Конституция - бу ҳар қандай давлатнинг ўзига хос қонунлар мажмуи саналади. Конституция давлат ва шахс ўртасидаги ўзаро ҳуқуқ ва бурчларни белгиловчи аҳдномадир.
Қалтис ва таҳликали замонда Ўзбекистонда инсоннинг юксак ўрни ва қадри мамлакат учун қай даражада устувор аҳамиятга эга эканлигини Бош Қомусимизда акс эттириш давр тақозосидир. Эртанги кунини ўйлаган халқ ва давлат ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотиради. Шу маънода, "Инсон қадри учун" ғояси замирида ҳозирги ислоҳотларимизнинг бош тамойили бўлган "инсон-жамият-давлат" деган ёндашувни Конституциямизнинг мазмунига чуқур сингдириб, амалий ҳаётда бош қадриятимизга айлантиришимиз зарур.
Сиҳат-саломатлик инсон учун энг олий неъмат. Нафақат инсоннинг ўзи, балки унинг яқинларини соғлиғи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки инсоннинг яқинлари, фарзанд ва набиралари экологик муаммолар оқибатида касалланса ёки бахтсиз ҳодисага учраса, бу ҳолатга келишига сабабчи бўлганлар етказган зарарнинг ўрнини қоплаб бериши керак, менинг назаримда. Атрофдаги касбдошларим, маҳалладошларимнинг ҳам фикри худди шундай.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳасида халқимиз ва кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган барча моддалар қатори 40-моддага ўзгартириш киритилиши мамлакатимизда инсон қадри учун олиб борилаётган изчил ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини ўзида тўла мужассам этган.
Бош Қонунимизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши, шунингдек, қайта тўлдирилиши давр тақозоси бўлиб, унинг янада мукаммаллашувига олиб келади. Бу эса халқимизнинг соғлиғига ижобий таъсир кўрсатибгина қолмай, яшаш шароитларини янада яхшилашга, соғлом ва мусаффо ҳаводан баҳраманд бўлишимизга, юртимизда экологик ҳолатимиз ҳам яхшиланиб боришига хизмат қилади. Конституциявий ислоҳотларнинг бош мақсади - инсон қадри, халқ манфаатини амалда таъминлашдир!
Саломатхон АРЗИМАТОВА,
Наманган тумани тиббиёт бирлашмаси
Аҳоли соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва
жисмоний фаоллигини ошириш бўлими мудири.