Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллигига

anv

Ўзбек адабиётининг сўнмас қуёшига айланган Алишер Навоий (1441-1501) асарлари ўзининг таъсирчан бадиий ифодалари сабаб кўнгилларга мунавварлик бахш этиш бобидаги беқиёс нуру зиёси билан бебаҳо қадр-қимматга эга. Унинг шеърияти қамрови коинотдай кенг, яъни маъно-мазмуни ҳаётнинг ҳамма жиҳатларини ўзида жамулжам этган десак ҳам заррача муболағага йўйманг. Инчунин, Навоий нигоҳидан ҳеч бир воқеалик, инсоннинг инсонга муносабати доирасидаги ҳеч бир фазилату қусурлар четда қолмаган. Шоир наздида олам ва одам бир бутун, гарчи иккиси алоҳида-алоҳида кўринса-да. Бири-бирисиз номукаммал, бири-бирисиз яшолмайди, бири-бирисиз камолот касб этолмайди:

Хушдурур боғи коинот гули,

Борчадин яхшироқ ҳаёт гули, -

деб ёзмаган шоир бебоис. Ана шу "ҳаёт гули" бўлмиш инсон тану жонининг соғу саломатлиги эса олтиндан қиммат. Уни сақлаш фақат соҳиби таннинг, соҳиби жоннинг қўлида эмас. Ҳар кишидаги, ҳаммадаги бойликнинг посбони – табиб, ҳозирги атамаларга кўра ҳаким, врач, шифокор, дўхтирдир. Улар қачон ва қаерда қандай аталмасин вазифалари, бурчлари бир хил-дардни даволаш. Агар бутун ақлу шуури ва жону дили билан зиммасидаги вазифасига садоқат кўрсата олса, олам гулистон, аксинча бўлса, одам учун дунё зимистон. Шундан Навоий назмида мазкур мавзуга чиройли чизгилар берилган.

"Маҳбуб ул-қулуб" гарчи насрий асар бўлса-да, унда ҳикматона ҳақиқатлар шеърий байтларга сингдириб кетилган. Қиссадан ҳисса шаклида-қиссаси насрда, ҳиссаси назмда. Албатта, ҳиссаси қисқа ва лўнда хотима мисоли ўқиганингиз заҳотиёқ кўнглингизни таъсирлантиради, хотирангизга осон муҳрланиб қолади. Ўн бешинчи "Табиблар зикри"да таъкидланганидай:

Ҳозиқ табиби хушгўй тан ранжига шифодур,

Омийю тунду бадхўй эл жонига балодур.

яъни:

Ширин сўзли моҳир табиб тан хасталигига шифодир,

Бадфеъл, сержаҳл ва саводсиз табиб эса эл жонига балодир.

Шоир билимдон ва моҳир табибларни улуғлайди, уларнинг инсон умрига умр қўшувчи сифатида мадҳ этади. Ҳатто Исога қиёслайди. Буни мантиқий исботини айтади. Навоий "Исонинг иши чиққан жонни дуо билан танга киритиш бўлса, бунинг иши эса танидан чиқмоқчи бўлган жонни даво билан чиқармасликдир", дея ўз таърифини фикран тасдиқлаб ўтади.

Ижодкор наздида тиб илми мисоли ҳикмат. Уни ўрганиш, қўллашга жазмкор инсон ҳар қанча таҳсинларга лойиқ. Ўйлаб туриб, беихтиёр шоирга ҳамфикрлик сезасиз ўзингизда. Ахир ҳикмат мухтасар ва мўътабар. Ҳар бири ақлингизни қувватлантиради, кўнглингизни тозартиради. Шифокор эса баданингизни азобдан қутқаради, жонингизни таслимлик жаридан қайтаради, омонлик ато этади. Уларнинг ўзларига кераклиги, зарурлигини англагач, худди Навоий каби қуйидаги байтни ким ҳам тилида такрорлагиси келмайди:

Агар ҳикматқа бўлса илтифотинг,

Ки бўлсун Нуҳ умрича ҳаётинг.

Ўз-ўзидан саволлар туғилади: Навоий назмида нега шифокорона байтлар бир талай? Шоир одам тиббий билимларни қаердан эгаллаган? Жавоблар ҳам тайёр. Навоий Мавлоно Абдулҳай табиб билан бевосита алоқада бўлган. Унинг муолажаларидан фойдаланган, тиббий анжуманлар қурган, билмаганини билишга интилишдан ийманмаган. Қолаверса, "Шифоия" давогоҳини қурдирган, ўзи унга билимдон ва зукко табибларни хизматга чорлаган, суҳбатлашиб саралаб, ижобий баҳосига сазоворланганларнигина элни даволашига рухсат берган, қулай шароитлар яратишга уринган.

XV аср табиблари даволашда кишининг мижозини аниқлаб олишга алоҳида диққат-эътиборли бўлишган. Навоий ҳам бу масалага бефарқ эмасди. Байтларидан парҳез ва тўғри овқатланиш масалалари бегона эмас. Сатрлари қат-қатига сингдириб юборилган. У замондошларини мижози иссиқ ёки совуқлигига қараб, нима фойдаю, нима зиёнлигидан огоҳлайди. Энг маъқули мўътадил мижоз эканини уқтиради:

Сабз эрур ҳамиша бу гулшанда сарвдек,

Озоданки бўлса, мижозида эътидол.

Тушунишимизча, одамнинг мижози эътидол, яъни мўътадил экан, у худди тик ва кўм-кўк сарв дарахти каби яйраб-яшнаб туради бу ҳаётда.

Мабодо мўътадиллик бузилса, касаллик юзаланади. Бу, албатта, иссиқ ёки совуқ мижози устунлик қилганидан далолат беради. Шундай чоғда бемор ҳолатига қараб, овқатлангани маъқул:

Ҳар табъки зоти ўлса маҳрур,

Оз ҳирқат этар танини ранжур.

Маъносидан маълумки, инсоннинг мижози иссиқликка мойил бўлса, яна иссиқлик келтирадиган озиқ-овқатдан тийилиши шарт. Акс ҳолда озгина иссиқлик ҳам зўрайтириб қўйиши эҳтимолдан холи эмас. Совуқ мижозга мойилларга эса совуқлик ҳисобланган неъматлардан парҳез қилишнинг афзаллиги айтилади.

Кўплар эътиборидан четда қоладиган салбий одат, яъни овқатланиш меъёрини билмаслик ҳам Навоийни ташвишлантирган. Унинг наздича, роса тўйиб овқатланиш тўғри эмас. Танни қийнайди, ҳазм жараёни оғир кечади.

Ғизо бўлса, муфиду табъ роғиб,

Бас эт табъинг ҳануз бўлганда толиб.

Бу доғи топмагунча ҳазми комил,

Баданни қилма ортиқ юкка ҳомил.

Шифокор ва шифо мавзуси шоир шеъриятининг нафдорлигини янада ошириб юборгани ҳаётий ҳақиқат. Ўз давридагилар ҳам, бугунги халқимиз ҳам Навоий назмидан қанча баҳра олса, шунча инсоний комиллик сари юксалаверади десак, сира янглишмаймиз.

Шуҳратжон ЭГАМБЕРДИЕВ,

Тўрақўрғон туманидаги 24-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.