Ёҳуд "Илму одоб жавоҳирлари" китоби хусусида

 

Ҳамюртимиз, бир неча китоблар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, машрабшунос Юсуфжон Алихоновнинг "Илму одоб жавоҳирлари" деб номланган китоби инсон маънавий камолотини кўзлашдек юксак мақсад билан ёзилган. Китобдаги "Одобнинг таърифи ва уйғониш даври" сарлавҳали биринчи мақолада муаллиф "одоб" сўзига таъриф беради. Одобнинг турли кўринишлари, одоб ва беодоблик, у ҳақдаги буюк аждодларимиз қолдирган фикрларга шарҳлар келтирадилар.

Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: "Мамлакат хароб бўлса, сен шоҳдан хафа бўлма, ҳақиқат аҳли наздида, бу илм аҳлининг, зиёлиларнинг гуноҳидир", деган фикрларини келтирилиши ҳам зиёли, олим инсонлар олдида турган масъулиятни янада чуқурроқ англашга ундайди.

Олим ва ҳунармандлари кўп юрт - бадавлат юрт. Юрт одамлари қанча маънавиятли, маърифатли бўлса, қалб кўзлари очиқ, яхши-ёмонни фарқлайдиган, юртини севиб ёвдан ҳимоя қиладиган, қатъиятли мард бўлишади. Бундай халқни, бундай юртни енгиб бўлмайди.

Юртимиз тарихида бунга мисоллар талайгина. Чингизхон юртимизни босиб олиб, барча фузалоларни, зукко, ташаббускор саркардаларни йўқотиб, эгаллаган сарҳадларга: "Шаҳарларга нодон, иродасиз, аҳмоқ кишиларни бошлиқ этиб тайинланглар ва кўкларга кўтариб мақ­танг­лар, уларни қўллаб-қувватланглар!", - дея фармон берар экан.

Илмсиз, маърифатсиз одамнинг манқуртдан қаери кам? Манқурт одам на ота-онасини, на Ватанини танийди.

Китобнинг саҳифаларига муҳрланган ҳар бир сўз, ҳикмат, ривоятлар тинимсиз изланиш, ўқиш, ўрганиш, ҳаётий тажриба, кузатишлар самараси экани кўриниб турибди.

Бугун дунё нотинч. Урушлар, босқинлар, ёнғину, селлар, тўфонлар... Вазиятни кутиб, тиш қайраб турган ёвуз ниятлар, оқимлар... ёшларни йўлдан уришга уринаётган ижтимоий тармоқлар...

Агар биз келажагимиз эгаларини бузғунчи ғоялардан асрамасак, илм бермасак, одобга ўргатмасак - эртага юрт тақдири, эл тақдири нима бўлади, деган савол бор.

Китобдаги " Илм ва одоб эслатмалари", "Бола тарбияси", "Яхши бола", "Ибодат одоби", "Дас­турхон одоби", "Боланинг китоблари" каби сарлавҳалар бошида берилган фикрлар нафақат фарзандларимиз, балки ота-оналарга ҳам жуда муҳим. Чунки орамизда шундай ота-оналар борки, ўғил-қизи тарбияси билан шуғулланмайди ёки билмайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: "Луқмайи харомдан ўниб-ўсган эт, жаннатга кирмайди", деган ҳадислари "Мақолоти Соқибий" ("Соқибий васиятномалари")да келтирилган ва у ерда кимни одам деса бўлади, деган саволга жавоб берилган.

Дарҳақиқат, Тангри Одам алайҳиссаломни яратиб, исми жисмига мос фазилатларни битиб қўйган.

Яъни, О - одоб, яъни ахлоқнинг амалда қўлланилиши.

Д - дил равшанлиги, дил ва тил бирлиги.

А - Ақл.

М - Мўъмин, иймони комиллик. Арабча сўз бўлиб, ким томонидан қандай вазифа берилмасин (албатта, эзгу амаллар) уни сидқидил, ҳалол, бетаъма бажарувчи шахс. Одобнинг энг юқори олий шакли - гўзал хулқ саналади.

Устоз Юсуфжон Алихонов тузган жавоҳирларга тўла китобнинг ҳар сатридан эзгулик, ёруғликни ҳис қиласиз. "Луқмони Ҳакимнинг фарзандига юз насиҳати", "Илм ўн қисм бўлса, тўққиз қисми одобдур", "Одоб олмосининг қирралари", "Одобда аёлларнинг ўрни" каби мавзуларнинг ҳар бири сизни фикрлашга, мушоҳада қилишга ундайди. Ўқиш асносида булоқ сувларидай тиниқликни, ранго-ранг гуллар ифорини туясиз.

Китобда Аҳмад Шавқийнинг қуйидаги ҳикмати келтирилган: "Она - мадрасадир. Агар уни муносиб тайёрлай олсак, қони тоза халқни тарбиялайсан". Шу ўринда таниқли авар шоир Расул Ҳамзатовнинг фикрлари ҳам онанинг оилада, жамиятдаги ўрнини нақадар улканлигини кўрсатади: "Онанинг тарбияси фарзандни одам қилади, фуқаро ва шахсга айлантиради. Тарбияда онанинг ўрни бирламчи, деган фикримда қатъий тураман. Сизга кўрсатилган чексиз меҳрга меҳр билан жавоб қайтариш ва миннатдорчилик туйғусидан қалбингиз кар бўлиб қолмаган бўлса, бир умр қулоғингиз тагида онангизнинг алласи жаранглаб туради".

Дарҳақиқат, жаҳон таниган, буюклик даражасига эришган аждодларимизга эътибор қаратсак, ула энг аввало онани муқаддас билиб эъзозлаганлар.

Шу ўринда "Фарзандларга биринчи даражада одобни ўргатувчилар оталар ҳисобланади", - деб ёзади муаллиф. Абдулло ибн Марвозий: "Мен илмни йигирма йил, одобни ўттиз йил ўргандим", деган эканлар.

Ниҳол кўчатга айлангунича тўғри парвариш нечоғлик муҳим бўлса, боланинг камолга етиши учун ота-онанинг тўғри тарбияси шу қадар муҳим. Китобнинг ҳар бир саҳифасини варақлаб, унда куюнчаклик билан билдирилган улуғ аждодларимизнинг илм, одоб, тарбияга оид қимматли фикрлари, ҳикоят, ривоятларни ўқиб англадимки, устознинг меҳнатлари, заҳматлари зое кетмабди. Нафақат катталар, балки ёшларимиз ҳам ўқиб, ўрганадиган ибратли хулосалар оладиган қимматли манба яратилибди.

Наманганлик таниқли олим, ҳофизул Қуръон ва шоир Отахон домла Нисорий ҳақидаги маълумотларда Ю.Алихоновнинг устозларига бўлган чексиз муҳаббат ва самимиятлари уфуриб турибди. Домланинг дўстлари Ёқубжон махдум бўлган. Уларнинг суҳбатларида кўп иштирок этган махдумнинг ўғиллари Ҳошимжон домланинг панду-насиҳатларини кўп тинглаган. Кейинчалик бемеҳр фарзандлар тўғрисидаги "Ўғилларимга насиҳат" "Жаннат таърифида" манзумаларини домла 350 метрлик магнит лентасига ёзиб қолдирганлар.

Домланинг "Ўғилларимга насиҳат" манзумаларини (235 мисра) ёзиб олиб, шарҳлар битган. Устоз Ю.Алихонов бу шарҳларни китобга киритиб, жуда катта хайрли иш қилганлар.

 

Тиловатни дариғ тутманг ҳамиша бу отангиздан,

Саҳарлар уйғониб боққан, ғариб ўлган онангиздан.

Илоҳим, Нисорий домланинг руҳлари шод бўлсин!

 

Устознинг машрабшунослик бобида амалга ошириб келаётган ишлари ҳам таҳсинга сазовор. "Сизни йўқлар замон келди..." сарлавҳаси остида берилган мақолалар, ҳамюртимиз Бобораҳим Машраб устозлари - мулла Бозор Охунд, ҳазрати Офоқ Хўжа, уларнинг ҳаёти, фаолияти, шажараси ҳақида қимматли маълумотлар берилганки, уларнинг ҳар бири алоҳида-алоҳида тад­қиқ қилишга, ўрганишга арзийди.

"Илм олиш ҳар бир мўмин ва муслима учун фарздир" деб номланган бўлимдаги 110 банддан иборат ҳадис, ҳикмат, ўгит ва ривоятлар ҳам илм­нинг аҳамияти, қиммати, илмсизлик жафолари тўғрисида бўлиб, мисқоллаб йиғилган меҳнат самараси экани кўриниб турибди.

Бу бўлимнинг қимматли жиҳати - бобомиз Амир Темур, Алишер Навоий, Мирзо Бобур ҳақида, уларнинг юксак инсоний фазилатлари, эл-юрт учун амалга оширган оламшумул ишлари тўғрисидаги маълумотлар, воқеалар ҳам келтирилганки, ўқувчи уларнинг ҳар бир сатрини беэътибор қолдирмайди.

ХVIII аср охири ХIХ бошларида яшаб ўтган етук ижодкорлардан бири Мавлоно Ёрмуҳаммад Мухлис Намангоний, шайх Ҳованди Тоҳур авлодидан Иминхўжа Парранда, Мулла эшон Мавлавий, шоир ва мударрис Мажзуб Намангоний, Сай­йид Иноятуллоҳ ибн Саййид Улуғхонхўжа, Муҳаммадхон Тўра, Файзихон Тўра, Яҳёхон Тўра Намангоний, дунё таниган Собитхон Тўра, Мулла Сатти Охунд, Шайх Исмоил махдум, Кароматхон Эшон, Исҳоқхон маҳдум, Сайдуллаев Абдуваҳоб ҳожи, мутасаввуф Муҳиддин қори, Ёқуб эшон, Халифа домла, шайх Эшон бува, шайх Довудхон домла раҳимаҳуллоҳ, Олимхон домла Мусабоев... шундай улуғ алломаларимиз ҳақида маълумотларни тўплаб, бизга тортиқ қилган устоздан миннатдор бўлишимиз керак.

Инсон учун ўз тарихини билмасликдан кўра фожеа йўқ. Вилоятимиздан етишиб чиққан, ҳатто дунё таниган бу улуғ инсонлар ҳақида кўпроқ билишимиз, ўқиб-ўрганишимиз лозим. Айниқса бугун ўсиб камолга етаётган ёшларимиз учун ўз тарихини, аждодларини билиш катта аҳамиятга эга.

Китобга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек тақриз ёзган, Жамолиддин Муслим муҳаррирлик қилган. "Илму одоб жавоҳирлари" китоби барчага бирдай маъқул ва манзур бўлиши шубҳасиз. Зеро маънавиятли, маърифатли ҳар бир одам ҳаёт экан ўқишдан, ўрганишдан тўхтамайди.

Юсуфжон Алихоновнинг ушбу китобини ўқиб чиқиш орқали комиллик зинапояларининг бир нечасидан ўтиш имконига эга бўласиз. Муаллиф устозимизга эса ижодда янги-янги парвозлар тилаб қоламиз. Бу гўзал туҳфа биз наманганликларга муборак бўлсин, деймиз.

Лобар РУСТАМОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.