(Шу номли янги китобдан парча)
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзи муҳаррирлик қилган "Ишқ сўқмоғи" тўплами ҳақида бундан ўттиз бир йил аввал мароқ билан қуйидаги эътирофларни бежиз тилга олмаган:
"Айтишларича, дарёнинг бўйида туғилган одамлардан яхши ҳофизлар чиқаркан. Соҳил яқинида туғилган йигитлар паҳлавон бўлишаркан. Дилбар ҳам дарё бўйида туғилган қиз. Унинг шеърларида сувдай тиниқ ва безовта бир дил бор.
Сувга термулган одамнинг кўнгли равшан тортади. Гулга термулган инсоннинг, эҳтимол, кўнгли ёришар. Бу ёруғ дунёда шеърият аталмиш бир чаман ҳам бор. Шу чаманда эса, "гуллар туши"га шеърлар ёзгувчи шоира янги китоби билан ҳузурингизда".
Албатта, истиқлолгача Дилбар Ҳайдарова "Норин мавжлари" (1980) ва "Кўклам қизи" (1983 йил) номли кўнгил гулшанида сараланган икки шеър дастасини назм шайдоларига туҳфалаган эди. Ҳуррият шоира учун битмас-туганмас илҳом чашмаси бўлди, десак асло муболағаси йўқ. Ижодкорнинг эркин овози, баланд парвози шундан далолат беради. Бирин-кетин "Гуллар нафаси" (1995 йил), "Муҳаббат фасли" (1998 йил), "Оққан дарё" (1999 йил), "Ватан сўзи" (2002 йил), "Настарин" (2003 йил), "Кўнгил боғи" (2005 йил), "Сайланма" (2006 йил), "Чимилдиқ" (2012 йил), "Қуёш сонатаси" (2019 йил), "Ибрат фарёди" (2021 йил), "Ибрат" (2021 йил) тўпламлари ўқувчилари ўртасида маълуму машҳурланди. Энг муҳими, шоирамизнинг ўзи каби қалбидан қайнаб чиққан ҳароратли сўзи ҳам шеърхонларга суюмли.
Мен Дилбар Бонунинг тенгқур сафдоши сифатида у ҳақда билганларимни ҳамда шеъриятидан қандай туйғулар туйганларимни ёзиш асносида баҳоли қудрат адабий портретини, яъни шоиранинг суратию, сийратига сўзда чизгиларимни мўъжаз китобга жамулжамлаш йўлидаги журъатимни ўзимга табиий ҳол деб тушунаман. Негаки, ёнимиздаги ижодкорларни бошқалардан кўра бизлар яхши таниймиз, давраларда мушоира ташкиллаб юрганмиз бирга-бирга. Ютуқларидан қувониб, топилмаларидан ҳайратланиб, бадиий маҳоратига ҳавасланиб қараганмиз. Айниқса, Дилбар Бонунинг ҳаётида ҳам, ижодида ҳам ибратли жиҳатлар талайгина. Бадиий мушоҳада бобида ҳам салоҳияти баланд. Ёш қаламкашлар ўрганса арзигудай дилбарона сабоқ мактабини яратиб қўйган китобларида, даврга ҳамоҳанг назмий хитобларида. Адабиётшуносликдаги навбатдаги изланишларим ҳам олимликни даъво қилишдан йироқлигини айтишга бурчлиман. Ўйлайманки, шоиранинг ўзига хос олами таҳлили ва талқини бадиий сўзга ошуфта мухлисларга маълуму манзур тушади. Боиси, самимий сўзларга самимий муносабату самимий баҳолар ярашиқ. Дилбар шоирамизга дилбар таърифу тавсифлар муносиб.
* * *
Халқимизда "Илдизига тортар ҳар япроқ" деган нақл юради. Бунинг замирида теран маъно, катта ҳаётий ҳақиқат ётади. Ҳам асл, ҳам кўчма маъноси борлигини яхши биламиз. Яъни илдизи бут дарахтнинг япроқлари яшноқ бўлса, эзгу фазилатга эга инсонларнинг фарзандлариям уларнинг ўзига ўхшаб, эл-юртига ҳалол ва фаол хизмат қиладиган ўғил-қизларга айланишида. Иқтидор ва салоҳиятлари қондан-қонга ўтади. Олмани тагига олма тушганидек, насл-насабига тортади ҳар одам. Дилбар Ҳайдарова ўз шажараси ҳақида маълумот берар экан, кўнглининг туб-тубида аждодларига муносиб ворис бўлганидан ҳақли равишда фахру қониқиш туяди:
"Мен етти отадан бештасини биланман, - дейди у. - Отам Ҳайдарали, унинг отаси Мамадали, бобомнинг отаси Тангриқул, бобомнинг бобосининг отаси Худоёрхон. Отамнинг оналарининг исми Ширвонбиби. Айтишларича, Ширвонбиби энам хушкелбат, дадил, жасур ва оқила аёл бўлган эканлар.
Онамга келсак, исмлари Эътиборхон. Оталари Нишонбой амин, боболарининг исмлари Раҳмонбек. Бувим Ойнисахон Абдураззоқ мингбошининг Умрзоқбой ва Эргашмирзалардан кейинги эрка қизлари бўлган эканлар. Замонанинг зайли билан юрт бузилганда босқинчиларнинг ҳамма зуғумларига дучор бўлган онамнинг уруғ-аймоғи тариқдек ҳар юртга сачраб, яна бирлашишган. Онам ўтган асрнинг 30-йилларида рус мактабида уч ой ўқигач, бойнинг қизи эканликларини билиб қолишгач, ўқишдан ҳайдашган. Меҳрибонимга шу уч ойлик сабоқ ҳам кифоя қилган. Мактаб кўрмасалар-да, кейинчалик арабча-ю, кирилчани яхши ўрганиб олганлар. Сўзамолликлари, шоиртабиатликлари билан яқин-йироқда ҳурмат қозонганлар".
Ота макон - ота билан серфайз. Ота макон - ота билан тўкис, бағри бутун. Агар отанинг ўзи бўлмаса, худди фарзандлари каби мунғайиб қолади, қалбларга маҳзунлик солади, орзуларни армонлар қучоғига олади. Буни Дилбар каби отасидан эрта айрилганлар яхши билади.
Мен сизни йиғига жойладим қайта,
Қолмади сиз учун айтилмаган сўз.
Келар деб йўлингиз жойладим қайта
Сизсиз кўчаларда хира тортди кўз.
Мен сизни излайман ўнгу туш аро,
Ҳатто тушимда ҳам ташлаб кетасиз.
Мендек кўнгли ярим ва мотасаро
Суйган боғингизда сарсон кезар куз.
Шоирага бари бир ота уй - қадри тушмас гўша, кўз очиб кўрган маскан, болаликнинг беғубор хотираларига тўлган маъво, ҳамиша илҳом оғушлайдиган сеҳрли ҳовли-боғ. Ҳануз унинг тафту таровати, файзи фароғати кўнглига мунавварлик бахш этади. Шу ерда у дунёни таниган,шу ерда у ўзини кашф қилган, шу ердан у дунёга талпинган, шу ерга у беқиёс меҳр қўйган, шу ерга у олтин хотира ва қадри ўтаётган туйғуларни излаб-излаб қайтишдан чарчамайди. Ҳар келганда эсга олади болалигини, ёшлигини.
"Оиламизда уч ўғил ичида ёлғиз қиз бўлсам ҳам қаттиққўллик билан улғайтиришган. Қишлоқда ўсган ҳар бир қиз биладиган юмушларни бажарганман. Қишлоқдаги уйимиз болалигимдан ҳозиргача менинг учун оламдаги энг чиройли хонадондир. Ҳар йили тўрт фаслни отам ўз қўллари билан яратган боғ-ҳовлимизда кузатаман. Хаёл суришни, шеър ёзишни боғимиз гуллаганда бошлаган бўлсам не ажаб".
Ҳалол инсонларнинг фарзанди бўлиш-бахту саодатга қийинчилик билан етиш аслида. Қийинчилик ва машаққат инсонни инсон қилиб улғайтириши беинкор ҳақиқат. Сабр-тоқат, изланиш, интилиш мақсад манзиллари сари элтувчи йўл эканини болаликдан чуқур англаган Дилбар асло кам бўлмади. Ўқиди, ўрганди, ёзди, ёзаверди, аввал Учқўрғоннинг, кейин Наманганнинг ва ниҳоят Ўзбекистоннинг суюкли шоиралари қаторига қўшилди. Қўшилдигина эмас, адабиётда ўз ўрнига, ўз сўзига, ўз овозига эгалик мақомига кўтарилди. Ҳайдар ота ва Эътибор онанинг қизини етуклик кўшкининг маликаси дейишга тўла ҳақлимиз.
Содиқ САЙҲУН,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
"Турон" фанлар академияси академиги.
ТАНИҚЛИ ШОИРА, «ДЎСТЛИК» ОРДЕНИ СОҲИБАСИ ДИЛБАР БОНУ - 70 ЁШДА
ТОНГ ДУОСИ
Уйингизга ёғсин худонинг нури,
Худонинг нурига дунё белансин!
Тонгда яхшиликлар кирсин югуриб,
Яхшилар келганда, унлар элансин!
Уйингизга келса, яхшилар келсин,
Яхши кўрганингиз, дўстлар изҳори.
Очиқ кўнгил шоир, бахшилар келсин,
Улуғ айёмларнинг гўзал баҳори.
Тоғдай кўнгил берсин, пастлашни билмас,
Ҳалолидан берсин, еган нонингиз.
Ёши улуғларга қасдлашни билмас,
Фақат дўстга "очил дастурхон"ингиз.
Шу улуғ айёмда, улуғ маконда,
Келинг, яқинларим, қилайин, дуо!
Гуноҳ йўқ ҳаттоки кирган тиканда,
Дунёда яхшилик қилиш муддао!
Дунёмиз тинч бўлсин, ёмонга йўл йўқ,
Омин, деб кўтаринг қўлларингизни!
Худо нури ёққан уйда ҳамма тўқ,
Худойим асрасин, йўлларингизни!
ҚОРАҚАЛПОҒИМ
Қоражон, Алпомиш - алплар ҳам ҳайрон,
Қалдирғоч, Барчинлар диллари вайрон,
Бердақ, Ажиниёз руҳлари нолон,
Фитнага учмагин, Қорақалпоғим!
Ватанимиз битта, тилимиз бирдир,
Ранги-рўй ҳам битта, динимиз бирдир,
Қудратимиз битта, дилимиз бирдир,
Фитнага қўл берма, Қорақалпоғим!
Оловга қўл тутсанг, куяр бармоғим,
Ахир қардошимсан, уруғ-аймоғим,
Дастурхонлар битта, суту-қаймоғим,
Фитнага қўл берма, Қорақалпоғим!
Гулойимни севган, дили оппоғим,
Бердақни туққаним, илми шитобим,
Шоиру олими, битта хитобим:
Фитнага қўл берма, Қорақалпоғим!
Дунё янгиланар, янги салмоғим,
Сира айрилмасмиз, эту тирноғим,
Янги Ўзбекистон ичра чироғим,
Фитнага қўл берма, Қорақалпоғим!
* * *
Қийин йўлда юрдим, рақибсиз юрдим,
Ёмонлардан нари, таъқибсиз юрдим.
Ялангоёқ дея тиканлар кирди,
Оёқ бутун қолиб, калиш йиртилди.
Саҳрода лаб очган, гуллариммиди?
Кўзимнинг ёшлари, ҳунлариммиди?
Юрагимни ёқиб сатолар ўтди,
Кўчамдан билдирмай хатолар ўтди.
Қаерда юрсам ҳам шошдим, адашдим,
Яхшилик улашдим, шодлик улашдим.
Гул экдим, райҳонлар исинда бўлдим,
Фақат яхшиликлар ичинда бўлдим!
Сизга дўст бўлмадим, сирлар тутинди,
Ёруғлик изладим, бирлар ўтинди.
Сиз сувдан у тараф, менки, бу тараф,
Соҳиллар йиғларлар, ҳижронга шараф!
* * *
Ғамлар босди босқинчи ёвдай,
Юрагимга қил ҳам сиғмади.
Юрагим эзилди анордай,
Тилкаланди бағрим тиғлади.
Кимдир қарар менга ботиниб,
Бўйчанлигим унга ёқмайди.
Тураман кўз ёшларим тиниб,
Баланд бўйлар мени ёқлайди.