Шунинг учун бу номдаги қадамжоларнинг тарихи ҳақида зарур маълумотларни аниқлаш, уларни таққослаш, ёш авлод тарбиясига ижобий таъсир ўтказадиган жиҳатлари тарғиботига эътибор қаратиш айни замонда муҳим аҳамиятга молик масала. Ҳамма ҳам назар қилавермайдиган мазкур иш аслида катта қимматга эга. Биз бугун Аламбардор мозорига муносабат тимсолида шу хайрли ва савобли юмушдан ҳормай-толмай, муттасил изланиб юрган жонкуяр ҳамюртимиз, "Олтин мерос"нинг жамоатчи фидойиси фаолиятига ҳам тўхталиб ўтамиз.

 

ЭЗГУЛИККА ТЎЛАДИР ҚАЛБИ

ЁХУД РАҲМОНБЕРДИ ОТАНИНГ ИЗЛАНИШЛАРИ

Икки эшик орасида умргузарон инсоннинг яшашдан олий мақсади не экан? Нега юксак шарафга муносиб? Унинг ақли ва кўнгли кўп ишларга қодирлиги замирида нималар ётибди? – деган саволлар билан кўп ҳам бош қотиравермаймизу, лекин турмуш тарзимиз, саъй-ҳаракатимиз ва интилишларимиз мазкур саволларга бир қадар жавобдай кўринаверади, албатта. Аввало, ёруғ оламда кўз очган киши борки, қисқа ёки узоқ умридан қатъий назар, ҳаётда ўзидан ном қолдиришни ўйлайди. Изсиз кетишидан чўчийди. Шундан одамзод яхшиликларни бошқаларга раво кўрса керак. Савоб амаллар ортида – умрибоқийлик бор, хотиралар жонланишида барҳаётлик мужассам.

Бизнинг Раҳмонберди Раҳимовнинг касби қурувчи-муҳандислик. Ҳозир ёши саксонга қараб кетаётган экан, кўп йиллар тиббиёт муассасаларида қурилиш-таъмир ишларига муҳандис сифатида бош-қош бўлганидан фахрланади. Тўрақўрғон тиббиёт бирлашмаси тизимидаги меҳнат жамоаларига қулай шарт-шароитлар яратиш бобида елиб-югуриб хизмат қилганликлари бир тарафу, кейинги ўн йиллар ичида тумандаги қутлуғ қадамжоларнинг қарови тўғрисида бетиним қайғураётганликлари бир тараф. У кишининг тегишли идоралар мутасаддиларини зиёратгоҳларни тартибга келтиришга, атрофини ободонлантиришга ёки қайси маҳаллада бўлмасин, у ерларга бориб, аҳолининг ёши улуғлари билан суҳбатлашиб, вилоят ичида маҳаллий туризмни ривожлантириш масалаларига кўпчилик диққатини тортишга уриниб ёшлар каби юрганликлари унча-мунча одамнинг қўлидан келавермаслигини ўйлаб, кекса бу инсоннинг ғайрат-шижоатига қойил қоламан.

Раҳмонберди ота дил-дилдан шу эзгу ишга берилиб кетганлар. Ҳеч уйда тинч ўтира олмайдилар. Гоҳ пиёда, гоҳ велосипедда, гоҳ йўловчи машиналарда туман бўйлаб, изланиб, ўрганиб юрганларига шоҳидман. Шаҳанддаги Ҳўжа Аҳмад Вали, Алимбой Валий, Мозоркўҳнадаги Бурҳониддин Қилич, Гул­қишлоқдаги Лангарбиби, Бекободдаги Йигит Элпирим, Шоҳидондаги Шаҳидмозор, Тўрақўрғондаги Поросмон ота, Ёртепадаги Комолхон Тўра каби мозор-мақбаралар тарихини ўрганиш ва тиклаш борасидаги ғоят жўяли таклифларни мутасадди ташкилотлар раҳбарларига етказишнинг ўзи бўладими?! Бунинг учун ҳужжатли далиллар тўплаш, қариялардан авлоддан-авлодга ўтиб келаётган афсонаю ривоятларни ёзиб олиш, аввал ва ҳозирда чоп этилган ҳам диний, ҳам дунёвий китобларни ўқиб-ўрганиш осонми?! Қийин ва машаққатли, албатта.

Бироқ Раҳмонберди ота беътама, очиғини айтганда ҳеч кимдан моддий манфаат кутмай савоб йўлида вақтиниям, куч-қувватиниям, боринки соғлиғиниям сира-сира аямай сарфлаётгани фақат ва фақат қалби эзгу ҳисларга, яхши умидларга, ширин орзу-истакларга лиммо-лимлигидан экани шак-шубҳасиз. Қачон қарамай, бир дас­та ҳужжатларни, бир даста ноёб китобларни, бир даста уларнинг кўчирилган нусхаларини, суратларини мўъжаз халтага солволиб ҳузуримга келадилар. Ёзайлик, тарғиб қилайлик, халққа етказайлик, деганлари деган. Қўллари дуоларга очиқ, тилларидан эзгу тилаклар сочиқ...

 

АЛАМЛИ БУВА ЗИЁРАТГОҲИ

Тўрақўрғондан Тошбулоқ томон кетган асфальт йўлнинг ўнг қирғоғида Қўқон-Наманган темир йўлига икки чақиримча қолганда мўъжазгина мевазор боғга кўзингиз тушади. Ўртасида ёлғизгина кўҳна қабр бор. Халқ уни Аламли мозор дея атайди. Бу ердан ҳали ҳануз зиёратчиларнинг қадамлари узилмайди. Сабаби, улуғ инсонлардан бири мангу ётибди шу мозорда. Раҳмонберди ота гарчи болалигидан қутлуғ қадамжони билса-да, ҳозирга келиб, тарихини ўрганишга астойдил киришди. Ахир бундан илгарироқ Эр Ҳубби – Йигит Элпирим мозори тарихини ўрганиб, ҳамқишлоқларига тарғиб қилиб, ободонлаштириш ишларига рағбат уйғотишга эришган эди-да. Эндиги навбат ундан узоқ бўлмаган-атиги уч-тўрт километр пастдаги Аламли бува (шундай ҳам аталади)га келди.

Албатта, ҳар ишнинг ҳадиси бор. Зиёратгоҳларни ўрганиш эса, ер остида қўним топган шахснинг ўзи кимлигини, қачон яшаб ўтганлигини, эл-юртлари, мақомати даражасини аниқлашдан бошланишини Раҳмонберди ота яхши биларди. Даставвал, "Ўзбекистон зиёратгоҳлари ва қадамжолари" деб аталувчи кўп жилдли китобларнинг Тошкент, Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларига бағишланганларини варақлаб чиқди. Излаган маълумотларини қидира-қидира топгандай бўлди: "Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган Хўжа Аламбардор қабристони тарихи Шош вилоятига ислом дини кириб келиши билан боғлиқ. Турли "Насабнома"ларда Хўжа Аламбардор мусулмонлар байроқдори бўлган деган таърифлар бор...

Яъни X асрда яшаб ўтган Хўжа Аламбардор, ислом динининг даст­лабки тарғиботчиларидан, Ҳазрати имомнинг (Имом Абу Бакр Муҳаммад Каффол аш-Шоший) нинг яқин сафдоши сифатида гавдаланмоқда.

... Бу зотнинг (Хўжа Абдулазизнинг) қабрлари Сайрамда. Тош­кент­даги мақбара Хўжа Аламбардорники дейилса, Сайрамдаги мақбара Хўжа Балогардон деб аталади. Хўжа Абдулазиз Аламбардор мақбараси халқимизнинг мўътабар қадамжоларидан бири ҳисобланиб, тарихий ишончли маскандир".

Раҳмонберди ота Тошкент ва Туркистондаги мазкур масканларга Тўрақўрғондаги Аламли мозорни бежиз дахлдор санамаяпти. Чунки, яхши биламиз Тўрақўрғондаги мозор ҳудуди ҳам яқин-яқингача азалдан Сайрам қишлоқ Кенгашига қарашли ҳисобланарди. Бу қадамжо ҳам аввало, тахминимизча қачонлардир Туркистоннинг Сайрамидан Тўрақўрғон томонга келиб, Косонсойнинг икки қирғоғида ўрнашиб қолган сайрамликлар тиклаган рамзий қабр эмасмикин? Иккинчи фаразимизга ҳамюртимиз, улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон тўра Ибратнинг "Тарихи Фарғона" асарининг "Тарихи Намангон" қисмидан асос изладик: "Яна бирлари Миришкор ота дерлар. Тўрақўр­ғоннинг жанубида тўрт чақирим ерда биёбонда мадфундурлар. Бул азизлар 94-ҳижрийдаги Жарир ибн Абдуллоҳнинг мўғуллар илан қилган урушида шаҳид бўлғон араблардандур".

Демак, Аламли мозор ислом дини тарғиботчиларининг байроқдорларидан бирига кўтарилган. Байроқдорлик – пешқадамлик, байроқдорлик-бошқаларни ҳам ортидан эргаштирувчилик маъноларини англатишининг ўзиёқ Тўрақўр­ғондаги қутлуғ қадамжо тарихий асосга эгалигини тасдиқлашга етарли, деб ҳисоблаймиз.

Кечаги ва бугунги авлоднинг бу жойга муносабати қандай экани билан қизиққан Раҳмонберди ота бир даста ҳужжатларни архивдан, кексалардан ҳамда Ҳамид Олимжон ва Бирлашган маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларидан йиғишга эришди. Уларга кўз югуртирамиз: Иномжон Набиев номли ширкат хўжалиги тугатиш комис­сия­сининг 2005 йил 18 мартдаги йиғилиш қарорида "...ширкат ҳудудидаги Аламли мозор зиёратгоҳи Сайрам қишлоқ Ҳамид Олимжон номли маҳалла фуқаролар йиғини тасарруфига ўтказилсин" дейилган. Сўнгра Тўрақўрғон туман ҳокимлигининг 2005 йил 9 июндаги қарори билан тасдиқлаб қўйилган.

Яна бир мулоҳаза: Агар Исҳоқхон тўра Ибратнинг маълумотларига таянсак, Аламлибува – Миришкор ота номи билан ҳам танилган эканлар. Миришкор атамаси -Амир ва шикор (ов) сўзлари қўшилувидан ҳосил қилинган. Яъни ов ишларини бошқарадиган амир вазифасини ўтаган шахслиги ойдинлашади. Ҳозирда фикримизни далиловчи ҳолат шуки, мозорнинг яқинида ўрмон хўжалиги мавжуд. Ўрмону даштликлар айнан ов майдонлари бўлган ўша пайтларда.

Бизнингча, Аламли мозор – қутлуғ зиёратгоҳ. Шоҳ Ҳаким Холиснинг "Сафед Булон" номли наз­мий-тарихий қиссасида тасвирланганидай, VII асрнинг охирларида Арабистонда ҳокимият учун кураш, Ислом тарғиботи қизғин тусга киради, бутун атрофга ёйилади. Ана шу жараёнда Муҳаммад алайҳис саломнинг набиралари Шоҳ Жарир бошчилигида Фарғона водийсида олиб борилган тарғиботлар, жангу жадаллар муҳим ўрин тутади. Исломни жорий қилиш мақсадидаги ўн минг кишилик қўшинда аламбардорлар – байроқдорлар ҳам ғоявий тарғибот, ҳам жанговар амалиёт бобида юзлаб-минглаб сафдошларига шахсан намуна бўлиб, гўёки ғалаба маёғини кўтаришнинг жонфидолари бўлишган. Улардан бири Аламли бува – Миришкор ота эканликларига ҳеч шак-шубҳа йўқ!

"Олтин мерос" тарғиботчиси ва ҳимоячиси Раҳмонберди Раҳимовнинг эзгу ишларига ҳар икки маҳалла раислари – Мухторжон Умаров ва Илҳомжон Тожибоевлар яқиндан кўмак беришаётгани бугунги авлоднинг аждодлар хотирасини эъзозлашга бўлган ёрқин садоқатидир.

– Президентимиз кейинги йилларда ички туризмни ривожлантиришга эътиборни муттасил кучайтирмоқдалар, – дейди Раҳмонберди ота Раҳимов. – Биз Тўрақўрғон туманидаги қадамжоларни ободонлаштириш билан вилоятимиз туризм манзиллари кўпайиши ва кенгайишига ўз ҳиссамизни фаол қўшаверамиз. Шунинг учун бу борадаги қатор таклифларимизни ҳокимликларга ҳавола қилишни ҳамишалик бурчимиз деб биламиз. Аламбардор мозори ҳам яқин орада зиёратчиларнинг қутлуғ гўшалари қаторига қўшилишига умидвормиз.

Биз ҳам отахоннинг эзгу умидлари навбатма-навбат ушалишига чин дилдан тилакдошмиз.

Содиқ САЙҲУН.

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси,

"Турон" фанлар академияси академиги.