Биз мамлакатимиздаги қайси бир корхона, ташкилот ва муассаса остонасини ҳатлаб ичкарига кирсак, албатта, тасвирлари чиройли рамкаларга жойлаштирилган давлатимиз рамзлари – байроғимиз, гербимиз ва мадҳиямизга кўзимиз тушади. Улар барчамиз учун азиз ва муқаддас ҳисобланади. Бунинг ўзига хос асослари борлигини каттаю кичик жуда яхши билиши зарур. Инчунин, давлатимиз рамзлари Ўзбекистон халқларининг шон-шарафи, ғурури, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида тўла мужассамлаштириб туради. Рамзларни эъзозлаш – ўзининг қадр-қимматини, юртига ва ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлаш демакдир. Она – Ватани билан фахрланадиган инсон кўп нарсаларга қодир куч-қувват соҳибига айланади. Бундайлар шубҳасиз оиласининг ҳам, Ватанининг ҳам шон-шуҳратини ошира олади.

Мустақиллик йиллари тарихидан аёнки, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи 1991 йилнинг 18 ноябрида қабул қилинган. Аслида Ўзбекистон байроғини янгилаш ҳаракатлари Истиқлол арафасида бошланган эди. Қисқа фурсатда кутилган мақсадга эришилди. Яъни шу тўғрисида махсус қонун яратилди, Республика Олий Кенгашида кўриб чиқилиб, қабул қилингач, Биринчи Президентимиз томонидан тасдиқланди.

Байроқ ўзи нима? – деган савол беихтиёр хаёлимиздан ўтади. "Ўзбекистон Республикаси энциклопедияси"нинг 1-жилдида қайд этилганидек: "Байроқ. 1) таёқ, сим ва бошқага маҳкамланган муайян ранг ва ўлчамдаги мато. Ўрта асрларда туркий халқларда у туғ деб аталган... 2) давлатнинг расмий рамзи".

Тилимизда байроқ сўзининг кўчма маънода қўлланиш ҳолатлари мавжуд. Мақсад, ғоя, йўл ифодаларини учратамиз: Тинчлик байроғи. Озодлик байроғи. Адолат байроғи. Байроқдор атамаси эса, кўпчиликдан олдинда юрадиган, пешқадам шахс маъносини англатади. Ўтмишга назар солсак, байроқ алам, ялов деб ҳам юритилган. Яловбардор, аламли сўзлари байроқдорлик маъносини англатиши шундан.

Энди яна ўзимизнинг Давлат байроғимиз ҳақида фикр юритайлик. Бундан 31 йил аввал қабул қилинган Қонун 13 моддадан иборат. Марказий Осиёдаги қўшниларимиз орасида биринчи бўлиб биз ўзбекистонликлар мазкур ҳужжат асосида ўз мамлакатимиз байроғига эга бўлганмиз. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Давлатимиз байроғидаги янги чиқиб келаётган ярим ой, юлдузлар, мовий, оқ, яшил ранглар ҳамда қизил ҳошия чизиқлар халқимиз ғурури ва келажакка ишончидан далолат беради. Мана, ўттиз бир йилки, мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий тадбирлар Давлат байроғини тантанали суратда кўтариш, мадҳиямизни куйлаш билан очилади. 1992 йилнинг 2 март санаси халқимизнинг унутилмас куни сифатида тарихга кирганини зўр мамнуният билан тилга оламиз. Ахир шу кундан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар байроғи қаторида Ўзбекистон байроғи ҳам ҳилпирай бошлади.

Биз улуғ аждодларнинг авлодларимиз. Тарихимизнинг қайси бир даврига нигоҳ ташламайлик, давлат рамзлари жуда катта ижтимоий-маънавий аҳамият касб этганини кўрамиз. Боболаримиз ва момоларимиз давлат тимсолларига беҳад садоқат билан яшаганлар ва курашганлар. Ёвлар ёпирилиб келганида байроқларини қўлларида мардона тутган ҳолда эл-юрт ҳимояси учун ҳатто жонларини фидо қилишни фарзандлик бурчи санашган. Жанг майдонларида байроқнинг қулаши ёхуд душман қўлига ўтиши мағлубиятга тенг ҳолат ҳисобланган.

Соҳибқирон бобомиз Амир Темур даврида ҳам байроққа содиқлик – ватанга содиқлик баробарида тушунилган. "Темур тузукларида" таъкидланганидай, душман устидан ғалаба қозонилганида шижоат ва мардлик кўрсатиб, ғолибликни таъминлаган амирлар ва сипоҳийлар давлат тимсоллари – туғ, яъни байроқ ва ноғора билан мукофотланганлар.

Истиқлолли юртимиз байроғини ҳозирда баланд кўтараётган спортчи ёшларимизни ҳар қанча олқишласак арзийди. Улар Ўзбекистонимизнинг марду майдон байроқдорлари бўлишмоқда. Йилдан-йилга музаффарлик билан жаҳон бўйлаб байроғимизни мағрур ҳилпиратиб келишмоқда.

Ҳар биримиз Давлат байроғимизга самимий ҳурмат билан муносабатда бўлишимиз керак. Зеро, унинг ҳамиша тик туриши, юксакларга кўтарилиши давлатимизнинг боқийлиги, мислсиз куч-қудрати нишонасидир.

Садоқат РАҲИМОВА,

Тўрақўрғон туманидаги

24-умумтаълим мактабининг

тарих фани ўқитувчиси.