Чустнинг Ахчасида умр аталмиш бетакрор неъматнинг ёруғ кунларинию, бедор тунларини назм тизимлашга бағишлаб, қатор-қатор шеърий тўпламларини элга тортиқ этиб келаётган Баҳодир Қўчқорнинг ижоди ўзига хослиги билан бошқаларникидан анчайин ажралиб туради. Айни маҳалда мумтоз адабиётдаги анъанавийлик билан ҳозирги замонавий шеъриятидаги ҳаётга ҳамоҳанглик ғоят уйғунлашиб кетганини айтмайсизми. Бу жиҳатлар унинг арузий битикларида яққол намоён. Инчунин, сатрма-сатр, байтма-байт маънолар теранлашиб, кўнгил тубидаги мудроқ туйғуларингизни беихтиёр уйғотиб юбориши аниқ. Гарчи менинг ўзим шоирона тафаккурдан бегона бўлмасам-да, Баҳодир аканинг мағизли фикрларга бой назмига аввалдан ҳавасмандлигимни айтмаслигим мумкин эмас. Ахир бу ижод соҳибини бугун билиб турганим йўқ. Қарийб эллик йилдан буён танишлигимиз бор. Ўзиниям, сўзиниям қадрлашга бурчлиман: ўзини чин инсоний хислатлари учун, сўзини чиройли назму наво шаклу шамойилига эгалиги учун.
Шоирга ҳақ сўз, адолатли тутум юксак инсоний камолатга чорловчи маёқ. Бунга ўзида ва сўзида тўла иқрорлик аён:
Баҳодир, ҳақ, адолат, сенга маёқдур ҳар вақт,
Шундан топдим саодат инсонлигим туфайли.
Ижодкор ҳаётда нимаики топган бўлса, ўзи яхшилигидан, ўзгаларга ҳам яхшиликни изланишдан топди. Аҳли ноқисдан, аҳли ботилдан хатар ва зарар топди. Ҳаёт сабоғини аямаганига шукур қилди.Охир - оқибат кўзи кулди, кўнгли яйради:
Аҳли иймон шонида, уларнинг қон-қонида,
Саодат-ла барқ урган шамс ила қамар, топдим.
Яхшилик излаб мудом, топдим обрў-эҳтиром,
Даф айладим балони, ганж ила гавҳар топдим.
У пиру комил Жалолиддин Румийдан илҳом олади, мадад олади, руҳий овунч ахтаради назмаро. Нолишлардан бегона, уқтирги фикрларга ҳамхона, сиғингани ишқдир ягона. Ҳаётнинг оқу қора рангларини фарқлаб, сизу бизга илинади кўнгил "фарзанд"ларини байтлар қатига ўраб. Таскин ва таъкидга тўла сатрлари "румийёна" тилга киради гўё:
Ёруғ олам тим қоронғу, нуру зиё йўқдир мангу,
Кимга керак сўқир дунё, ичиндаги ичиндадур.
Икки киши юрмас яқин, бири пулдор, бири ночор,
Иккисининг йўли айро, ичиндаги ичиндадур.
Гуноҳларни қилиб ўзи, "Шайтон йўлдан урди" дейди,
Шундай ноҳақ қилур даъво, ичиндаги ичиндадур.
Аруз оҳангларидан ғазалланган назму наволар бир-бирини тўлдиради, бир-бирини қўллайди, бир-бирини суяйди фикрчанликдан, маънодошликдан қувватлангандай. Боиси, улар шоир кўнглининг турли қолипли баҳрлардаги ҳонишу нолалари шодаси шалоласидан яралган янгроқ садолар-да. Шундан ҳам ёқимли,шундан ҳам юқумли. Эшитиб мароқланасиз, ёдга муҳрлаб, тилда такрорига эҳтиёжланасиз.
Шоир девони бежиз "Кўнгил довони" дея аталмаганга ўхшайди. Ундаги наики 160 дан зиёд ғазални, балки 1 та маснавий, 2 та мураббаъ, 3 та мухаммас, 2 та мустазод, 1 та мусаддас, 139 та рубоий ва 24 та фардни мутолаа қилсангиз, шоир туйғулари кўнгилнинг юксак довонларига кўтарилганини сезишингиз, ҳис этишингиз мумкин. Йиллар ижодкор иқтидорини чархлаб боргани, тафаккурини такомилга етказгани, илҳомини изланишга ва иштиёққа эш қилиб юборганича заррача шубҳангиз қолмайди.
Кўпайтирма хатоларинг сонини,
Кўмиб ташла гуноҳларнинг конини.
Икки дунё саодатин ўйласанг,
Исроф қилма умрнинг ҳар онини.
Шеър ва шуур эгиздай кўрингани каби, қалб ва ақл бир-бирисиз яшолмайди. Ҳар иккисига ягона ватандай шоирнинг тани. Уларнинг баҳсидан умр зийнатланади, орзу манзиллари насиб айлайди, бахт беқарорликдан барқарорлик касб этади. Шоир Баҳодир Қўчқорда мана шу ҳолат зоҳир. Кўз тегмасин, тиниб-тинчимас қаламингизга, кўз тегмасин гўзал ички оламингизга! - дегим келади бугун қадрдонимга қараб баралла.
Содиқ САЙҲУН,
Турон фанлар академияси академиги.