ёхуд таржима китобга гўё қанот боғлайди

Тил билган – эл билади. Шу боис, қанча кўп тилни ўргансак, шунча кўп халқ билан мулоқотга кириша оламиз. Агар буни миллий тилларда яратилган китоб­ларга татбиқ этсак, улар қанча кўп турли-туман тилларга таржима қилинса, хориждаги шунча кўп мамлакатларнинг маънавий мулкига айланиб бораверади. Бу борада ўзбек мумтоз адабиётининг энг сара насрий асари "Бобурнома"нинг толеи беҳад кулган. Яратилганидан буён асрма-аср ўқилаётган, дунё илм-фан ривожида ўзига хос қимматга эга мазкур мемуар асар олам аҳлини ўзига жалб қилиб келаётганидан ғоят қувонмай бўладими?! Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: "... Мирзо Бобур бизнинг бобомиз, бизнинг қонимиз, бизнинг болаларимизга ғурур билан айтадиган буюк аждодимиздир" деган сўзлари айни ҳаётий ҳақиқатдир.

"Бобурнома" гарчи шарқ­да яратилган бўлса-да, ғарб­да ҳам маълуму машҳурлик касб этган қомусий маънавий ёдгорликдир. "Нима учун шундай кенг миқёсли эътиборга, дунё илм аҳли назарига тушди?" – деган савол туғилади, албатта. Адабиётшунос олим Порсо Шамсиев ёзганидек: "Бобурдан қолган ижодий мероснинг энг муҳим ва энг йириги Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон халқлари тарихи, географияси, этнографиясига оид нодир ва қимматли маълумотларни ўз ичига олган...

Бу асар мазмунининг ранг-баранглиги, бир дунё материални ўз ичига олганлиги, тил ва услубининг гўзаллиги билан XVIII, айниқса XIX аср шарқшунос олимларининг диққатини ўзига тортган ва унинг турли қўлёзма нусхалари излана бошланган ва ғарб тилларига таржима қилишга киришилган эди". 1705 йили илк бор Европа илм-фани учун  голландиялик олим Витсен Фарғона водийсининг  географиясига оид қисмини таржима қилишга киришган. Ҳатто Амс­тердам шаҳрида ҳам нашр эттиради. Лекин  "Бобурнома"нинг чинакам парвози яна юз йилдан кейин бошланади. Энг катта хизматни инглизларнинг атоқли шарқшуноси Аннет Сюзанна Бевериж хоним амалга оширади.

Таржимон аёл Ҳиндистонда яшаган пайтлари бу ерда аёллар мактабини очгач, Бобур ва бобурийлар тарихига қизиққани учун турк (эски ўзбек) ҳамда форс тилларини қунт билан ўқиб ўзлаштирган. "Бобурнома"нинг Ҳайдаробод қўлёзмаси факсимилесини 1905 йили нашрга берган. Шу нусха асосида асарни инглизчага ўгирган. 1921 йили сўзбошиси билан чоп қилдиришга эришган.

Бевериж хоним фақат таржима билан шуғулланибгина қолмай, айни чоғда асарни чуқур таҳлил ва талқин этади, дунёга танитади. Шундан ке­йин Бобур асарининг бошқа тилларга таржимаси ҳам кўпая боради. Филология фанлари доктори, профессор Неъматжон Отажонов ибораси билан айтганда: "Жаҳонгашта "Бобурнома"га айланади".

XX асрда рус бобуршунослиги ҳам ривож топади. Даст­аввал А.Н. Самойлович астойдил тадқиқот олиб боради.  Унинг диққат-эътибори марказида "Бобурнома" туради. Асарнинг турли тиллардаги таржималари билан ҳам танишади. Натижада асарни қиёсан ўрганади. Инглиз, француз, рус тилларидаги таржималарига асосланиб, илмий хулосалар беришга эришади.

Шаҳноза МИРЗАЕВА,

олий тоифали инглиз тили муаллимаси