Ўқитувчиларни улуғлаб, чароғбонлар деб аташади, зиёкорлар деб аташади. Чунки, бизлар гўё илм маёғини, маърифат машъалини кўтариб олганмиз. Барча фан ўқитувчилари болаларга билим беради, улар дунёқарашини шакллантиради ва бойитади. Аъло ўқиган ўғил-қиз ҳаётда баркамолликка эришади. Агар у етарли тарбия ҳам олган, миллий қадриятларни оиласида ўз вақтида ўзлаштирган бўлса, албатта. Демак, фақат маърифатли бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Унга юксак маънавият қўшилгандагина, бугунги ёшларимизнинг миллий камолотидан кўнглимиз тўлиши мумкин.
Янги Ўзбекистонимизда "Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари" тараққиёт шиори амалда дадил қадамлар ташлашга даъват этиб турибди. Билим даргоҳимиз ота-оналар қўмитаси раҳбари, ички ишлар хизматлар фахрийси Муҳаммадхон ота Собиров жамоамизга мазкур йўналишда фаол кўмакдошлар. Ота-оналарни очиқ дарсларга таклиф қилишни одат тусига киритганмиз. Йиғилишларимизда ўқувчиларимиз одоб-ахлоқи, хулқи, хатти-ҳаракатига доир масалалар доимий кун тартибидан тушмайди. Жумладан, миллий-тарбиявий одатларимиз оилалар бағрида фарзандларда шакллана бошлайди. Шу боис, ўз навбатида мактабда болаларда ўзбекона ҳамда умуминсоний қадриятларга мос ривожланишига таъсир ўтказишимиз осон кечади.
Бугун бемалол айта оламизки, ўқувчиларимиз орасида салом бермайдигани йўқ. Ҳар бирлари "Салом – одобнинг боши" эканини яхши англаб олишган. Бундан ташқари, покизаликка ва меҳнатсеварликка ўргатиш синф раҳбарларининг ҳамиша диққат марказида туради. Қизлар чеварчилик, пазандачилик, қандолатчилик сир-асрорларини ўрганишса, ўғил болалар сартарошлик, дурадгорлик ва боғбонликка жалб қилиняптилар. Замон талабини ҳисобга олиб, компьютерчи-дизайнерликдан ҳам бохабар бўлишларига етарли имконият ва шароитлар яратиб қўйилмоқда. Мактаб ҳамшираси Раҳбарой Деҳқонова эса "Соғлом танда – соғ ақл" деган ҳикматли нақлни болалар қулоғига қуйгани қуйган.
Умумтаълим мактабларида "Тарбия" фанининг жорий этилгани айни муддао бўлди. Тарих ўқитувчиларимиз Мўътабар Жалолова билан Нозимжон Турсунбоевлар барча машғулотларда тарбиянинг миллий жиҳатлари ҳақида болаларда мукаммал тасаввур уйғотишга астойдил интилишмоқда.
Ҳар жума кунги "Синф соати" машғулотлари маънавият тарғиботига бағишланади. Синф раҳбарларидан Шуҳратжон Эгамбердиев, Гулираъно Маҳкамова, Садоқат Раҳимова кабиларнинг 7, 8, 10-синфлардаги мухтасар ва таъсирчан суҳбатлари ўқувчилар тарбиясида тобора ижобий ўзгаришлар ясаб бормоқда.
Президентимизнинг "Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади" деган сўзлари биз – педагогларни таълим-тарбия уйғунлигини таъминлаш учун янада астойдил фаолият юритишга руҳлантириб тураверади.
Шоҳида НИЁЗОВА,
Тўрақўрғон туманидаги 24-мактаб директорининг маънавий-тарбиявий
ишлар бўйича ўринбосари.