дейди Наманган давлат университетининг тиббиёт факультети катта ўқитувчиси Қаҳрамон Ниёзов

Мактабимизнинг собиқ ўқувчиси ҳозир университетнинг тиббиёт факультетида ёшларга сабоқ беради. Шуниси диққатга сазоворки, у ҳамиша ўзи ўқиган 24-мактабга, бу ердаги ҳамкасбларига ғоят садоқатли. Ҳар галги ташрифидан бизлар жуда қувонамиз. Сабаби, битирувчиларимиз билан юзма-юз мулоқотга киришади. Уларнинг қалбида шифокорлик касбига зўр қизиқиш уйғотиб кетади.

Аввалги ташрифида у ўзи билан бирга факультетда ёнма-ён ишлаётган биология фанлари бўйича фалсафа доктори М.Мамажонов ва катта ўқитувчи О.Бойматовларни ҳам бошлаб келган эди. Улар 10 – 11-синф ўқувчиларига "Ким бўлмоқчисиз?" саволи билан мурожаат этишганди. Шифокорлик ғоят шарафли касб эканини айтишиб, тиббиёт факультетида ўқишга таклиф қилишганди. Шунингдек, 8-синфларда "Нерв сис­темаси боби бўйича лаборатория машғулотини самарали ташкил этиш" мавзусида маҳорат дарси ўтиб беришгани бизларни ҳам жуда мамнун этганди.

Яқинда у мактабимизга бир дас­та янги китоблар кўтариб кириб келди. Кутубхонамизни бойитишга ўз ҳиссасини қўшди. Битирувчиларимизга биология ва кимё фанларини пухта ўзлаштириш маслаҳатини берди. Бугунги камолотида бундан 35 – 40 йиллар муқаддам шу мактабда Мирзаали Турдиалиев, Мамаджон Мамадалиев ва Турсунбой Қаҳҳоров сингари устозларидан олган сабоқлари катта роль ўйнаганини мамнуният билан эслаб ўтди. Билимга чанқоқ, орзулари баланд ўғил-қизларимизга эртага олийгоҳ талабалари сафига қўшилиш учун барча мавзуларни қунт билан чуқур ўзлаштиришлари кераклигини алоҳида уқтириб, ўзига хос мотивация берди.

Мактабимиз ўқувчилари келгусида турли ихтисосликдаги врачлар қаторидан ўрин олиш учун ҳозирдан тиббиётга тааллуқли фанларни ҳар жиҳатдан мукаммал билишга янада астойдил интилмоқдалар.

Севара ТУРДИАЛИЕВА.

Тўрақўрғон тумани.