Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филали мажлислар залида "Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз" шиори остида маънавий-маърифий табдир бўлиб ўтди. Унга бошқарма тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари бош ҳамширалари таклиф этилди.

Тадбирни бошқарма бош ҳамшираси Райҳона Мансурова кириш сўзи билан очди. Бошқарма бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, "Шифокор ва ҳаёт" газетаси муҳаррири Абдулла Ғозиев Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги ҳақида маъруза қилди.

Нотиқ Истиқлол йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари хусусида батафсил тўхталди. Мустақилликнинг дастлабки йилларидаги ҳаёт билан бугунги фаровон турмуш таққосланди. Айниқса, кейинги беш йилликдаги буюк ўзгаришларга эътибор қаратилди. Соғлиқни сақлаш тизимида кечаётган изчил ислоҳотлар ва уларнинг беқиёс натижалари изоҳлаб берилди. "Тиббиётдаги ислоҳотлар - инсон қадри учун!" тамойили асосида амалага оширилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар провардида хал­қимизни тиббий хизматдан рози қилиш борасида сезиларли ютуқларга эришилаётганлиги қайд этилди.

Эндиликда тиббий хизматни аҳолига яқинлаштириш, бирламчи тизим фаолиятини кенгайтириш, ихтисослашган тиббий хизматни ривожлантириш, оналик ва болалик муҳофазасини яхшилаш, тиббиёт ходимлари нуфузини ошириш ва уларни рағбатлантириш, соҳа моддий-техник имкониятларини такомиллаштириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида фикр юритилди.

Ҳар бир саломатлик пос­бони - у шифокорми, ҳамширами ёки кичик тиббиёт ходимими, ким бўлишидан қатъий назар тизим иши самарадорлигини оширишга, тиббий хизмат сифати ва даражасини юксалтиришга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоғи лозимлиги уқдирилди. Бу изланиш ва интилишлар Янги Ўзбекис­тон тиббиётини янги бос­қичга олиб чиқишдек улуғ мақсадга эришиш имконини бериши шубҳасиз.

Севара ҒОЗИЕВА.