Навоийнинг навосидан қанотланган тилим бор,
Ҳар сўзини жондан севган садоқатли элим бор
Тилимизнинг тарихдаги аҳволига боқиб, у қадар қувонолмаймиз. Агар ҳақиқатни айтадиган бўлсак, туркий ўзбек тилимизнинг бошидан кўп камситишлар ўтган. Яъни авваллари форс ва араб тиллари ёнида қадрсизланган. Яхшиямки, Навоий бобомиздек улуғ инсон дунёга келгани. Ул зотнинг саъй-ҳаракатлари билан кўҳна тилимиз "таҳқир ва ҳақорат ботқоғидан шеърият осмонига кўтарилди".
Ўзбекона "Хамса"дек беш достонли беқиёсу бетакрор асар олам аҳлининг буюк маънавий меросига айланди. (Бунинг ўзи алоҳида катта мавзу).
Навоийнинг наздича, ҳаёт манбаи тўрт унсур – сув, ҳаво, олов ва тупроқ ҳам, етти қат осмондаги етти сайёра ҳам сўз боис мавжудланган:
Тўрт садаф гавҳаринга дуржи ул,
Етти фалак ахтарининг буржи ул.
Инсоннинг тирик жонзотлар ўртасида зоти шарифлигиям сўз туфайлидир. Шундан сўзнинг қиммати баланддан-баланд:
Инсонни сўз айлади жудо ҳайвондин,
Билким, гуҳари шарифроқ йўқ ондин.
Сўз гуҳариға эрур онча шараф,
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Навоий, албатта, бу ўринда ҳам аввало, туркий тил, туркий сўзларни назарда тутгани шубҳасиз. Бобомизнинг журъату жасорати шундаки, у ўз ижоди билан олға сурган ғояларини, фикрларини амалда далиллади ва исботлади. Туркий тилнинг камолу жамолини назмий ва насрий битикларига жо айлади. Навоий туркий, арабий ва форсий сўзларни ўз асарларида дўстлаштириб, бирга-бирга, ёнма-ён қўллаб, халқ руҳига уйғун оҳангли ифодалар яратишнинг беназир санъаткори мақомига мушаррафланди.
"Муҳокамат ул-луғатайн" рисоласидаги қуйидаги таъкидлари жуда ўринли: "Турк алфозида... оламе назарға келди, ўн саккиз минг оламдин ортуқ, анда зебу зийнат... тўққиз фалакдин ортуқ, анда махзане (хазина) учради, дурлари кавокиб (юлдуз) гавҳаридин равшанроқ ва гулшане учради, ҳарими атрофи эл оёғи етмакдин масун (асралган)... Аммо махзанининг йилони хўнхўр ва гулшаннинг тикани беҳадду шумор... Ҳамоноки бу йилонлар неши наштаридин табъ аҳли хирадманлари бу махзандин баҳра топмай ўтубдурлар... ва бу тиконлар сарзаниши зараридин назм хайли гулдастабандлари бу гулшандин гул иликлай олмай йўл тутубдурлар". Шундан аёнлашяптики, бобомиз туркий тилни ўн саккиз минг оламдан ортиқ кўради. "...Унинг хазиналари дурларга тўла, унинг гуллари осмон юлдузларидан ҳам равшанроқ. Унинг кўп бойликларига ҳали эл оёғи етган эмас, яъни бу бойликлар очилмаган қўриқлар каби сақланиб турибди. Фақат бу тил хазиналарининг ништардай тишли илонлари ва озор берувчи тиконлари бор.
Илон ва тикон – туркий тилнинг турли шеваларида фарқлар кўплигини, шунинг учун уларни ягона бир адабий тил қоидаларига солиб, тартиб бериш қийинчилигини образли шаклда ифода этади. Мана шу қийинчиликларни енгиб ўтолмаган табъ аҳли хирадмандлари туркий тил хазиналаридан баҳра ололмайдилар..." (Алишер Навоий. Асарлар. XVI жилд. 2000 йил. 40-саҳифа).
"Лайли ва Мажнун" достонида битилганидай туркий тилда ижод қилувчиларни "форсигўйларнинг таън қилур сарзанишидин"қутқаришни мақсад қилган Навоий заррача армонда қолмайди:
Мен туркча бошлабон ривоят,
Қилдим бу фасонани ҳикоят.
Ким шуҳрати чун жаҳонға бўлғай
Турк эли доғи баҳра топғай.
Эрксиз миллатнинг тили ҳам эрксиз. Эрксизлик – ночорлик. Ночорлик аҳволнинг оғирлиги. Оғир аҳволда ривожланишу тараққиёт ҳақида ўйлаш ҳам хом хаёлдан бошқа нарса эмас. Оғир аҳвол – инқирозга яқин. Агар шу нуқтаи назардан қаралса, аввало туркий тиллар, шу жумладан, ўзбек тили гарчи Навоий яшаган даврдан мавқеи тикланиб, бойиб, оғзаки ва бадиий адабиётда бир мунча юксалиш сари юзланганига қарамай, XIX асрнинг икки ярмидан, янаям аниқроғи рус босқинидан кейин Марказий Осиёдаги ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман тиллари турғунликни бошдан кечира бошлади, бора-бора русча ва интернационал (байналминал) сўзлар ўз сўзларимизни аста-секин истеъмолдан сиқиб чиқаришга сабабчи бўлди. Чунки ҳукмрон миллатнинг тазйиқи ҳам табиий, ҳам сунъий равишда тилимизга салбий таъсирини ўтказди. Бу ҳолни хаспўшлаб, тиллар бир-бирига яқинлашди, қўшилиб кетмоқда, бора-бора рус тили миллатлараро мулоқот тилига айланиши керак деган сафсата сиёсат даражасига кўтарилди. Элимизни тилимиздан бегонасиратиш тажоввузи зимдан рўй берди. Давлат идораларида иш юритиш, русчани билишни юксак маданият белгиси дея баҳолаш, ҳатто илмий даражалар олиш учун русча матн ёзиш ва русча ҳимоя қилиш мушкулоти олимларни беҳад қийнади. Аммо халқимиз тилидан тонмади. Тилини асради, гарчи унинг ичига русча-интернационал сўзларни атайлаб тиқиштиришса ҳам.
Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли адабиётшунос олим Озод Шарафиддинов таъкидича: "Тилни менсимаслик миллатни менсимасликни кўрсатадиган ўта нохуш ҳолдир". Бугун ўзини жуда "билағон", ўта "маданиятли", ўта "замонавий" шахс сифатида санаб, мулоқот чоғида ўзбек тилининг ўз сўзларини унутиб, улар ўрнида кераксиз ножоиз хорижий сўзларни кўр-кўронасига ишлатадиганларни инсофга чақириш учун айтилган уқтирги эмасми юқоридаги сўзлар. Ахир она тилини онасидек севмаслик мумкинми?! Ахир тилимиз ўзбек сўзлари билан чиқмаганми?! Ким бизга энди зуғум ўтказяпти. Аксинча, тилимизнинг мақоми, обрў-нуфузи қонунан кафолатли-ку?!
Мустақиллик тилимизга ҳам эрк берди, албатта. Гарчи 1989 йили тил тўғрисида махсус қарор қабул қилинган бўлса-да, ҳақиқий баланд мақомга истиқлол йиллари давомида эришмоқда. 2019 йил 4 октябрда Президентимиз Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни қабул қилинганининг ўттиз йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида"ги қарори билан бу борадаги ишларни янги босқичга кўтариш вазифасини белгилаб бердилар. Ўзлари эса халқимизга тилимизни ардоқлашда шахсан намуна кўрсатмоқдалар. Биргина мисол: 2020 йилнинг 23 сентябрида Янги Ўзбекистоннинг янги тарихида янги саҳифа очилди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси минбарида Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ватанимиз тарихида илк бор ўз она тилимизда оламшумул аҳамиятга эга бўлган нутқ сўзладилар. Бу ҳайратона ҳодиса халқимизнинг қалбида чексиз фахру ғурур уйғотди. Биз ҳам шуни кўриб ва эшитиб кўнглимизда ўз тилимиздан беҳад ифтихор туйдик.
Содиқ САЙҲУН.