ЁХУД ШАҲЗОДА БОБУРНИНГ УЧ КЕНТАРО САРГАРДОНЛИК СИТАМЛАРИ

(Охири. Аввали ўтган сонларда).

Фарғона мамлакатининг ёш шаҳзодасига ёвлашаётган фитнакор Самарқанд ҳукмдори Султон Маҳмуд Мирзога ҳам кейинчалик кўп ўтмай кучли касаллик ёпишиб, олти кунда, қирқ уч ёшида ҳаётдан кўз юмдирди. Унинг қисқа беш-олти ойгина давлат бошқаруви вақтида нафақат ҳоким ва бекларга, айни замонда валийлар ва валийзодаларга ҳам озор етказишни ҳаддан ошириб юборганидан амакисига тааллуқли битиклар орқали воқифланамиз: "Зулм ва фисққа кўп маш­ғул эди... Бад эътиқод киши эди. Ҳазрати Хожа Убайдуллоға истихфоф (камситиш, таҳқирлаш) қилур эди. Юраксиз киши эди. Ҳаёси камроқ эди. Бир неча масхара ва бебок теграсида бор эди. Девон бошида ва ҳалойиқ қошида зишт (хунук) ва шанеъ (ёмон) ҳаракатлар қилурлар эди. Бадкалом эди. Сўзини филҳол англаб бўлмас эди".

Ана шундай ғанимдан халос бўлгани билан, бошқа бирови тахтни эгаллайди. У Султон Маҳмуд Мирзонинг ўғли, амакиваччаси Бойсун­ғур Мирзо бўлиб, 18 ёшида Самар­қанд тахтига ўтиради. Ўзидан атига тўрт-беш ёш улуғ шаҳзодаги ҳавасланиб, кўнглидаги эзгу нияти янада жўш урган Бобур атрофига марду майдон йигитларни тўплашга астойдил уринади. Шу 1495 йили ҳамда 1496 йили ҳам Самарқанд сари лашкар тортиб борадию, ҳар икки юриши натижасиз якунланади. Бироқ, Самарқанддан бутунлай умидини узолмади. 1497 йилга ўтибгина омадли келди. Бобур етти ой Бойсунғур Мирзони қамалда тутди, кузда шаҳар атрофидаги кўплаб ерларни эгаллади, ниҳоят навбат Самарқанднинг ўзига келди. Бойсунғур Мирзо Туркис­тондаги Шайбонийхондан мадад кутди-ю, у яқинлашгач, Бобурга бас келолмаслигини тезда англаб етди. Ҳафа ҳолатда қўшинини яна Туркистонга тортди. Бойсунғур Мирзо Самарқандни ташлаб, Қундузга Хисравшоҳ ёнига қочди.

"Бойсунғур Мирзо чиққач бизга хабар келди. Хожа Дийдордин отланиб, Самарқандга мутаважжиҳ бўлдук. Йўлда акобир ва беклар ва йигитлар мутаоқиб (кетма-кет) истиқболга келдилар. Рабиулаввал ойининг авохирида келиб аркта Бўстонсароға туштум. Тенгри таоло инояти билан Самарқанд шаҳри ва вилояти муяссар ва мусаххар бўлди".

Етти ой қамалдаги шаҳардан ва шаҳарликлардан нима ҳам кутиш мумкин эди. Халқнинг аҳволи ночорлашган, озиқ-овқат танқислигидан одамлар қийналган ҳолатда бекларнию, навкарларни на хурсанд, на рози қилиб бўларди. Нав­карларнинг анчагинаси ранжиб, хафсаласи пир аҳволда Андижон ва Ахсига қайтиб юборади. Боз устига шаҳар аҳлини иқтисодий тангликдан тезда қутқаришнинг иложи йўқ эди. Самарқанд улкан пойтахт саналиб, унинг қўрғони 10 минг 600 қадам чиқарди. Бу ҳозирги ҳисобга кўра, 10 километрдан зиёд, деган гап. Шунга яраша кўплаб маҳаллаларда минг-минглаб ночор аҳоли яшарди. Ейиш тугул, ҳатто экишгаям дон топиш амри маҳол эди. Бобур қиш кираётган, совуқ тушган чоғда тахтга ўтиргани учун эл дастурхониниям, қўшин озиқ-овқатиниям етарли даражага келтириш мушкулоти бошидан аримади. Шунга қарамай, Бобур имкони борича ҳаракатга тушади. "Самар­қанд тахтига ўтиргач, Самарқанд бекларини бурунгудек ўқ риоят (ҳурмат) ва иноят қилдим. Бизинг била бўлғон бекларни ҳам фарохўри (муносиб) ҳолларига яраша тарбият ва шафқат қилдим. Султон Аҳмад Танбалнинг борасиға риоят кўпрак воқе бўлди. Ички беклар чаргасида (даврасида) эди, улуғ беклар чаргасида риоят қилдим".

Афсуски, Бобурнинг сийловларига сазоворланган баъзи беклар ҳам оғир ҳолатдан фойдаланиб қолиш илинжида уни ташлаб кетиб юборди, хиёнат йўлини танлади. "Бу фитналарни ангиз қилғучи, бундан қочиб борганларни ёмонлиққа тез қилғучи худ Узун Ҳасан ҳаромнамак экандур. Барчаси Султон Аҳмад Танбал борғон била зоҳир ва ошкора ёмонлиқ мақомида бўлдилар".

Шуниси маълумки, Бобур Са­мар­қандни олмоқ учун бир неча йилдан бери интиларди, қўшин тортарди. Тошкент тахтидаги тоғаси Султон Маҳмудхондан мадад ва кўмак бўмасди. Бироқ жияни Самар­қандни қўлга киритгач, Андижонга таъмагирлик қила бошлаганди. "Бу фурсаттаким аксар черик эли ва мўғуллар тамом қочиб Андижон, Ахсиға бордилар. Узун Ҳасан ва Танбал ул вилоятларни Жаҳонгир Мирзога тамаъ қилдилар". Бобур икки ўт орасида қолади. Андижон ва Ахси укаси Жаҳонгир Мирзога берилса, хон тоғаси билан кескин можаро туғилади. Юзма-юз бўлишга тўғри келади. Самарқандда минг­га яқин яхши-ёмон кишининг қолган эди, холос. У асло қараб турмади, чора излади. Отаси Умаршайх Мирзонинг ҳурматини қозонган, одамларга ўзиям меҳрини аямади. Мард ва омадёр Тўлун Хожага ишончи мустаҳкамлиги туфайли бекни элни насиҳати билан тинчитиб тўғри йўлга солиш учун жўнатади. Ачинарлиси, Тўлун Хожа бу вазифани бажаролмайди, йўлда келаётгандаёқ Узун Ҳасан ва Танбал томонидан ўлдирилади.

Энди нажот мураббийси Хожа Мавлонойи қозидан эди. Бу улуғ зот Хожа Аҳрорнинг тарбиясини олган, Бобурга раҳнамолик қилаётган валийлик мақомидаги шахс бўлган. Зарур ҳолатларда элчилик вазифасини ўтаган, муаммоли вазиятларни тинчлик билан ҳал этишга қодирлиги боис элда юксак обрў-эътибор қозонган. "Хожа қози ажиб киши эди. Қўрқмоқ анда асло йўқ эди. Онча далер, (мардона) киши кўрилган эмас".

Хожа Мавланойи Қози Самар­қанддан Андижон келган йигитлар билан биргаликда қалъани мустаҳкамлаш ва сақлаб туриш учун кеча-кундуз тинимсиз саъй-ҳаракатлар рағбат ёғдириб, 18.000 қўй улашган. Бу катта эҳсони туфайли қўр­ғонни қўлда бир муддат маҳкам ушлаб туришга эришгани шубҳасиз. Аммо, рақиб ғанимларининг қаҳру ғазаби ошса ошдики, пасаймади. Амалга, мол-мулкка беҳад ўчлик уларни ҳар қандай жирканч кирдикорлардан тап тортқизмади. Андижондан Самар­қанд­га келаётган хату хабарлар ўта таҳликали дамлардан воқиф этарди. улардан илтижо ва кўмакка умидланиш ҳисси фикрини уқиш мумкин эди: "Агар келиб фарёдимизға етмасангиз иш вубол (увол) бўлғусидир. Самарқанд Андижон кучи била олишиб эди. Агар Андижон кучи била олилиб эди. Агар Андижон иликта бўлса, яна тенгри рост келтурса, Самар­қандни иликласа бўлур". Мазкур мактубдаги фикрлар ҳақиқатнинг беинкор ифодаси эмасми. Ёш, аммо, ўта курашчан, ўта дов­юрак, жасур саркарда, энг эътиборлиси оқил ҳукмдорга беҳад ишонч ва умид изҳори эмасми. Худди шундай. У Самарқандни осонликча олмадию, қўлда сақлаб туриш ҳам осонликча бўлмаслигини ўша фурсатда англаб етганди. Бир ёнда Андижон, бир ёнда Самар­қанд турса, аввало, қайсини танлашини вақт, вазият ва куч-қудратга қараб ҳал қилиш зарурлигиниям сира-сира унутмасди. Ҳаёт - курашлардан иборат азалий жараён. Ҳаёт фақат ва фақат кучлиларга, адолатпарварларга, юрт нуфузини баланд кўтарувчиларга, эл ғаму ташвишини муттасил чекувчиларга музаффарликни насиб айлайди. Ҳаёт - умрини давлат қуришга, шу давлатда яшовчиларнинг бугуни ва эртаси учун астойдил қайғурувчиларга ҳайратона кучу қудрат бағишлайди. Мангуликка дахлдор оламшумул шону шавкат билан сийлайди. Балки улар кўп яшамас, балки улар не-не машаққатларни жонини гаровга қўйиб енгиб ўтар, охир-оқибат олий ниятларининг ижобат топиши бетакрор умрига хайрли якун ясайверади. Бобур ҳам бундай толедан бегона эмаслигини гарчи сезмагандиру, лекин ҳаловатга беҳаловатлик билан етиб келишни, қувончга ташвишлар бағрида мушаррафланишни, ғолиблик ғанимларга нисбатан зарби зўрликда қўлга киритилишини, эртанги ёруғ кун сабр - тоқат ортида пешвоз туришини яхши билган. Шунданми кўнглини зулмат қоплагандаям умид тарк этмаган. Инчунин, ўша 1498 йили ўн саккиз ёшли темурий ҳукмдор бошига қўнган омад қушининг омонатлигини пайқаб, чуқур изтиробга гирифторликдан азият чекса-да, ўзини йўқотмади. Ҳаттоки, оғир хасталикка сўз бермай, оёққа туради. "Ул фурсатта бир мартаба беҳузур бўлуб, яхши бўлуб эдим. Нақоҳат айёмини (касалдан янги тузалиб, парҳез очилмаган кунлар) ўбдон риоят қила олмадим, узулдим. Бу навбат ёмон беҳузур бўлдим. Андоқким, тўрт кунгача тилим тутулди, оғ­зим­ға пахта била сув томизурлар эрди. Менинг била қолғон бек ва бегот ва йигит - яланг менинг тирилмагимдин маъюс бўлуб, ҳар ким ўз фикрида бўлдилар. Ушмундоқ маҳалда Узун Ҳасаннинг навкарини ким, элчиликка келиб, паришон сўзлар келтуруб эди, беклар раъйда ғалат қилиб, мени кўрсатиб рухсат бердилар. Тўрт - беш кундан сўнг ул ҳолдин бир нима яхшироқ бўлдум. Вале тилимда калолат (тутилиш) қолди. Неча кундун сўнг ўз ҳолимға келдим".

Ахси ҳокими Узун Ҳасан барлос бекларидан эди. Аввал отаси Умаршайх Мирзонинг, кейин Бобурнинг хизматида юрган. Шаҳзода тахтга ўтиргач, унга ишонч билан қараган. У юқорида айтганимиздек, Султон Аҳмад Мирзо Андижонга юриш қилиб, Қувага етиб келганида Хожа Мавлонойи Қози билан Узун Ҳасанни ғанимга айланган амакиси ҳузурига элчиликка жўнатишни муносиб кўргани ҳам фикримизни тасдиқлайди. Вазифа муваффақиятли уддалангач, сулҳ келишувига эришилгач, мамлакатни ва қўшинни шакллантириш, катта ҳудудда тартиб ўрнатиш чоғида ота пойтахти - Ахсининг ҳокимлигини унга бежиз топширмаган. Дастлаб Узун Ҳасан ўз садоқатини намойиш ҳам этган. 1495 йили тахтни Бобурдан Жаҳонгирмирзога олиб бериш саъй-ҳаракатига тушган Ҳасан Яқубнинг фитнасини бартараф этишда жонбозлик кўрсатган.

Минг афсуски, одам оласи ичида бўлади. Кечаги дўст қиёфасидаги кимса, энди душманлик башарасини фош этиб қўяди. Самар­қандда хаста ётган Бобур эса бехабар эди. У ёстиқдан бош кўтаргач, ақлу ҳушини пешлаб, яқинларини Андижонда бенажот туришини сира-сира истамади.

"Чун оналаримдинким, онам ва онамнинг онаси Эсан Давлатбегим бўлғай, яна устод ва пиримдинким, Хожа Мавлонои қози бўлғай, бу навъ хатлар келиб, мундоқ эҳтимом била тилағайлар, не кўнгул била киши турғай".

Ана шу лаҳзаларда Бобурнинг тахтни эгаллаганига роса юз кун бўлган эди. У ражаб ойининг шанбасида Самарқанддан Андижон сари отланади. Бир ҳафтада Хўжандга етиб келади. Бетоб одамнинг соғайибоқ, ҳали тўла куч-қуввати тикланмай узоқ йўлга тушиши таажжубли. У вақтлар фақат отда ва яёв юрилганлигини назарда тутсак, Бобурнинг кўнгилчанлиги, яқинларига ўта меҳр-мурувватлилиги уни бир неча ҳафта чекилажак машаққатни писанд қилмасликка ундаган. Ўзида шунга яраша куч-қувват топа олганига ҳайратланмай иложимиз йўқ.

Андижондан кўнгли нотинч турган Бобурни янада серташвиш кунлар кутаётганди. Буни Хўжанддаёқ билади. "Ўшул куни Андижондин бир киши бу хабарни келтурдиким, етти кун мундин бурун ўшул шанбаким, биз Самарқанддин чиқибтурибоқ, ўшул шанба Али Дўст тағойи Андижон қалъасини мухолифларга берибтур. Тафсили будурким, Узун Ҳасаннинг навкариниким, менинг беҳузуримда манга кўрсатиб ижозат бердилар, мухолифлар Андижон қўрғонини қабағонда бориб дебтурким, подшоҳнинг тили тутулуб, эди, оғзиға пахта била сув томизадурлар эди. Ушбу таъриф қилғон йўсунлуқ бориб, Али Дўстнинг қошида онт ичиб айтибдур. Хакан дарвозасида Али Дўст эди. Бу сўздин бепой бўлуб, мухолифларни тилаб аҳд ва шарт қилиб, қалъани берди. Захирадин ва урушур кишидин ҳеч камлик йўқ эди. Ғояташ ул мунофиқи намакҳаром мардакнинг номарди эди. Бу мазкур бўлғон сўзларни ўзига баҳонаи рост қилди. Андижонни олғондин сўнг менинг Хўжандга келганимни эшитиб, Хожа Мавлонои қозини арк дарозасига беиззатона осиб шаҳид қилдилар". Андижон Аҳмад Танбал ва Узун Ҳасан томонидан эгаллангач, бу мудҳиш воқеа халқнинг кўз ўнгида содир этилганди. Бу жудолик Бобур учун қаттиқ зарба бўлди. Ахир унинг яқин кишиси - маънавий раҳнамосидан айришди.

Бу ёқда Самарқанд қўлдан чиқди, у ёқда Андижон, Ахси ҳам рақиблар ихтиёрида. Тахти йўқ шаҳзода - бахти йўқ шаҳзода, албатта. У аросатда қолди, боши қотди. Лекин зинҳор ва зинҳор тушкунликка берилмади.

Содиқ САЙҲУН.