Ўрта Осиёда тиббий илмларга бўлган қизиқиш қадим замонлардаёқ бошланганлиги бизга маълум. X-XI асрларда Ибн Сино замонасига келиб тиббий илмлар ривожи бу ўлкада ўзининг юксак чўққисига эришди. Назарий ва амалий табобат бир-бирига қўшилиб олиб борилди. Минтақада доришунослик, жарроҳлик каби соҳалар кенг ривожланди. Тиббиётга оид кўплаб илмий асарлар ва рисолаларда ҳам ифода этилган.
Шаҳарларда "Бемористон"лар, жамоа шифохоналари "дорушшифо"лар қурилиб, дорихоналар ташкил этилди. Табиблар тайёрлаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Кейинги давр ХII-ХIII асрларда ҳам Мовароуннаҳр ва Хоразмда табобат ривожланган эди. Бироқ Туркистоннинг мўғуллар истилоси даврида бошқа соҳалардаги каби табобат соҳаси ҳам чуқур таназзулга учради.
Амир Темур ва Мирзо Улуғбек даврига келиб эса тиб илми ва амалий табобат яна жонлана бошлади. Темур табиблар билан бўлган мулоқотини ўзининг суворийлик чоғларидан бошлашга мажбур бўлди. Сейистондаги жанглардан бирида оғир жароҳатланиб анча вақт муолажа олган эди. Амир Темур кейинчалик ўз "Тузуклар"ида ҳокимларга мамлакатни юксалтириш учун шаҳар ва қишлоқларда масжид ва мадрасалар, работ ва карвонсаройлар, қудуқ ва коризлар қуришдан ташқари "касаллар учун шифохона қурсинлар ва уларда ишлаш учун табиблар тайинласинлар", дея буюрган эди. Амир Темур табибларни ҳаким ва муҳандис меъморлар билан бир тоифага қўйиб, "ҳаким ва табиблар билан иттифоқда беморларни даволатар эдим", деб таъкидлайди.
Агар биз Темур давридаги Самарқанд мадрасаларида Абулайс, Идику Темур, Сароймулкхоним, Муҳаммад Султон ва бошқалар табобат илмининг таҳсили ҳақида фақат фараз қилсак, Мирзо Улуғбек замонасига келиб эса унинг раҳбарлигида иш юритган мадрасаларда тиб илмининг талабаларга алоҳида дарс сифатида ўтилганлигига шубҳамиз йўқ. Мирзо Улуғбекнинг ўзида ҳам табобатга қизиқиш катта бўлган. Унинг даврида Мавлоно Бурҳониддин Нафис ибн Аваз ибн Ҳаким ал-Кирмоний табобат илмининг иқтидорли соҳибларидан бири бўлган. Бу табиб аслида Кирмонда (Эрон) табиблар оиласида туғилган бўлиб, Самарқандга у Мирзо Улуғбекнинг таклифи билан келади ва бу ерда сарой табиби вазифасини бажаради. Айни пайтда, у Самарқандда Мирзо Улуғбек яратган илмий мактаб аъзоси эди. Бурҳониддин Нафис Улуғбекнинг Самарқанд мадрасасида талабаларга табобатдан дарс берган ҳам кўринади, чунки у ХIII асрда яшаб ижод этган самарқандлик табиб Мавлоно Нажибуддиннинг "Ал-асбоб ва-л-аълома" яъни "Касаллик сабаблари ва белгилари" номли асарига араб тилида шарҳ ёзади ва уни 1424 йили асарни якунлаб, Мирзо Улуғбекка тақдим этганлиги ҳақида Маҳмуд Ҳасаний ва Сурайё Каримованинг "Навоий даври табобати" номли асарида маълумотлар берилган. Негаки, бу асар кейинчалик Ҳиндистонга ҳам ўтиб, ҳинд табибларининг энг машҳурларидан бири Муҳаммад Арзоний томонидан тузатилиб ва тўлдиришлар киритилиб, форсчага таржима қилинади ва бобурий Оламгир I Аврангзебга (1658-1707) тортиқ қилинади. Асар Муҳаммад Арзоний дастхатида "Тибби Акбарий" деб номланган.
Бурҳониддин Нафиснинг Мирзо Улуғбек замонасида машҳур табиб бўлиб етишганлигининг яна бир исботи шуки, Навоий даврида яшаган йирик олим ва табиб Мавлоно Ғиёсиддин Муҳаммад унга бағишлаб "Ҳошияи шарҳи мўъжизи Мавлоно Нафис" номли асар ҳам ёзади.
Амир Темур, Шоҳрух, Муҳаммад Султон, Мирзо Улуғбек ҳамда улардан кейин яшаган зодагон ва савдогарлар Туркистон ва Хуросонда халқ саломатлиги йўлида ҳам ибратли ишлар қилганлар. Биргина Самарқанд шаҳрида, Регистон майдони ва унинг атрофида ўша даврларда ўнга яқин ҳаммомлар қурилган. Улар қаторида Амир Темурнинг Арк-қалъада қурган ҳаммоми, Муҳаммад Султоннинг ўз мадрасаси яқинида қурдирган ҳаммоми, шайх Абулайс ҳаммоми ва Улуғбекнинг Регистон майдонидаги "Мирзои ҳаммом"ларини эслаш кифоядир. Бу ҳаммомларга тушган кишилар нафақат покланиш мақсадида, балки шифо топиш: бел ва умуртқа, оёқ ва мушакларни иссиқ мармар тошга босиб ётиш, терлаш, уқалаш (мас-саж) каби шифобахш муолажаларни қабул қилишлари мумкин бўлган. Чунки бу ҳаммомлардаги хоналарнинг қурилиш услуби, Ибн Сино ўзининг "Тиб қонунлари"да таъкидлаганидек уч қисмдан: мўтадил, илиқ ва иссиқ хоналар кетма-кетлигидан иборат бўлган. Ҳаммомга тушган киши юрагининг иссиққа бардош беришилигига қараб чўмилган ва муолажа учун ўзи истаган хонани танлаган. Бундай ҳаммомларга тушиб туриш киши танасига роҳат бағишлаган, танани иситган, чарчоқни, мушак оғриғини қолдирган, танани чиниқтирган, оёқ ва бел оғриғи каби касалликлардан кишини фориғ қилган. Самарқандда Мирзо Улуғбекнинг "Мирзои ҳаммо"ми айниқса машҳур бўлган. Туркистонда ҳам Хуросонда ҳам унга тенг келадиган ҳаммом бўлмаган. Бу ҳаммом ўзининг меъморий тузилиши, зийнатлари ва озодалиги билан Бобур Мирзо эътиборини ўзига жалб этган.
Аждодларимизнинг табобат соҳасида амалга оширган ишларини ҳозирги давр учун ўрганишга арзирли жиҳатлар бисёр. Бу каби халқ саломатлиги йўлидаги амалий ишлар, Мавлоно Бурҳониддин Нафис ва Мансур ибн Муҳаммадларнинг ёзган тиббий асарлари,Тожиддин Ҳакимнинг тажрибалари, тиб илмининг мадрасаларда ўқитилиши Амир Темур ва Мирзо Улуғбек замонасида ҳам табобат илмининг кенг ривож топганлигидан далолат беради.
Беҳзод ИСҲОҚОВ,
НамМҚИ "Ижтимоий фанлар" кафедраси катта ўқитувчиси.