Усмон Носир тасаввурида лирика шеърият жонли жонон қиёфасида намоён бўлаверади. Тақдирини у билан боғлиқ ҳис этади. Жон қадар севади, унга яна меҳри товланиб, ширин дарддай туюлаверади. Шу дард, шу оташ бағрида ёниб-ёниб куйлайди. Қоғоздан аввал юрагига нақшлайди: "Шеърим! Яна ўзинг яхшисан", деган дил иқроридан асло кифояланиб қолмайди. Боққа кирса борми, гуллар шарманда бўлишини англаб етади.

 

Юрагимнинг дарди – нақшисан,

Қилолмайман сени ҳеч канда!

Ўт бўлурму ишқи йўқ танда?

Дардимсанки, шеърим яхшисан.

 

дея таъкидлайди мамнун ва масрур оҳанг­да. Ошиқона кайфиятининг изоҳи ягона: "Мен – Мажнунман , шеърим сен – Лайли!" дейишининг ўзиёқ Усмон Носир учун назм­навислик шунчаки машғулот эмаслигини, ўзига бу муҳаббатни қисмат деб билганини англатиб турибди. Шу боис, қисқа умрида узун-узун достонлару, ҳатто драматик асарларгача яратишга улгурди.

У ўзбек адабиётида халқ ҳаётини акс эттирувчи, ҳаққонийлик руҳи билан суғорилган лиро-эпик достоннинг илк намуналарини битган биринчи шоирлардан бўлиб майдонга чиқа олди. "Норбўта" 1931 йилда "Янги Фарғона" газетасида тўлиқ босилганини назарда тутсак, бу пайтда Усмон Носир 19 ёшли шоир эди. У беқиёс жасорат билан ўзида катта асар ёзиш журъатини топганига ҳайратда қолмай иложимиз йўқ.

Достон бошидаёқ етакчи қаҳрамон бойлар эшигида турмушнинг ўта оғир юкини кўтариб яшашга маҳкум бўлганидан сўз очилади:

 

Қаро кунлар

Умр кўриб,

Чучук нима

Билмай ўсган...

Кўнгли синиқ

Ингичка қўл

Яримта жон Норбўта.

 

У мураккаб бир пайтда, ким дўсту, ким душманлиги ноаён, олғов-долғовли, суронли даврда курашга отланди. Марду майдонликни даъво қилган йигит учун жанг қилиши эмас, суюкли қизи Сарвардан йироқ кетиши оғирлиги ғоят ишонарли, ғоят таъсирчан ифодаланади. Айрилиқ арафасида ёрини юпатишдан ўзга чораси қолмаганини айтиб, куйинади беихтиёр:

 

Унутар деб, ўйлама сира,

Нега сени унутай, қўзим?

Сен жонимсан, сен армонимсан,

Сен юрагим, сен – икки кўзим,

 

Биламан мен – азоби катта

Хаёллари чуқур ва чигал.

Майли, ёлғизликни ҳамроҳ қил,

Сабр қил-чи, то келгунча гал.

 

Достонни мутолаа қилар эканмиз, ўтган асрнинг 20-йиллари охири 30-йиллари бошларидаги тарихий воқеаларнинг ёрқин манзараси кўз ўнгимизда жонланади. Гарчи ўша замон талаблари доирасидан чиқиб кетилмаганига қарамай, биз учун Норбўта ўзбекона миллий руҳияти, яхши ҳаётга, тинч-тотув турмушга етишиш йўлидаги машаққатлари рўй-рост очиб берилгани билан қадрлидир.

Усмон Носирнинг ёшлигидан Кавказни кезгани ижодида ёрқин из қолдирган. Чунончи, саёҳат таассуротлари асосида кичик-кичик шеърларни кўп-кўп битиши уни сира қаноатлантирмаган. Арман халқи ҳаёти акс этган "Нақшон"ни аввалги достонига бир варакайига жуфтлашга эришди.

Иккинчи достони шоира С. А. Сомова томонидан рус тилига, кейин эса арман тилига таржима қилинган. Адабиётшунос олим Абубакр Ражабийнинг ёзишича, ўша 1936 йилдаёқ "Усмон Носир "Нахшон"да ўз халқининг бахт-саодати, озодлиги, мустақиллиги ва порлоқ истиқболи учун курашган арман инқилобчиларининг қўрқмас ва жанговар қиёфаларини қалб ҳарорати ҳамда зўр ҳаяжон билан чизган. У мазкур асарида улуғ ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоийдан кейин ўзбек адабиёти тарихида биринчи марта арман халқи ҳаётига мурожаат қилади ва арман қизи образини акс эттиради. Бу жиҳатдан асар катта тарихий, адабий ва байналмилал аҳамиятга эгадир".

Энди Усмон Носир драматургиясига мухтасар тўхталсак. У "Зафар" (1929), "Назиржон Халилов" (1930), "Душман" (1931), "Сўнгги кун" (1932), "Атлас" (1934) номли драматик асарларини, "Гўрўғли" либреттосини ҳам ярата олдики, бу унинг чинакам туғма истеъдод соҳиблигидан далолат беради. Драмалари тезда Қўқон ва Самар­қанд театрларида саҳнага қўйилади.

Усмон Носир – юксак иқтидорли таржимон сифатида ҳам таниқли ва шарафли номга муносиб. У жаҳон назм дурдоналарини 1930 йилдан, яъни ўн саккиз ёшлигидан бошлаб ўзбек тилига ўгиришга киришган. Унинг рус, тожик, қозоқ, озарбайжон, қир­ғиз, татар, қорақалпоқ ва бошқа халқлар тилидан ҳамда Ғарб адабиётидан кўплаб асарларни ўзбек тилига ағдарган. Айниқса, унинг таржимачилик бобида рус тилини яхши билгани жуда-жуда асқотади. Қолаверса, саёҳатлари давомида рус ҳаётини кузатгани, кавказ халқлари турмуш тарзини қизиқиб ўргангани янада қўл келади. А.С. Пушкиннинг "Боғчасарой фонтани", М.Ю. Лермонтовнинг "Демон" асарлари таржимаси жараёнида уларнинг руҳиятини, ёзиш маҳоратини ҳам ўзлаштириб олишга интилгани аниқ. Шунинг учун Усмон Носирнинг таржималари ғоят муваффақиятли чиққан. Ўзи эса Пушкин ва Лермонтовга таққосланган, ўхшатилган.

У 1934 йили бутун дунёда нишонланган Абулқосим Фирдавсий таваллудининг 1000 йиллик тўйига "Шоҳнома"дан Султон Маҳмуд Ғазнавий ҳақидаги қисмини форсчадан ўзбекчага ўгириб туҳфалади. Шоир юбилей тантанасида шу парчани ўқиб ҳам берган. 198 мисрадан иборат таржима худди аслиятидагидек чиққани адабиётшунослар томонидан зўр мамнуният билан эътироф этилган.

Усмон Носир – серқирра ижодкор. Бу ҳолат таржимачилигида ҳам яққол кўринади. К. А. Добролюбовнинг "Ҳақиқий кун қачон келади?" номли катта илмий асарини ҳамда В.И.Киршённинг "Улуғ кун" драмасини маромига етказиб ўзбек ўқувчиларига таништирган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, замонамизнинг зукко адабиётшуноси ва таржимони Иброҳим Ғафуров таъкидлаганидек:

"Усмон Носирнинг ўлмас таржималари ҳақида доимо севинч ва ҳайрат билан сўйлайдилар.

Бизда севинч ва ҳайрат уйғотиб турган ҳодиса яна ўша Усмон Носирнинг сўзда тиниқ ва жамулжам ифодаланадиган меҳри!

"Боғчасарой фонтани" билан "Демон"нинг ҳар бир сўзида меҳр ҳайқираб турибдики, таржимада ва айниқса, шеърий таржимада бундай меҳр умуман ноёбдир".

Усмон Носир ҳаётни беҳад севарди, узоқ яшашни истарди. Юртга садоқат билан куйиб-ёниб ижод қилишни ўзининг турмуш тарзига айлантириб юборган чинакам фидойи инсон эди. Афсуски, 25 ёшида адолатсиз жамиятнинг ҳибсхонасига муносиб кўрилди. Ҳасад ва адоват қурбони сифатида хўрланди. Айбсиз айбдор юрак тўла армону аламлар гирдобида етти йил азоб чекди. Иродаси мустаҳкам, орзу-умидда собит шоир 32 ёшида узоқ ва совуқ ўлка ҳибсхонасида армон билан кўз юмди.

Албатта, оқни қора деган билан оқ қорага айланиб қолмайди. Барибир ҳақиқат ва адолат олдида юзи ёруғ бўлган шоиримиз халқимиз қалбида асрлар оша яшамоқда. Шаъни, қадр-қиммати тикланган ижодкоримиз ҳақида янгидан-янги маълумотларга эга бўлиб боряпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 10 февралида қабул қилган "Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори асосидаги амалга оширилган ишлардан биз- наманганликларнинг кўнгилларимиз тоғдек юксалди. Ноябрь ойидан бошланган хотирлаш тантаналари ҳануз давомли. Яқинда Тошкентда Ўзбек миллий академик театрида ўтказилган катта маънавий-маърифий анжуманни қарор ижроси бўйича ўзига хос ҳисобот бўлди, дейишимиз мумкин.

Бугун Усмон Носир руҳи олдида юртдош наманганликларнинг юзлари янада ёруғ. Инчунин, Наманганнинг қоқ марказида шоирнинг гўёки боғ бағрида ўнг қўлини кўксига қўйиб, мамнун турган ҳайкали ўрнатилган. Туғилган ва болалиги кечган маҳаллада "Усмон Носир музейи" эшиги халққа очиб қўйилди. Шоир туғилган куни халқаро анжуман ташкилланди. Усмон Носирнинг жияни Нодира Рашидованинг "Усмоннома" номли икки жилдли тарихий-биографик романи 2000 нусхада чоп этилди. Буларни кўриб, қалбларимизни таскин туйғулари қамрайди:

 

Унутмас шоирни бехазон боғи,

Қалблардан ўчмагай назм чироғи!

 

деймиз баралла ҳақли равишда.

 

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

Турон фанлар академияси академиги.