Исоқжон Нишонов сал кам етмишда ҳам йигитлик пайтидагидек ижодий-ғайрат шижоатини йўқотмаётган адиблар сирасига киради бугун. Ахир китоб ёзмаган, янги китоби нашр этилмаган ва улар қўлма-қўл ўқилмаётган йилнинг йўқлигини кўпчилик мен каби яхши билмаса керак. Ҳамиша янги режалар, янги илҳомлар оғушида яшайди у. Қачон қарамайлик, долзарб мавзуларни қаламга олишга ошиқаётганига шоҳидмиз. Ўзининг юксак иқтидорини авваллари кўпроқ ҳикоя ва қиссаларида кўрсатишга одатланган бўлса, бора-бора романнавислик маҳорати билан барқарор ва бардавомлик касб этаётгани кўнглимизни мамнуният туйғуларига тўлдириб юбораётганиям ажабтовур ҳаётий ҳақиқат. Балки, 13 жилд туркум китобдан иборат "Афғон шамоли" роман-эпопеясини ёзган инсонга бу осон деб ўйлаймизу, лекин асли азалдан кони заҳмат, кони машаққат ва кони масъулиятни елкада тутиб туришдек ўта қийин, ўта мураккаб ва ўта оғир вазифани ўринлатишдир. Буни йилдош ва йилдош ижодкор сифатида мен яхши англайман. Наманган насрининг истиқлол йиллари камолотида дўс­тимизнинг ўзига хос ўрни, ўзига хос ҳикоялаш услуби, ўзига хос тасвир тажрибаси, ўзига хос маъно-мазмун ифодаси борлиги учун ҳам бугун уни Янги Ўзбекистоннинг адабий гулшанида ҳам чиройли бўй кўрсатишга улгурмоқда дейишга тўла ҳақлимиз.

Очиғини айтганда, бу асарининг қўлёзма ўрнидаги дастлабки нусхасини ўқиб кўриш ва муносабат билдириш учун қўлимга берганида, баъзи саҳифаларида такрорлар, ҳали маромига етмаган тасвирларнинг борлигини, асар қаҳрамонларининг руҳияти ва ички дунёсида табиийликнинг, айниқса, миллийликнинг бадиий ифодасида таъсирчанлик кучли эмаслигини пайқаган ҳамда баъзи фойдали фикр-мулоҳазаларимни билдирган эдим. Ниҳоят таҳрирдан сўнг киритилган қўшимчалар, сайқаллар романнинг бадиий савиясини, тарбия­вий қийматини маълум даражада оширганини китобни қўлга олиб, яна бир маротаба мутолаа қилганимда англаб турибман.

Исоқжон Нишонов мазкур йирик асарини Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг шонли 31 йиллигига, шу санага эгиз ҳолда Қамчиқ довони очилганлигининг 60 йиллигига бағишлаб битгани ғоят катта аҳамиятга эга. Негаки, хал­қимизнинг бунёдкорлиги, оталаримизу замондошларимизнинг элу юрт рўшнолиги, файзу баракаси учун хизмат қиладиган кенгу равон йўллар қуриш ҳаракати тор сўқмоқларни очишдан бошланганини, бунинг учун икки авлоднинг, ҳатто уч авлоднинг мардона меҳнати сингганини кўз ўнгимизда жонлантириш учун ёзувчидан катта истеъдод, катта салоҳият керак эди. Адибимиз худди шундай иқтидор соҳиби эканини "Довон" орқали яққол намоёнлашга ўзида журъат топа олганига қойил қолмай иложимиз йўқ. Гарчи романда янада тиниқроқ тасвирлар, янада қизиқарли воқеа­лар, янада ҳаяжонли ҳолатлар билан бойитилиши кераклиги сезилаётганига қарамай.

Менга романнинг кўпроқ маъқул келган жиҳати - ундаги ҳаёт ва хаёл уйғунлиги. Ташқи, яъни табиий мавжуд тоғ бағридаги бунёдкорлик, қаҳрамонларнинг ички, яъни руҳий ва қалби кечинмалари бир-бирига узвий боғлиқ ҳолатда ҳаяжонли ва мароқли йўсинда тасвирлангани. Юртнинг асл тараққиёти юртдошларнинг мардлигу матонати туфайли таъминланиши ёрқин лавҳаларда жуда жонли ва ишонарли ҳикоя­ланган.

Асарнинг бош образи "Одил болалик чоғлариданоқ улкан юмушларда, жумладан, йўл қурилишида ишлаш орзусида яшарди. Бир маромдаги кўпам ишни хушламасди. Ҳаётдаги ҳар қандай ўзгаришни бир босқич деб ўйлар, уни завқ-шавққа тўлиб бажарарди". Шу боис, Тошкентда олийгоҳ талабаси экани чоғларидаёқ у ҳеч бир нарсага лоқайд боқмасди. Аксинча, ёмонни яхшига айлантириш ҳисси беихтиёр ўй-хаёлини банд этарди. Ватан ободлиги учун қайғурмасдан туролмасди. У таътил пайтлари довондан қишлоғи томон ошиқаркан, кўнглини хира қиладиган манзараларга ҳар гал дуч келмасдан қолмасди. "Йўлдаги тирбандликлар, одамнинг юрагини сескантирадиган ҳайбатли тепаликлару зулмат тубли чуқур жарликларга разм солиб, қўқисдан урилиб, "тумшуғи"ни пачақлаб олган машиналарни учратиб юраги орқага тортиб кетарди. "Нега бу йўллар тордан тор, нега бурилишлар сону саноқсиз, нега илонизи йўлдаги ўйиқ­лар машиналар ғилдирагини қалқитиб, ичидаги кишиларни ваҳимага солаверади. Қачон пасту баланди текисланади? Қачон асфальт ётқизилади?" сингари жумбоқли ўйлар миясини аёвсиз пармаларди".

Юқоридаги икки иқтибос романнинг илк саҳифасидан олинди. Ана энди асарнинг сўнгги саҳифаси қуйидагича хотималанган"."Кечанинг серюлдуз фалаги сарбаланд тоғлар орасидаги йўлга ўзининг оппоқ шуълаларини сочганди. Бунга икки қирғоқдаги тунги чироқларнинг нурлари қўшилиб, худди кундузгидек ёришиб кетганди... Ойнадек текис ва равон асфальт йўлдан енгил машина қуш мисол еларди. Ҳукумат раҳбари қанчалар чарчаган бўлса-да, ҳар доимгидек руҳи тетик эди. Ойнадан ташқарига мамнун боқиб борарди. Йўл бўйлари бир вақтлар ўзи орзулагандек янгича қиёфа касб этганди. Ўзгача чароғонлик ҳукм сурарди. Ҳайдовчилар юрак чангаллаб ўтадиган жойлар кенгайтирилган, бирорта хавфли бурилиш қолмаган. Йўл ёқаларида савдо шоҳобчалари, чойхонаю ошхоналар, дам олиш масканлари фаолият юритмоқда. Бу Янги Ўзбекистоннинг порлоқ келажакка юз тутиши эди".

Дарҳақиқат, истиқлол ислоҳотлари, аввало, одамларнинг турмушини, дунёқарашини ўзгартириб юборди. Инсон манфаатлари устуворлиги давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Ватанни фақат тилда эмас, дилдан севадиган халқимиз куч-қудрати жўш урган замон ўз қаҳрамонларини яратишга улгурди. Бу ҳайратона ҳол буюк яратувчилик жабҳаларида зоҳирланмоқда. Мустақил юртнинг иқтисодий қуввати ортган сайин фаровонлик сари дадил одимлар ташланаётир. Пойтахтни водий билан боғловчи Қамчиқ довонидаги бетимсол бунёдкорлик - бетимсол тараққиётнинг таъминловчи улуғвор мақсад манзилларига элтувчи жаҳон андозаларига монанд ястанган кенгу ёрқин мустаҳкам ва муҳташам йўл соҳибларига айлантирди сиз билан бизни.

Салкам тўрт юз саҳифалик асар ҳажман салмоқлигина эмас, макон ва замон қамрови ҳам шунга яраша. Адибнинг ўзи эътироф этганидай: "Ўттизинчи йилларнинг охирида, юртимизда Иккинчи жаҳон уруши нафаси кезиб юрган пайтда халқимиз очарчилик ва қақатчиликка қарамай улуғвор ишларга қўл урди. Катта Фарғона каналини қирқ беш кунда қўл кучида кавлаб, оби ҳаёт оқизиб юборилди. Натижада қақшаб-қақраб ётган тақир чўлларга, қир-адирларга жон кирди. Одамлар бўз ерларни ўзлаштириб, экин майдонларига, боғ-роғларга айлантиришди. Бу - Ўзбекистон тарихидаги жаҳоншумул воқеалардан бири эди.

Мустақилликнинг даст­лабки йилларида халқимиз яна бир олмашумул ишга енг шимарди. Буюк Ипак йўли ўтган, аждодларимиз қатнаган, бобомиз Бобур Мирзо ўтган, Отабек Кумушни соғиниб отда қатнаган Қамчиқ довонини кенгайтириш ва уни халқаро йўлга айлантиришни ўз олдига долзарб вазифа қилиб қўйди. Мустақил мамлакатимизнинг бемисл куч-қудрати мана шу мардлар майдонида катта синовдан ўтди. Бу ватанимиз тарихидаги иккинчи буюк иш. Шу боис истиқлол даври яратувчилик солномасининг энг ёрқин саҳифаси бўлиб қолади".

Маълумки тарихчилар халқ ҳаётини ҳужжатлар асосида китобларга муҳрлашади. Улардаги қисқа шарҳ ва рақамлар оммада етарли қизиқиш уйғотаолмайди. Бошқача айтганда, тарихий факт ва далиллар гўёки ҳайкал, адабий асар эса жонли одамлар мисоли ҳаммани ўзига жалб қилади, онгу шуури қолиб, ҳатто қалбига, ички дунёсига беихтиёр кучли таъсир ўтказади, ажиб ҳиссиётлар уйғотади, туйғуларини тарбиялайди. Исоқжон Нишоновнинг "Довони" ҳам бундан мустасно эмас.

Романда тош кўчкиси, сел ёпирилиши, йўл ёрилиши каби кутилмаган фалокату офатларга қарши инсон ишончи, журъати ва матонати қарши қўйилади. Табиат олдида бўйин эгмаслик - зоти шарифлик шарафи сифатида улуғланади. Қўрқув ва хадикдан халослик ортида мардлик ётади, журъат уйғонади, жасорат юзаланади. Аслида бу гаплар айтишгагина осон, замирида жонфидолик бор, элу юртнинг эзгу мақсад - муддаоси ижобати бор. Тирикликнинг ташвишлари, қайғу кулфатлари бағрида туғилади, ул­ғаяди бахту саодат деган барчамизга қадри баланд тақдир насибаси. "Довон"даги кишиларнинг ёшлари, феъл-атворлари фарқ­лидиру, аммо-лекин мақсадлари муштараклиги уларнинг ватандошлигида, тақдирдошлигида, албатта.

Асар мутолааси енгил. Чунки, Исоқжон Нишонов ўқувчини зериктириб қўядиган ортиқча таърифу тавсифларга берилмайди. Аксинча, ҳар бир образнинг ички оламига мос ўй-фикрларини, кўнгил кечинмаларини гоҳ қизиқарли ва кулгили, гоҳ маҳзун ва қайғули тарзда мухтасар лавҳаларга жо қилиб юборганки, саҳифадан-саҳифага мароқланиб ўтиб бораверасиз. Ўзингизни асардаги кишилар даврасида ҳис қилаётгандек бўласиз. Гоҳ қалтис ҳаётий ҳодисалардан ҳаяжонга тушсангиз, гоҳ ривоятлар бағрига шўнғийсиз.

Мана, йўлсозлар раҳбари Абдулбоқининг ишчиларига сўзлаб берган ривояти: "- Ниҳоллар томир тикиб, япроқ ёзиб, бўй чўзса, йўлга соя тўшайди, ўтган-кетган ҳақимизга дуо қилади. Эскилардан қолган гап бор: Кўкарган ҳар бир дарахт уни эккан одамнинг ҳақига саловат айтиб тураркан. Ҳазрати Луқмон Ҳаким дарахтлар кўкариб турган жойдан ўтаётганида улар ўзларини шу ерларга келтириб, ўтқазганларга саловат айтаётган экан. Орадан бир неча кун ўтиб, Луқмон Ҳаким қайтаётганида ўша дарахтлар бошқа одамларга саловат айтаётгани қулоғига чалинибди. У "Нега бу сафар ўзгаларга саловат бағишлаяпсизлар?" - дея сўрабди. Дарахтлар "Бизни сотиб олган, эккан одамнинг ҳақи тугади, энди бизни парваришлашаётганлар, озиқаю сув ташналигимизни қондириб кўкартираётганлар ҳақига дуо қилмоқдамиз" дейишибди енгил бош тебратиб".

Романда ёзилишича, мазкур ривоятни эшитган йўлсозлар қалбида узундан-узоқ асфальт-трассаларнинг четларига ниҳоллар ўтқазиш иштиёқи жўш уриб кетибди.

Албатта, янги китоб романнинг ҳаётийлиги ва ҳаққонийлигини белгиловчи мезонлар доирасида битилган. Бунёдкор ёшларнинг соф ишқий муносабатлари ҳикояланиши асносида кўнгилларни энтиктирувчи жозибасидан бебаҳра қолмаймиз. Намангандан довон йўли қурилишига борган, аввалига ўткинчи қийинчиликларга бардоши етмай ё қолиш, ё кетиш ўйида аросат фикру хаёллар гирдобида изтироб чеккан Носирнинг тоғ қизи Чаманойни учратиб, тўғри тўхтамга келиши-ю, кейинчалик ҳамкасбларининг пешқадами, совриндори сифатида элга танилиши жараёнлари акс эттирилган саҳифалар шундан далолат беради.

Яна таъкидлаш жоизки, аслида асар ҳаётий воқеаликка, ҳужжатларга асосланиб яратилгану, бироқ, бадиий "либос"дан мазмун ва жило топган. Демак, асар қаҳрамонлари ҳаётда сиз билан бизга замондош кишилар. Бадиий жанр талабига кўра, уларнинг исми-шарифлари ўзгартирилган, керакли ўринларда матонатли меҳнатлари озми-кўпми бўрттирилган. Энг муҳими, ёлғондан холилигида, ҳаққоний таърифу тавсифлар меъёри бузилмаганида, деб ўйлаймиз.

Муаллифнинг китоб охиридаги сўнгги сўзида жуда жўяли қуйидаги иқрорномаси эътиборга лойиқ: "Йўл ва туннель қурилишида жонбозлик кўрсатган юртимиз улуғлари Исмоил Жўрабеков, Икромжон Каримов, Абдулфаттоҳ Жўраев, Убайдулла Аҳмедов, Аҳмадали Жўраев, Байсенбой оға Қорабоев, Исоқжон Шокиров, Мусахон ҳожи Жўраев каби фидойи инсонлар жасоратини Рустам Расулович Абдувалиев тимсоли орқали очиб беришга уриндим. Номлари китоб саҳифаларига кирмай қолган инсонлар олдида ўзимни қарздор деб ҳисоблайман".

Бугун таниқли ижодкор Исоқжон Нишонов етмиш ёшни қоралаб бормоқда. Унинг "Довон" романи Янги Ўзбекистондаги китобсеварлар учун оҳорли мавзудаги қадрли туҳфа экани беинкор ҳақиқат. Ўзбе­кис­тон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган "Энг улуғ, энг азиз!" танловининг вилоят босқичидаги "Энг сара адабий-бадиий асар" номинациясида фахрли биринчи ўринга муносиб кўрилганиям бежиз эмас. Навбатдаги ижодий армуғонингиз муборак бўлсин! - деймиз биз ҳам шодлигига шерикликдан шодланиб.

Содиқ САЙҲУН,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

Турон фанлар академияси академиги.