бири уларда даъват руҳи кучли:

Аҳбоб, йиғилмоқни фароғат тутунгиз!

Жамъиятинг борини давлат тутингиз!

Чун гардиши чарх бу дурур, тангри учун,

Бир-бирин неча кун ғанимат тутингиз!

Шоирнинг ҳозиргача маълум 200 дан зиёд рубоийсини синчиклаб мутолаа қилсак, анчагинаси бевосита ўз аҳволидан дарак беради. Толеъ кулмаганидан ўкинади, юрт соғинчи азобию, шоҳ бўлса-да, ҳаётдан рўшнолик тополмасликнинг чексиз ғаму-андуҳларини ошкорлайди. Ғарибликда, ғурбатда ўтган умр бесаодатлигини  шарҳлайди.

Адабиётшунос олим Муҳаммаджон Зиёвиддинов айтганидек: "Бобурнинг айрим рубоийларида фикр умумийдан хусусийга,  мавҳумликдан конкретликка томон ўсиб боради. Бунда лирик қаҳрамон дастлаб давр ва замоннинг, толе ва тақдирнинг носозлиги ҳақидаги фикрни ўртача ташлайди. Сўнгра ўз ҳаётидан бирор ҳодисани, бирор фактни келтиради. Рубоий охирида ўз бошидан кечирган бу воқеа-ҳодисани баҳолайди. Бу баҳо рубоийнинг хулосаси бўлиб хизмат қилади".

Бобур рубоийлари шак-шубҳасиз ҳозирги авлод учун эса наинки маъно-мазмуни, лингвоэтик хусусиятлари билан ҳам ёрқин мамунадир. Ундан сабоқ оламиз, ҳаёт билан ҳамоҳанг навосидан баҳрамандликка мушарраф бўлаверамиз.

Мухлиса УСМОНЖОНОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети хорижий тил ва

адабиёт факультетининг 1-босқич талабаси