Усмон Носир! Бу ном тилга олинганида ўзбек адабиётида ҳамиша навқирон ва довруқли, ижодда хирмонли-ю, умрда армонли шоир сиймоси кўз ўнгимиздан ўтаверади. Беихтиёр ўзи зўру, пешонаси шўр қалам соҳибининг не айби сабаб қаттол жамият ҳибсхонаси маҳкумига айланганига ақл бовар қилмайди. Ахир шеърларида жамиятга таъна-маъломатлар тополмаймиз, замонасига қора бўёқлар чаплашга заррача уриниш сезилмайди.
Оғир ўтмиши ва кечмиши уни эрта улғайтирган. Интилишу, ўткир ақл-заковати, баланд иқтидори ортидан тенгқурлари ўртасида ярақлаб кўзга ташланган. Ҳали мактаб ўқувчиси чоғидаёқ аълочи тенгдошлари сафида Россия саёҳати насиб этгани, ҳатто Путилов номли заводда ишчиларга атаб ёзган янги шеърини ёддан ўқиб, русий забонларни беҳад ҳайратга солгани ҳам бор ҳақиқат.
У Самарқанддаги педагогика академияси (ҳозирги СамДУ)га 1932 йили ўқишга кирган. Рус тилини она тилидай чуқур ўзлаштирган талаба йигит ҳар йилги таътил чоғи Шимол шаҳарларига, сўнг Кавказ ўлкаларига боради. "Қора денгиз соҳилларидаги дилбар манзалар уни мафтун этади. Пятигорскдаги шифобахш булоқларда чўмилади. Улуғ рус шоири А.С.Пушкин шеърларига илҳом берган, М.Ю.Лермонтовни ошиқ этган Маъшуқ тоғларини кезади. Боку, Ереван ва Тифлис шаҳарларида сайр этади ва у ерда яшовчи халқлар ҳаётидан илҳомланиб, "Мовийлик денгизи", "Шафақ ўчай деб қолди", "Йўлчи", "Бир ҳодиса хаёлимдан аста нари кетмайди" шеърлари ва "Нахшон" номли достонини ёзади. 1932 йили унинг "Қуёш билан суҳбат" номли илк тўплами босилиб чиқади".
Қаранг, 20 ёшли йигит шунчалик тез ижодий камолот касб этганки, кичик-кичик лирик шеърлар устаси қисқа фурсатда ўзбек адабиётини катта ҳажмдаги достонлари билан ҳам бойитди. Адабиётшунос олим ва шоир Ўткир Рашид талқинича: "Усмон Носирнинг иккинчи достони "Нахшон" шоирнинг сафар таассуроти самараси сифатида ёзилган. Арман қизининг дарбадорликдаги аянчли ҳаёти тасвирланган. Бу мавзуни ҳам "Норбўта" достонининг мавзуси билан бир хил дейиш мумкин".
Мана, қўлимизда узоқдан-узоқ музлоқ ўлкадаги ҳибсхоналарда умри эрта ҳазон қилинган шоиримизнинг ўлимидан кейин қирқ тўрт йил ўтиб, чоп этилган "Унутмас менинг боғим" тўплами. Китобга унинг шеърлари, достонлари ва драмаси жамланган экан. Усмон Носирнинг издоши бўлган халқимизнинг атоқли ва ардоқли ижодкори Эркин Воҳидов таъбири билан айтганда: "Истеъдод шундай бир гавҳарки, у денгиз тубида садаф ичида ҳам гавҳар; истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларнинг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор; истеъдод шундай бир гулки, унинг ҳар очилмаган ғунчасида чаманларнинг бўйи таровати бор.
Усмон Носир истеъдоди ана шундай гавҳар, ана шундай ирмоқ, ана шундай ғунча эди". Минг афсусларки, адолатсиз жамият, мустабид тузум ноёб гавҳарни чил-чил қилди, зилол ирмоқни лойқалайди, қат-қати хуш ифор гўзалдан-гўзал ғунчани шафқатсизларча топтади. Аммо, ғараз ниятига асло етолмади. Усмон Носир яратган боғ, Усмон Носир яшнатган гулу япроқ яна яшнайверди. Назм дурдоналари тилдан-тилга кўчди, дилдан-дилга пайвандланди. Сўзига хос яшноқ ва янгроқ иккинчи ҳаётини топди, давом эттирди ўша умрига мудҳиш нуқта қўйилган 1944 йилнинг 9 мартидан кейин...
Шеърим! Яна ўзинг яхшисан,
Боққа кирсанг гуллар шарманда.
Бир мен эмас, ҳаёт шахсисан,
Жоним каби яшайсан манда..
Назмпарастлик унинг қон-қонига, жон-жонига сингиб кетган. Юрагига ўт қалаган туйғулари туғёнида мисралари туғилади, оҳорли либосга йўргакланади ҳар бир шеъри тўлғоғидан ҳатто яраланса ҳам. Дардсеварлик нолишларни ёқтирмайди, ҳатто қайғулардан қувонч ахтаради. Ва ниҳоят юрак нақшига айланади шоирнинг авжинаво сўзлари. Шундан яхши кўрган шеърлари нафосат боғидаги гулларни ҳам уялтириб қўйгудек гўзалланади унинг наздида. Шундан ҳар қандай қисматга розилик изҳорлайди. "Яна шеъримга" сонетида:
Бутун умрим сенинг бўйнингда.
Саҳарда қон тупурсам майли.
Мен – Мажнунман, шеърим, сен – Лайли!
Умрини шеъриятга тикиш – нақадар фидойилик. Ўзи ёниқнинг – сўзи ёниқ. Олов қалбга бундан ўзга қисмат беқадр. Ахир у юрагини созга айлантирган ёр ва диёр куйчиси, бедор кўзига ойни яширган – сутдек ёғдулар шалоласи овчиси, покиза туйғулар тароначиси:
Юрак, сенсан менинг созим,
Тилимни найга жўр этдинг.
Кўзимга ойни беркитдинг,
Юрак, сенсан ишқибозим.
У садоқатли дўсти – юрак билан тиллашади. Ҳис-ҳаяжонларини таърифлашга шай токи тили чарчагунча. Чап кўксида зарб эмас, гўё вужудини ларзага солгудек сўз садоланади ҳар сонияда бетиним. Шоирга тушкунлик бегона. Руҳи қанотли. Кайфияти чоғ. Яшаётганидан шукронаси эмасмикин бу болалигида кўча-куйда иззиллаб, очлик, дарбадарлик азоб-уқубатлардан омон қолганига.
Сенга тор келди бу кўкрак,
Севинчинг тошди қирғоқдан.
Тилим чарчар, ажаб гоҳи
Сени таржима қилмоқдан.
Усмон Носирнинг хаёл уфқи кенгдан-кенг. Умр шаъмин мунавварловчи ноодатий ҳолда юрагига ўзи йўл кўрсатади. Ўзи унинг измида юриш ўрнига юрагини измига бўйсундиришни хоҳлайди. Чиройли сўзлар билан эркалаб айтади айтар сўзини. Ҳаёт эканида бору дардини тўкиб солишни, уларни шеърларига кўчиришни истайди жуда-жуда ғанимат дунёда ғаниматлигини идроклаб. Ҳеч қачон ўзини мағлуб ҳисобламайди, ғолиблик , музаффарлик бекатларидан айро санамайди. Жўшқин ҳаёт афзаллигини уқтиради кўксидаги таваллуддошига, умрдошига.
Сен, эй, сен – ўйноқи дилбар,
Зафардан изла ёрингни.
Тўлиб қайна ,тошиб ўйна,
Тирикман, куйла борингни.
Лирик ҳиссиётлар ифодаси бевосита ижтимоий фаолликка боғлаб юборилган. Юрак нима учун керак? – деган саволга жавоб топамиз хотима банддан. Самарқанд педагогика академиясининг атиги йигирма бир ёшли талабаси кўнглидаги яшаш фалсафаси қоғозга нақадар таъсирчан муҳрланган. Замон нуқтаи назаридан талқин қилсак, Усмон Носир тенгдошларининг пешқадами, энг муҳими – мақсади аниқ, қалби ёниқ яловбардори сифатида намоёнланади.
Юракка эгалик ҳисси ва айни вақтда юрак етовидалиги уйғунлашиб, халқ ҳамда Ватанга фарзандлик бурчини баланд мақомга кўтариб туради унинг шеърида. Буйруқ, чорлов оҳанггида кескин қўйилган шарт ўз-ўзидан ҳаётий ва ҳаққоний ҳукмга монеликдан воз кечтиради.
Итоат эт!
Агар сендан
Ватан рози эмас бўлса,
Ёрил, чақмоққа айлан сен,
Ёрил! Майли, тамом ўлсам.
Таъсирчанликни орттирувчи сатр бошида такрорланувчи "ёрил" сўзи аввал таъкид, кейин ундалма тарзида янграйди. Икки ҳолатдаям шоир шарафга муносиб. Юрак билан ҳар қандай ишга қодирлик беинкор ҳақиқат. Мабодо, шундаям Ватан розилигига эришилмаса, яна орқага чекиниш йўқ. Гап битта. Ҳукм қатъий. Энди ишончни тўла оқлолмагани учун юрак чақнаб, парчаланиб, чақмоқдай бир лаҳза тун бағрини тилиб, нурга йўл очиб, сўнишига норози бўлмасликни таъкидлайди шоир. У ўз хизмати учун Ватан розилигидан бенасиб қолишдан кўра, ўлимни афзал билади. Тамом, вассалом! Ана, фидойилик фалсафаси, ана лирик қаҳрамоннинг мардлиги, кескин қарори.
Ўзбекистон Қаҳрамони, зукко адабиётшунос Иброҳим Ғафуров наздича: "Мана шундай лирик ёрқин шеърларга қараганда, ўзбек лирикасида бир қадар устувор ривожланиб келаётган мавзуларнинг ибтидоси Усмон Носир шеърларидан бошланганлигини кузатиш мумкин". Бошқача айтганда, XX аср ўзбек лирикасининг курашчанлик, Ватан ва халқ манфаатларига дахлдор туйғулар таронасининг ўзига хос янги мактабига Усмон Носир пухта пойдевор қўйиб кетди, десак асло янглишмаймиз.
Ички оламида ташқи оламидаги ўзгариш, янгиланиш, яшариш ва гуллаб-яшнаш таъсиридан туғилган туйғулари сержилолигидан шеърларида сўзларга сеҳр боғлаб юбориш маҳорати Усмон Носир шоирлик мартабасини кўкларга барвақт кўтариб юборди. Кўнглидаги баҳор – ижодига кўчди. "Боғим" дея фахрланиб баралла оламга жар солганида нечоғли ҳақ эканини ким ҳам рад эта оларди.
О, у қандай фусункор!
Нур билан тўлган бутун.
Гуллари чаман-чаман,
Мен уларни ичаман.
Кўнглимда яшнар баҳор...
У худди адабиёт гулшанини бевақт ташлаб кетишини кўнгли илғагандек шошиб ва жўшиб ижод қилди. Ўн йилда (1927-1937) бир неча ўн йилликка татигувчи баракали бадиий хирмон яратди, адабиёт олами аҳлини ўзига қаратди. Йигирма уч ёшидаёқ ўлим шарпасини пайқагандек ортида келажак ижод боғига қараб, фахрнома битишга ҳам улгурди:
Баргдек узилиб кетсам,
Унутмас менинг боғим.
Ишимни ҳурмат қилур,
Гуллардан ҳайкал қурур,
Минг йиллардан кейин ҳам
Унутмас менинг боғим!
Назмтаъблар яхши биладиларки, шеърнинг мағзи – маъноси, шеърнинг гўзаллиги – бадиий ифодаси, шеърнинг таъсирчанлиги – оҳангдорлиги, шеърнинг кўнгилга юқумлилиги – енгил ўқишлилиги ва осон уқишлилиги. Усмон Носир шеърияти буларнинг бирортасидан бегона эмас. Аксинча, барча жиҳатлари тўкис ва расолиги учун ҳали ҳануз замонавийлиги-ю, оҳорини йўқотмай яшаб келяпти. Ёш авлодни тарбиялаяпти. Унинг такрорли ва таъкидли сатрлари олдида йиллар ожиз, вақт ожиз:
Шеърларим янграб қолур...
Бир умрга ўлмайман!
Ҳаётимнинг давоми -
Келажагимга ҳомий,
Ўрнимга боғбон бўлур:
Бир умрга ўлмайман!
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 10 февралдаги "Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини нишонлаш тўғрисида"ги қарори шоир абадий барҳаётлигини яна бир бор тасдиқлаб турибди. Ноябрь ойи иккинчи ўн кунлигидаги ўзбек адабиёти байрамига айланиб кетадиган тантаналар тобора яқинлашар экан, биз ҳам юртдошлик фахру ғурури билан шоирни ёдга олиб: "Сизни унутмас, боғингиз! Боғингиздан баҳор кетмас, Усмон Носир бобо!" дейишга тўла ҳақлимиз.
Содиқ САЙҲУН,
Турон фанлар академияси академиги.