Жомашўй шаҳарчасида "Шифокорлар" кўчаси бор. Бежиз шундай аталмайди. Ўтган асрнинг 70-йиллари бошларида Задарё (Дарёорти) районига қўшни туманлардан қатнаб ишлаётган бир неча тиббиётчиларга шу жойдан уй қуришга ер ажратиб берилгани учун дастлабки оғиздаги атама кейинчалик расмий равишдаги ҳақиқий номига айланиб кетган. Абдуқаҳҳор Турдиев, Маҳмуджон Қўчқоров, Иномжон Усмонов, Исмоилжон Йўлдошевлар яшовчи бу кўча ўша пайтларда барчага маълуму машҳур эди. Ахир врачлар учун куну туннинг фарқи бўлмасди-да. Ярим кечадаям эшиклари олдига "Тез ёрдам" машинаси келиб, сигнал берса бас, ўша заҳотиёқ уйқудан воз кечишиб, марказдаги касалхонага етиб борибоқ оқ халатларини елкага илишарди. Бу, айниқса, таниқли жарроҳ Абдуқаҳҳор Турдиев учун ғоят масъулиятли ва шарафли ҳол ҳисобланарди. Янги ҳовлида қўним топгунча Тўрақўрғоннинг Катта Қурама қишлоғидан қатна­са ҳам гоҳида тунлари эрталабгачаям Жомашўйдаги ишхонасида тунарди. Кечки пайт муолажани тугатиб, ота онаси бағрига ошиққан кезларида ҳали уйига етиб бормасидан "Лўлка" - аравачали мотоциклининг рулини яна шифохона томон буришига тўғри келган вазиятлар ҳам бот-бот такрорланган.

У касалхонадан чиқиб, мотоциклига ўтирганида атрофга ҳира-шира қоронғу туша бошлаганди. Катта асфальт йўлдан "темир той"ини елдек елдириб бораркан, нигоҳи чап қирғоқдаги уй олдида қорнини чанглаб, кимнидир кутаётган йигитга кўзи тушди. Кўнглида қандайдир ачиниш туйғусини сезди. Мотоциклини секинлатиб рулини ўша томонга қайирди.

- Ие, Маҳаммадхон, нима бўлди?

- Сизми Абдуқаҳҳор ака, роса омадим боракан, Худонинг ўзи дўхтирни учраткиздирди. Пиёдалаб шифохонага етволаркинманми деган ўйдайдим. (У пайтда енгил автомашиналар фақат давлат идораларида хизмат қиларди, транспортга онда-сонда одамлар эгайди, холос). Қорним оғрияпти, қорним.

- Қачондан буён?

- Кеча кечаси билан азоблади, кундузи қўйворгандек эдию, ҳозир яна қўзғалиб қолди. Хотин, бола-чақа қўрқиб кетмасин деб, секин кўчага чиққаним эди. Больница бир чақиримчаям келмайди-ку.

Абдуқаҳҳор жарроҳ Муҳаммадхон қорнининг ўнг қуйи қисмини бармоқлари билан сийпаб, аста эзиб кўрганди, у оғриқ кучайганини айтди.

- Тез мотоцикл аравачасига ўтиринг, - дўхтир кескин буюрди.

- Шошилмасак бўлмайдими?

- Ҳа.

- Сиз бопми?

- Шунақага ўхшайди.

Улар ҳаш-паш дегунча шифохона ҳовлисига кириб боришди. Врач беморни тўғри жарроҳлик хонасига етаклади. Шогирди Қодиржон Одиловни ёнига чақирди.

- Муҳаммадхоннинг кўричагини олиб ташлашингиз керак, - деди йўл-йўлакай қўйган ташхисига қаттиқ ишониб.

- Абдуқаҳҳор ака, мендан сўрамайсизми, розиманми ёки йўқми?

- Агар кечиксак, ўзингизга ортиқча азоб қўшволасиз, ука. Ёрилишга кеп қолганга ўхшаяпти.

Ундай бўлса, ўзингиздан бошқага ишонолмайман.

Абдуқаҳҳор жарроҳ беморнинг умидини сўндирмади, зудлик билан қўлини ювишга тушиб кетди.

- Биргаликда уддалаймиз...

Бир соат ўтар-ўтмай бемор мажолсиз кўзини очди.

- Ҳалиям шу ердамисиз, дўхтир ака?

- Энди хотиржам кета оламан.

- Сиз ҳақингизда мақтовларни кўп эшитардиму, бу қадар меҳр-оқибатли, қўли енгил ва беминнат инсонлигингизни ўзим кўриб, бениҳоя ҳайратдаман. Яхшилигингизни яхши кунларингизда қайтарай.

Бундай этирофу олқишлар эшитавериб, тани яйрайдиган врач жилмайганча мамнун қиёфада бемор ёнидан турди. Ҳамшираларга муолажани қандай давом эттиришни қисқа ва лўнда тушунтиришни ҳам ёдидан чиқармади.

Фидойилик ҳар соҳада заруру, лекин шифокорликда ғоят муҳимдан муҳимлигини у наманганлик хирургларнинг устози Григорий Саркисович Григорянц ёнида тўрт ойгина юриб, чуқур ҳис этган эди. Хотини Ева Михайловнадан эса тиббиёт билим юртида сабоқ олган паллалардаёқ машҳур хирургга шогирд тушишни жуда ниятлар эди-ю, буни ушалиб бўлмас орзудай, гўё тушдай тасаввур қиларди. Ҳаёт эса интилганларни ҳеч қуруқ қўймаслиги қурамалик йигит фаолиятида умр бўйи тасдиқланаверди.

Дарвоқе, у 1936 йили таваллуд топган. Болалиги беҳад қийинчилик йилларига тўғри келган. Иккинчи жаҳон уруши даврининг оғирчиликларидан оиласи танг ҳолатга тушишига қарамай, Қўшмонбой ота билан Темиржон ая ўғлини келгусида ўқимишли қилишни ўйлашарди. Шу боис 1949 йили етти йиллик мактабни битиришига "Сиз яна ўқиб, бирор касбни эгалланг, тирикчилик ташвишини бизга қўйинг" дейишди улар зеҳни ўткир фарзандига рағбат ёғдиришиб.

Абдуқаҳҳор Намангандаги медицина техникуми (ҳозирги тиббиёт коллежи)га йўл олганида, ота-онасининг кўнгиллариям янада равшан торт­ди. Тўрт йиллик сабоқни якунлагач, олийгоҳга ошиқди.

- Тўрақўрғондан Ваҳобжон ва Акбарали деган йигитлар Тожикистонда врачликка ўқишаркан, кириш имтиҳонлари у ёқда жудаям енгилакан, - деди Абдуқаҳҳор отасига.

- Майли-ю, мусофирчиликка чидармикинсиз? - деди Қўшмонбой ота ташвишланиб.

- Чустлик Ваҳобжон дўстим билан иккимиз боришга келишганмиз. Бирга яшаб, бирга ўқисак, биримиз биримизга суянчу далда бўлсак керак.

- Унда яхши, ёлғиз эмасакансиз. - Қўшмонбой отанинг кўнглига бироз хотиржамлик инди. Қўлини оқ фотиҳага очди.

- Илоё сафарингиз бехатар кечсин, ҳамиша йўлингиз ёруғ бўлсин, катта дўхтирликка ўқиб, элга нафдор инсонга айланинг!

Суюкли ўғлини қучоғидан узоққа қўйиб юборишни истамаётган энасиям беихтиёр эзгу ниятларга қўшилди.

Абдуқаҳҳор қўшни республикада олти йил тиб илмидан олий сабоқ олди. Дўсти Ваҳобжон Умр­зоқов икковлари туғишган биродарлардек янаям қадрдонлашишди.

Ораси поездда уч кунлик йўл бўлганлиги учун ҳозирги Душанбе шаҳридан у пайтларда оилаларига йилда бир ёки икки бор келиб-кетиш имконияти туғиларди, холос. Қолган вақтлар китоблардан бош кўтармай ўқишгани ўқишганди. Ниҳоят талабалик даврлар ҳам ортда қолди. 1959 йилда институт сабоғини муваффақиятли якунлаб уйига қайтди. Ота-онасининг қувончлари ичларига сиғмасди. Кутилмаганда ўғилнинг йўлга тараддудланиб туришини кўриб, таажжубланишди.

- Яна қаёққа?

- Тожикистонга, юборган жойларида белгиланган муддатгача ишласак, кейин қўлимизга дипломимизни беришаркан, - деди ўзиям истамаётгандек Абдуқаҳҳор.

- Ўн йил ўқидинг, ўн йил бағримиздан йироққа қўйиб юбордик, энди буниси ортиқча, - дея кўзига ёш олди Темиржон ая.

- Ўзимиздаям дўхтир етишмайди. Ёнимиздан узоқ кетмай ишлайверасиз. Ўқигансиз-ку, бир парча қоғоз муҳимми, инсоннинг билиму малакаси муҳимми. Катталарам бунинг фарқига етишса керак?..

Абдуқаҳҳор ўша куниёқ "райздрав" (туман соғлиқни сақлаш) бўлими бошлиғига учраганида, отасининг гапларида жон борлигини фаҳмлади.

- Бу ердаям врачлар жуда зарур, эртадан район терапевтлигини зимангизга юклаймиз, - деди ҳеч иккиланмасдан Х.Шерғозиев.

Ҳамқишлоқларига кераклигини кўриб, унинг диплом ташвишиям унутилиб кетди. Бироқ кўп ўтмай, муаммоли масалани Республика Соғлиқни сақлаш министрлиги ижобий ҳал этиб берди. Врачлик дипломи келаси йил қўлига тегди. Унинг эзгу интилишлари кундан-кун, ойдан-ой, йилдан-йил кучайгандан кучаяверди. Ҳатто она қишлоғи Катта Қурамада илк шифохона очилишининг ташкилотчиси ўзи бўлди. Колхоз (жамоа хўжалиги) раиси Абдураҳим Олимов эски идора биносини даволаш масканига ажратди. 1960 йилнинг илк баҳори ҳам бош врач, ҳам даволовчи врач вазифаларини қўшиб бажараётган Абдуқаҳҳор биринчи беморни палатага қўйди. Роса беш йил кичик муассасанинг катта ташвишларини чекиб, қанчадан-қанча инсонларнинг саломатлигини тиклашга эришди.

Унинг яхши фазилатлари қаторида билганларини ёшларга ўргатишга ҳафсаласи баландлиги кўпчиликка маълум эди. Бир вақтлар ўзи таҳсил олган медтехникумга ўқитувчиликка таклиф этишганида йўқ деёлмади. 1964 йили муаллимлар сафига ўтди. Айни маҳалда "Тез ёрдам" станциясида навбатчиликда туришгаям, шаҳар поликлиникасида беморлар қабул қилишгаям улгурди. Бироқ тиниб-тинчимас йигит ўз фаолиятидан қониқолмас эди. Назариётчиликдан амалиётчиликни кўпроқ ёқтириши устун келаверарди. Ниҳоят, Тўрақўрғондаги талабаликдан қадрдони бўлган Ваҳобжон Муллабоев ва Солижон Абдуллаевларга маслаҳат солди.

- Агар чинданам бизга ўхшашни хоҳласанг, аввал вилоятнинг бош жарроҳи Григорий Саркисовичнинг этагидан маҳкам ушла, - деди Ваҳобжон хирург. - У инсон ўргатадиям, ишга тавсия этадиям. Устоз гапи ҳаммага ўтадиган мутахассис.

Бунинг жудаям жўяли маслаҳат эканлигини Абдуқаҳҳор кейинги ҳаётда чуқур англаб етди. Умр бўйи устоз сабоғини, устоз намунасини ёдидан чиқармади. Айни маҳалда ўзи билан бирга ишлаган Садриддин ака, тенгқури Юсуфжонга ҳам ўрганганлари иш фаолиятида кўп бор қўл келавергани учун деярли барча жарроҳлик амалиётларини ижобий натижа билан якунлаш насиб этаверди.

Абдуқаҳҳор Турдиев дастлаб Мингбулоқ туманида ягона хирург бўлгани туфайли гинекологикдан тортиб, урологик операцияларгача ўзи уддалашига мажбурлигидан бирор бор нолимасди. Қандай оғир касал келтирилса, ўша тобдаёқ беморга қатиқ ёпишарди худди сўраса, жонини ҳам бераверадигандек. Йўқ-йўқ бу гап асло муболаға учун айтилмади. Аслидаям шундай ҳолатлар дўхтир учун табиий ҳоллигини ёнидаги ҳамширалари ҳали ҳануз такрор-такрор эслашарди.

Шифохонага автомобиль тўқнашувидан шикастланган Абдували Умаровни келтиришганди. У кўп қон йўқотганидан босими йўқолган, бутунлай ҳушсизланганча ётарди. Турдиев тиғ теккизган жойидан қон чиқмагани учун ҳафсаласи пир бўлиш ўрнига, ишга янаям астойдилроқ енг шимарди.

- Қон гуруҳи аниқми?

- Иккинчи.

- Заҳирада борми?

- Етарли эмас.

- Унда вақтни ўтказиш бефойда. Меники биринчи. Ўзимдан ола қолинглар.

- Тўхтанг, меники иккинчи, роса мос тушади, - деди травматолог шогирди Қодиржон Одилов.

- Майли фақат тез!..

Операция муваффақиятли ниҳояланди. Доктор пешонасидаги терини артаркан, кўнгли ўрнига тушди. "Аллоҳга шукур, яна бир оиланинг бошидан кулфатни аритиш сабабкорига айландик" деди мамнун кайфиятда.

Инсоннинг элу юрти учун сарфлаган билими, малакаси ва куч- қуввати ҳеч вақт бесамар кетган эмас. Отахоннинг кўксини қатор медаллар безаган. Айниқса, касбига дахлдор бўлган рус жарроҳларининг отаси ҳисобланмиш "Пирогов" нишони фахрий врач учун бағоят қадрли эди. Негаки, бу мукофот умр бўйи қилган хизматларининг юксак эътирофини ифодалайди.

Бугун Турдиевлар сулоласи ота-оналаридек ҳалол ва фаол инсонлар сифатида элга таниқли. Жамила, Замира, Нодира, Тоҳиржон ва Ботиржонларнинг бири муаллима, бири шифокор, бири ҳарбий хизматчи. Ҳаммалари аҳил оиланинг бекалари ва соҳибларидир. Набиралар ичида Аброрбек бобоси изидан боряпти. У уролог мутахассислигини эгаллади.

Содиқ САЙҲУН.