(Бўлган воқеа)
Эндигина ишдан қайтгандим. Ҳали кийимларимни алмаштиришга улгурмагандим ҳам. 5-синфда ўқийдиган набирам Баркамол ҳовлиқиб кириб келди. Қўлида "Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси" китобчаси. Салом-аликдан сўнг у даб-дурустдан, жиддий оҳангда саволга тутди:
- Бобожон, ўтган куни дарсда Бош Қомусимизни ўрганган эдик. Устозимиз 50-моддани бизга ёдлатгандилар.
- Хўш, ўша моддада нимлар ёзилган экан? – билсам-да қизиқиб сўрадим.
- "Фуқароларнинг бурчлари" деган бобнинг 50-моддаси...
Баркамол бир тўхталиб олиб, сўзлашда давом этди.
- "Фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурдирлар" дейилган.
- Яхши билиб олибсан. Аниқроқ айтчи, гап нимада?
- Ҳайрон бўлиб қолдим, унда нима учун қўшнимиз ҳовлисидаги дарахт баргларини кўчага олиб чиқиб ёқяпти. Тутундан ҳамма безовта. Ариғини вақтида ковламай кўчага сув тоштирадиган киши бор-ку!
- Ҳа. Тушундим. У одамнинг "ярамас" қилиқлари кўп. Ташвишланма тартибга чақириб қўямиз.
Шу пайт сал нарироқдаги ҳовли эшиги олдига "Тез тиббий ёрдам" машинаси келиб тўхтади. Шифокорлар шошилинч равишда уйга кириб кетишди. Маълум бўлишича, хонадонда яшовчи ёши улуғ онахоннинг нафас олиши қийинлашиб қолган экан. Бу ёниб тугамаган хазонларнинг атрофга тарқалаётган бўғувчи тутуни асорати эди.
Ўн бир ёшли болани "ҳайрат"га солган табиатга кўр-кўрона муносабат ўз маҳсулини берганлиги ойдинлашди. Наҳотки, кичиклар фаҳмлаган оддий тушунчани катталар идрок этмасалар? Таажжуб!
Абдулла ҒОЗИЕВ.