Одам – олам ичра олам. Унинг тириклиги ҳам мўъжиза. Ахир атрофи ҳаётига, соғлиғига хавф солувчи кўпдан-кўп зиёнкорларга тўла. Лекин у барибир омонлигини сақлаб, узоқ умр кўришга эришаверади. Оламни билишга астойдил интилади, шу аснода ўзини англаш даражасига кўтарилаверади. Агар танимиздаги мувозанатни қанчалик ушлаб туролсак, шунчалик саломатлигимизга путур етишининг олдини олган бўламиз. Зеро, сиз билан биз ҳайрат уйғотувчи, тафаккур қилишга ундовчи сиру синоатлар қуршовида яшаймиз. Ана шу мўъжизавий ҳолатларни идроклашга уринамиз беихтиёр. Гўёки ҳайрат ичра ҳайратимизни қидирамиз гоҳ-гоҳ. Келинг, яхшиси, атрофимиздаги сиру синоатларни мушоҳадалашга диққатимизни қаратайлик.
ТОМЧИДА – УММОН ҚУДРАТИ
Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар ҳам бўладики, унинг тўхтаб бораётган юраги яна юришни канда қилмайди. Аниқроғи, томчи сув кифоя бунга. Нега ўчаётган умр шаъми тағин яллиғланиб, ёнаверади. Сув – жонбахш эпкинми? Сувнинг минг бир хосияти борми? Саволларга жавобни илм-фан беради. Фақат одам ва олам ҳақидаги китоблардан топилади жўяли жавоблар.
Сув аслида юксак қадрга муносиб неъмат. Афсуски, ҳали ҳануз унинг қимматини одамзод етарли баҳолашга лоқайд. Балки жаннатмонанд ўлкамизда сувнинг кўплиги (гўёки) туфайлидир. Ёки бепарволигу лоқайдликка ўрганиб қолганимиз оқибатидир. Нима бўлгандаям асли азалдан сув – инсоният, ҳайвонот ва наботот учун тириклик, манбаидир, унингсиз ҳаётни тасаввур этишнинг ўзи даҳшат эмасми?!
Истеъмол қилишдан ташқари кундалик турмушда фойдаланиладиган эҳтиёж буюмларини тозалаш учун сув керак бўлади. Унда кўзга кўринар-кўринмас барча микробларни йўқ қилиш билан бирга танага роҳат бағишловчи, чарчоқни тарқатувчи шифобахш хусусият мавжуд.
Билмизки, илмий-техника ғоят тараққий этган асримизга келиб, электр энергияси, турли газ каби унсурларнинг атроф-муҳитга тарқалган чиқинди зарралари ёпишиб, танамизнинг нафас олиши қийинлашади. Сув ўша зарарли нарсаларни ювиб турувчи, бадандаги статик электрни кетказувчи омил ҳамдир. Статик электр кўзга кўринмайди-ю, баъзан синтетик толадан тўқилган кийимларимизни ечганимизда ёки қўлимиз бошқа кишининг қўлига тегиб кетганида кичик ток уриши ҳодисаси рўй беради. Баъзан сочимиз сал бошқачароқ туради. Инсон ювинганда бадандаги бу электр кетади, танаси бўшашиб, енгиллик сезади. Ёғингарчиликдан сўнг ҳавонинг салқин ва оромбахш бўлишига ҳам статик электрдан тозаланганидир, албатта.
Хўш, сув ўзи нимадан ташкил топган? Бу саволга кимё фанидан хабари бор киши икки атом водород ва бир атом кислороддан, яъни H2Oдан иборат деб жавоб қайтаради. Аслида бу икки унсур бир-бири билан ўт-оловдек чиқишолмайди. Водороднинг кислород билан тўқнашувидан ёниш ҳосил бўлади ва даҳшатли портлаш юзага келади. Ана шу бир-бирига зид икки кимёвий моддани азалу абад бирлаштириб, уни ловуллаб ёниб турган ўтни ўчириш воситаси қилган табиатнинг қудрати, илму ҳикматига қойил қолмай иложимиз йўқ.
Сувни нафақат ҳаёт гарови, айни маҳалда покловчи восита ҳамдир. Ер юзида йил фасллари алмашинувига, табиатнинг янгиланишига, ёғингарчиликларнинг мавсумийлигига сабаб ҳам сув. Ҳолбуки, Ер куррасининг ҳар икки қутбида муз ҳолатига келтирилган сув заҳираларининг ўзи жуда катта мўъжиза. Бу музликларда йиғилган сув ҳажми шу қадар кўпки, мабодо эриб битгудек бўлса, ер юзида сув босмаган шапалоқдек жой ҳам қолмаслиги мумкин.
Юқоридагилардан хулоса шуки, сув – ҳаёт демак. Сув – поклик воситаси. Унинг қадрига етишимиз, ундан тежаб-тергаб фойдаланишимиз, унга тўғри муносабатда бўлишимиз шарт. Бебаҳо неъматни исроф қилиш, қадрига етмаслик инсоният учун охир оқибат бағоят қимматга тушади.
КЎЗГА КЎРИНМАС НЕЪМАТ
Биз ўз тириклигимиз ҳаво билан боғлиқ эканлигини кўпам хаёлимизга келтиравермаймиз. Ташналикка бир неча кунгача чидай оламиз. Ҳафталаб оч юрсак ҳам, умримиз битмаган бўлса, яшайверамиз. Аммо, ҳавосизликка бир-икки дақиқадан ортиқ чидолмаймиз. Чунки нафас олиш эҳтиёжимиз узлуксиздир. Аниғи – туғилгандан то ажалимиз етгунича нафас олиб чиқаришга мажбурмиз. Акс ҳолда...
Ҳаво ер юзининг ҳамма жойида бор. Азалдан ҳамма маҳлуқот учун бирдай зарур. Минг шукурларки, ҳаво зўрлар – ожизлардан, бойлар – қамбағаллардан тортиб оломайдиган ҳолатда яратилган. Тиниқлиги ҳам мўъзижавий: унга инсон эҳтиёжи учун нур ўтказиб туриш, кун ва туннинг алмашинувини билдириш, инсон кўзларига парда бўлмаслик хусусиятлари ато этилган.
Эътибор берингга, агар инсон умри давомида нафас олиш учун сарфлайдиган ҳавони елкасига юклаб қўйилса борми, у босқон остида қолган бир қумрсқа аҳволига тушар эди. Яхшиямки, ана шундай юкнинг оғирлиги инсон елкасини букмайдиган бир тарзда яратилган. Яна инсон бу ҳаёт манбаидан ўз ақли ва илми билан самога парвоз қилишда, кўкка кўтарилишда таянч сифатида фойдаланиб келмоқда.
Ҳавонинг ҳамиша янгиланиб турадиган, қиёматга қадар ҳам тугамайдиган тарзда пайдо қилгани янада ҳайратли. Шу мақсадда ўсимликларга жониворлар нафас чиқарганида ҳосил бўладиган карбонат газини ютиб, мўл-кўл кислород чиқаришга хосдир. Миллиард йиллар мобайнида яшил табиат шундай яшаб келмоқда.
Дарё ва денгизларнинг шовқини, қушлар сайраши, қўй-қўзиларнинг маъраши ва ҳоказолар ҳавода муайян таъсир остида ҳосил бўлган тебранишлар сабабали овозга айланади ва уни маълум масофага қадар ҳаво етказади. Инсоннинг бўғиз, оғиз ва бурун бўшлиғи, тил ва тишлари ёрдамида ҳосил бўлган товушлар ҳавода сўзларга, сўзлар эса яхлит нутққа айланади. Ва, албатта, ҳаво орқали қулоқларимизга етиб келади. Ўзи кўзга кўринмайдиган, аммо барча тирик мавжудотнинг ҳаёт гарови бўлган ҳаво неъматига шукр айтмоқни сира-сира унутмайлик!
С.ТОЖИБОЕВ тайёрлади.