Ҳар йили 21 октябрь - Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида тантанали нишонлаб келинмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: "Она тилимиз - миллий маънавиятимизнинг битмас-туганмас булоғидир. Шундай экан, унга муносиб ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш барчамизнинг нафақат вазифамиз, балки муқаддас инсоний бурчимиздир".

 

Бу йилги ўзбек тили байрами ҳам аввал вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасида, қолаверса деярли барча даволаш-профилактика муассасаларида ғоят кўтаринки руҳда кутиб олинди. Айниқса, вилоят соғ­лиқни сақлаш бошқармасида ташкилланган анжуман ғоят мароқли кечди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, шоир Зиёвиддин Мансуров ҳамда вилоятга таниқли ижодкорлар - Шоҳсанам Эрманбетова ҳамда Моҳира Ҳабибуллаевалар она тилимизнинг бугунги нуфузини кўтариш ва софлигини сақлаш тўғрисида гапирдилар. Сўнгра ўзларининг шеърларидан намуналар ўқиб бердилар.

 

Анжуманда вилоят даволаш-профилактика муассасаларининг маънавий-маърифий ишлари бўйича мутасаддилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар. Улар она тилимизнинг обрўсини юксак тутиш, барча ёзувлар ўзбек тилида, лотин алифбосида саводли амалга оширилишинитаъминлаш борасида қимматли таклиф ва истакларини ҳам айтиб ўтдилар.

 

(Ўз мухбиримиз).